EastFruit мутахассислари Туркиядан Ўзбекистонга (ва аксинча йўналишда) янги темир йўл йўналиши очилганини хабар қилмоқда. 2022 йилнинг 3 декабрь куни “Туркия-Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон” йўналиши бўйича биринчи юк поезди Тошкентнинг Марказий темир йўл вокзалига етиб келди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг тегишли пресс-релизида қайд этилишича, умумий узунлиги 4500 кмдан ортиқ бўлган ушбу йўналиш катта ривожланиш салоҳиятига эга бўлиб, Ўзбекистон юкларини халқаро йўналишларда ташиш учун қўшимча йўналиш ҳисобланади. Ушбу кўрилаётган барча чора-тадбирлар минтақадаги мавжуд транспорт-коммуникация тармоқлари ва инфратузилмасидан самарали фойдаланишга, шунингдек, ташқи савдо юкларини асосий жаҳон ва минтақавий бозорларга ташиш учун вақт ва молиявий харажатларни сезиларли даражада камайтиришга имкон беради.
40 вагондан иборат биринчи юк поезди «Гумрух» станцияси (Туркиянинг Измир шаҳри)дан Ўзбекистонга маиший техника олиб келди. Келгусида мазкур йўналишда қўшимча 250 та вагондан фойдаланиш режалаштирилган.
Шунингдек ўқинг: Ноябрь ойида ҳам Покистон Ўзбекистон пиёзининг асосий харидорилигича бўлиб қолди
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги мева-сабзавот сегменти бўйича товар айирбошлаш ҳажмини ҳисобга олсак, ушбу йўналиш мева-сабзавотларни ташишда ҳам муваффақиятли қўлланиши ва шу орқали ушбу сегментдаги ўзаро савдо ҳажми ўсишига ҳисса қўшиши мумкин, дея қайд этмоқда EastFruit экспертлари.
“Туркия-Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон” янги темир йўл йўналишининг ишга туширилиши Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида ўтказилган янги транспорт транзит йўлакларини яратиш ва ривожлантириш бўйича эришилган келишувларнинг амалга оширилиши натижасидир. Мазкур саммит 2022 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳри (Ўзбекистон)да бўлиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, EastFruit 2022 йилнинг ноябрь ойида Туркманистон томонидан халқаро юк ташиш учун очилган назорат-ўтказиш пунктлари рўйхатини кенгайтиргани ҳақида ёзган эди. Эндиликда Ўзбекистон юк машиналари Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасида учта, Туркманистон ва Эрон чегарасида эса камида иккита назорат-ўтказиш пунктидан ўтиши мумкин. Шунингдек, ушбу чегара пунктлари рўйхатига Каспий денгизидаги “Туркманбоши халқаро денгиз пункти” ҳам киритилган бўлиб, у ўз навбатида, Ўзбекистондан Озарбайжонга, сўнгра Грузия ва Арманистонга ҳамда аксинча йўналишда, ушбу транспорт йўлаги бўйлаб юкларни қисқа муддатда етказиб бериш имкониятини яратади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!