Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳон хандон писта бозори: Эроннинг рекордлари ва муаммолари, АҚШдаги муваффақиятли камҳосил йил
Долзарб Махсус Янгиликлар

Жаҳон хандон писта бозори: Эроннинг рекордлари ва муаммолари, АҚШдаги муваффақиятли камҳосил йил

EastFruit таҳлилчилари хабарига кўра, 2021/22 йилги мавсумда хандон пистанинг жаҳон бозоридаги юқори глобал талабни тўлиқ қондиришда маълум бир танқислиги кузатилади.

Дарҳақиқат, жаҳон хандон писта савдосида атиги икки давлат – АҚШ ва Эрон катта ҳажмга эга, улар иккиси бўлиб йилига  300-350 минг тонна хандон писта экспорт қилади. Хандон пистанинг мева бериш даврийлиги аниқ бўлгани учун  уни етиштириш ҳажми йилдан-йилга катта фарқ қилади. Бироқ, сўнгги пайтларда хандон пистанинг мева бериш даврийлиги омилига иқлим ўзгаришидан кўрилаётган зарар омили ҳам қўшилди.

“2021 йилда Эронда хандон писта ҳосили баҳорги аёздан шикастланиши ва ёздаги аномал юқори ҳарорат туфайли кескин камаяди. Бундан ташқари, етиштириш ҳажмининг пасайиши билан бир қаторда Эрон хандон пистасининг сифати билан боғлиқ муаммолар ҳам кутилмоқда, бу эса АҚШлик хандон писта экспортёрларига қўл келади, у ерда даврийликка қарамай, хандон пистанинг юқори ҳосилдорлиги кутилмоқда. Яъни, 2021 йилда АҚШда хандон писта ҳосили паст бўлиши кутилган эди, лекин, аслида, ўтган йилгидан у қадар паст бўлмайди. Шунга қарамай, АҚШда ҳам худди Эрондагидек хандон писта етиштириш камаяди, бу эса жаҳон бозоридаги хандон писта билан боғлиқ таклифлар камайишини англатади», дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Шунингдек ўқинг: АҚШ 2021 йилда хандон писта экспортини 40 фоизга оширади

Қизиғи шундаки, 2020/21 йиллар мавсуми хандон писта экспорти учун жаҳон рекорди даражасида бўлди. АҚШ ҳам, Эрон ҳам хандон пистадан юқори ҳосил олди, унинг сифати жуда яхши эди. Эрон хандон писта ассоциацияси маълумотларига кўра, 2020/21 йилги мавсумда жаҳондаги оғир логистик вазият ва мамлакатдаги макроиқтисодий ҳолатга қарамай, Эрон ҳукуматини валюта айирбошлашда сезиларли чекловлар қўйишга мажбур қилган хандон писта экспорти рекорд даражада бўлди ва 230 минг тоннага етди. Бундай юқори экспорт ҳажми ташкилотни 2020 йилда хандон писта етиштириш бўйича ҳисоб-китобларни 190 минг тоннадан 243 минг тоннагача кескин оширишга ундади. 2021 йилда эса ҳосил 150 минг тоннадан ошмаслиги кутилмоқда, бироқ ноябрь ойида йиғим-терим якунланганидан сўнг экспертлар ҳосил ҳисоб-китобларининг янада камайишини истисно этишмаяпти.

Турли манбаларга кўра, АҚШда 2021 йил хандон писта ҳосили ҳажми 2020 йилда уни етиштирувчилар йиғиб олган 477 минг тоннадан 400-430 минг тоннага камайиши мумкин.

Шундай қилиб, икки етакчи давлат ўтган йилга нисбатан 150 минг тонна кам хандон писта ҳосилини олади, бу эса хандон писта бўйича жаҳон экспортининг деярли ярмини ташкил этади.

АҚШнинг Калифорния штатида хандон писта қандай етиштирилишини EastFruitнинг ушбу видеосида томоша қилинг. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хандон писта етиштириш бўйича катта режалар мавжуд ва Грузияда 2021 йилдаёқ, тижорат плантацияларидан хандон пистанинг биринчи ҳосилини йиғиб олиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, Грузияда ҳатто хандон писта етиштирувчилар ассоциацияси ҳам мавжуд. Ушбу турдаги қуруқ мевани етиштириш бўйича тажрибалар Украина ва Молдовада ҳам ўтказилмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи бир ярим баробар ошди

EastFruit

Сирдарё вилоятида анорнинг энг яхши Озарбайжон навлари етиштирилади

EastFruit

Бу йил музлатилган резаворлар Украинага 200 миллион доллар даромад келтиради

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин