Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Туркиядан писта экспорти ҳажми 158,25 миллион долларга етди. Бу бутун 2020 йилги экспорт кўрсаткичларидан 33 фоизга кўпдир. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги Жануби-Шарқий Анадолу экспортёрлари уюшмаси (GAIB) маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
2020 йилда Туркиядан хандон писта экспорти 118,92 миллион долларни ташкил қилган эди.
Шунингдек ўқинг: Жаҳон хандон писта бозори: Эроннинг рекордлари ва муаммолари, АҚШдаги муваффақиятли камҳосил йил
Жорий йилнинг 10 ойида мамлакат Канада, Мальта, Норвегия, Португалия, Марокаш, Япония, Ҳиндистон, Малайзия, Малдив ороллари, Куба, Россия каби жаҳоннинг 103 давлатига 15 минг 126 тонна хандон писта экспорт қилди.
Италия бу даврда Туркия хандон пистасининг етакчи импортёри бўлди. Бу давлатга хандон писта сотишдан тушган даромад 38,82 миллион доллар бўлса, Германия кўрсаткичи 27,59 миллион долларни, Исроилники эса 9,4 миллион долларни ташкил этган.
Шонлиурфа вилоятининг савдо биржаси бошқаруви раиси Меҳмет Кая Шонлиурфанинг Туркияда энг кўп хандон писта дарахтига эга эканлигини ва бу ҳудуд узоқ йиллардан бери хандон писта етиштиришда биринчи ўринни сақлаб қолаётганини айтди.
“2021 йилнинг 10 ойида хандон писта экспорти кўрсаткичлари ўтган йилги кўрсаткичлардан ошиб кетгани жуда қувонарли. Йил охиригача бу кўрсаткичлар янада юқори бўлишини кутмоқдамиз. Экспортнинг юқори кўрсаткичлари ҳам Туркия иқтисодиёти ривожи, ҳам савдо ҳажми ўсишида жуда муҳим”, деди Кая.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!