EastFruit таҳлилчилари кўп йиллар кетма-кет Туркия ва Эроннинг жаҳон сархил олма бозори сари экспансиясига эътибор қаратишмоқда. Ва Туркия ҳамда Эрондан олма экспортининг ўсиши билан боғлиқ омил бизнинг 2021/22 йилги мураккаб мавсумга оид прогнозимиздаги асосий омиллардан бири бўлди. Буни биз #freshapplecrisis материалида ёзганмиз.
2020/21 йилги мавсумда (август-июль) Туркия олмаларининг экспорт ҳажми бирданига 47 фоизга ошди, яъни, қарийб бир ярим баробар ортиб, 298 минг тоннага етди. Ва сўнгги беш йил ичида Туркия олма экспортини 3,5 баравар, яъни, 185 минг тоннага оширди. Бошқача айтганда, сўнгги беш йил ичида Туркиядан биргина олма экспортининг ўсиши Молдовадан олма экспортининг ўртача йиллик ҳажмига тўғри келади!
2021/22 йилги янги мавсумда Туркиядан олма экспорти худди шундай юқори суръатлар билан ўсишда давом этмоқда! Хусусан, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида Туркия ташқи бозорларга 34,4 минг тонна олма экспорт қилди – бу мавсумнинг шу даврига нисбатан роппа-роса бир ярим баробар кўп!
“Мана, олти-етти йилдирки, жаҳонда сархил олма савдоси стагнация ҳолатида. Савдо ҳажми йилига деярли 1% га камайиб бормоқда. Бу шуни англатадики, ўз экспортини кўпайтирадиган мамлакатлар бошқа экспортёрларни бозордан «сиқиб чиқаради». Албатта, буларнинг бари олма нархига, айниқса, ўрта ва паст сифатли маҳсулотлар сегментига кучли босим ўтказади ва боғбонлар даромадига салбий таъсир кўрсатади. Бироқ Туркиянинг бу борада у қадар катта муаммоси йўққа ўхшайди. Қолаверса, соҳа вакиллари олма боғлари майдонлари янада ўсиши ва Туркия олмаси экспортининг ташқи бозорларга экспансияси билан боғлиқ режалар ҳақида хабар беришмоқда”, дейди БМТ қошидаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
Туркия ҳамда Эрон илгари Молдова ва Украиналик экспортёрлар у ёқда турсин, Европа Иттифоқидан олма экспортёрлари учун жиддий рақобатчи сифатида ҳам қабул қилинмаган. Бироқ, энди ушбу икки мамлакат тўғридан-тўғри жиддий рақобатчилардир ва уларнинг экспансияси Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамда Молдовадан олма экспортига таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, турк олмаси, ҳатто АҚШ олмаси билан рақобатлашяпти, айниқса, Ҳиндистон бозорида.
Ҳиндистон 2020/21 йилги мавсумда Туркиядан рекорд миқдорда – 68 минг тонна олма харид қилди. Ваҳоланки, ҳинд диёри азалдан АҚШнинг олма сотадиган асосий бозорлардан бири бўлиб келган. Энди Ҳиндистон Туркия олмаси учун биринчи рақамли бозорга айланди.
Шунингдек, ўтган мавсумда деярли 60 минг тонна Туркия олмасини импорт қилган Россия бозорида Туркиядан олма экспорти бўйича навбатдаги рекорд ўрнатилди! Бундан беш йил аввал Туркиядан Россия Федерациясига олма экспорти ҳажми 3 минг тоннадан ошмаган, яъни, етказиб бериш 20 баробар ошди! Айтганча, ўтган мавсумда Туркия Россияга олма экспортини 51 фоиз оширганида Молдова мева омборидаги барча олмаларни сота олмади, ваҳоланки, ҳосил сўнгги йилларда энг паст кўрсаткичлардан бири бўлган эди. Натижада, Туркия мавсум давомида Россия Федерациясига 20 минг тонна кўп олма сотган бўлса, Молдова 72 минг тоннага кам олма сотган.
“Молдова Россия Федерациясига олма экспорт қилишда логистик афзалликларга эга бўлишига қарамай, сифат менежменти ва навлар тўплами бўйича бу бозорда Туркияга рақобатда яққол ютқазмоқда. Россия олма бозори Туркия учун жуда кўп бозорлардан бири бўлгани боис, у юқори сифат талаблари ва халқаро миқёсда тан олинган навларга эътибор қаратади. Бу ҳам Россия бозорини таъминлашда ёрдам беради. Туркия, шунингдек, ўз маҳсулотлари маркетинги билан фаол шуғулланмоқда. Молдова учун эса Россия келгусида ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни сифат, ишлов бериш, қадоқ, истиқболли навлар ва ҳоказолар учун сармоя йўналтиришга ундамаган ягона савдо бозори бўлиб қолаверади”, дейди Андрий Ярмак.
Ҳиндистон ва Россиядан ташқари Туркия олмасининг энг муҳим бозорлари Яқин Шарқ мамлакатларидир. Ва бу ерда Туркия олмаси бевосита Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамда Украина олмалари билан тўқнашади. Тўғри, Яқин Шарқда сўнгги пайтлар Сурия, Ироқ ва Ливия каби даромади паст мамлакатларга Туркия олмаларини етказиб беришнинг кўпайиш тенденцияси кузатилмоқда. БАА, Саудия Арабистони ва Қувайт каби «бой» мамлакатларга эса 2020/21 йилги мавсумда олма етказиб бериш камайган.
Малайзия ҳам охирги йилларда Туркия олмалари учун муҳим савдо бозорига айланди. Ўтган мавсумда Туркиядан Малайзияга олма экспорти 66 фоизга ўсди. Ўтган йиллардаги етказиб беришлар тенг суръатларда ўсди. Эслатиб ўтамиз, Малайзия Украина учун ҳам олманинг энг муҳим экспорт бозорларидан бири ҳисобланади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!