Aнъанага кўра, Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, асосан, Россия ва Қозоғистонга жўнатилади. Бу мамлакатлар энг жозибали бозор бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Aммо бу бозорларда Тожикистон, кўпинча, логистика машаққатлари ва етказиб бериш ҳажми камлиги туфайли бошқа етказиб берувчилар билан рақобатда ютқазади.
Тожикистон бугун Туркия, Ироқ, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатлар бозорларини эгаллай бошламоқда.
Ҳажм ҳозирча кичик, экспортёрларнинг айтишича, етказиб бериш экспериментал характерга эга, бироқ жиддий шартномалар ҳам мавжуд.
Хитой бозори – тубсиз денгиз
Ҳозирги вақтда Хитой ва Ҳиндистон мева-сабзавот экспорти бўйича Тожикистон учун истиқболли бозорлардан бири ҳисобланади.
Aввалроқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси вакиллари бу хусусда гапиришган эди. Бугун Экспорт агентлиги мутахассислари ҳам ушбу бозорларга эътибор қарата бошлади.
EastFruit портали мутахассислари Хитой бозорининг эгалланишини чуқур ўрганишди. Демак, уларнинг маълумотларига кўра, Хитой гилос, узум, олхўри ва ўрик, яъни Тожикистон етиштира оладиган меваларни импорт қилади.
Хитойнинг бу меваларга нисбатан импорт талаби 2030 йилга келиб, 1,8 миллиард долларгача ошиши кутилмоқда ва уларнинг умумий импорт салоҳияти 2,7 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Экспорт рақобатбардошлиги таҳлили ва «Азия-Плюс» экспертлари билан бўлиб ўтган интерьвью натижалари шуни кўрсатдики, ўрик, олхўри ва узум Тожикистондан Хитойга етказиб бериш учун энг катта экспорт потенциалига эга.
Хитойда жон бошига 53 грамм ўрик етиштирилади, Тожикистонда эса бу кўрсаткич 100 баробар кўп: 5 кг дан ортиқни ташкил этади. Қирғизистонда тахминан шундай кўрсаткич, Ўзбекистон ҳамда Туркманистон бу йўналишда Тожикистондан олдинда: мазкур мамлакатларда аҳоли жон бошига мос равишда 18 ва 9 кг ўрик етиштирилади.
Хитой жуда кам гилос етиштиради, шунинг учун бу мевага талаб катта. Шунингдек, Хитой узум етиштириш бўйича жаҳонда биринчи ўринда туришига қарамай, у ерда сархил хўраки узумга талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Бундан ташқари, мутахассисларнинг фикрига кўра, Хитой катта миқдорда грек ёнғоғи, қуруқ мевалар, қуритилган ва янги узилган олхўри, шунингдек, бошқа сархил мева ҳамда резаворлар етказиб берилишидан манфаатдор.
Энг муҳими, Хитойда Россия ва Қозоғистонга қараганда кўпроқ ҳақ тўланади.
2021 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида Тожикистон 20 миллион долларлик 106 минг тоннадан ортиқ сабзавот ва мева экспорт қилди. Республикадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 50% дан ортиғи Хитой, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Aфғонистон, Бельгия, Тожикистонга жўнатилди. Бу хусусда Экспорт агентлиги хабар берди.
Хитой бозорига қандай кириш мумкин?
Бироқ, Хитой бозорида пул топиш учун қилинадиган ишлар кўп.
EastFruit маслаҳатчиси, тожикистонлик мутахассис Бахтиёр Aбдувоҳидов Хитой бозорини эгаллашда эътиборга олиниши керак бўлган 4 омилни қайд этди:
Биринчидан, Хитой бозорлари экспортёр- мамлакатлардан барқарор сифат ва катта ҳажмда сархил мевалар етказиб берилишини талаб этади;
Иккинчидан, Хитойда қабул қилинган озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларига риоя этилишини таъминлаш учун сифатни назорат қилишнинг замонавий тизимлари, яхши ишлайдиган логистика схемалари мавжуд бўлиши, маҳсулот ишлаб чиқариш вақтида ҳам, кейинги босқичларда ҳам қатъий талабларга риоя этилиши керак. Шундагина Хитой бозорига кириш мумкин;
Учинчидан, Хитой мева бозорларининг тарқоқлиги ва рақобатбардош тузилмаси жойлардаги хитойлик шериклар билан доимий алоқада бўлишни талаб қилади;
Тўртинчидан, хитойлик истеъмолчилар чиройли қадоқ ва таниқли бренд остидаги маҳсулотларни қадрлашади.
Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Тожикистонда мева етиштирувчиларнинг кўпчилиги молиявий, ахборот-таълим ресурсларидан фойдаланиш имконияти чекланган кичик фермерлардир.
Шунингдек ўқинг: Тожикистон МДҲ давлатлари орасида Россияга қуруқ мева етказиб берувчи энг йирик экспортёр бўлиб қолмоқда
Натижада, улардаги ишлаб чиқариш ҳажми чекланган ва маҳсулот сифати беқарор.
Шундай қилиб, Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари (Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон)дан агроозиқ-овқат маҳсулотлари экспортининг умумий гуруҳи бўйича ҳам, мева етказиб бериш бўйича ҳам улуши оз.
Хитой бозорида импорт қилинган сархил мевалар, айниқса, гилос ва олхўри етказиб беришда Чили ҳамда AҚШ устунлик қилади.
Ўтган йили Гуанчжоу шаҳридаги Цзяннань бозорида AҚШдан келган эртаги гилос нархи бир килограмм учун 18 долларгача етди. Aвгуст ойида у деярли 30% га, энг паст даражага тушиб кетди, шундан сўнг йил охиригача ўсишда давом этди.
Сўнгра Хитой бозорига Чилидан гилос (1 килограмми 13-15 доллардан) кириб борди. Маҳсулот етказиб бериш учун улар денгиз йўлидан фойдаланади.
Ҳиндистон бозорига чиқиш мушкул иш
Ҳиндистон бозори бугунги кунда, асосан, Туркия, Эрон ва Мисрдан келтирилган сархил мева (анор, олма, шафтоли, узум)лар ва қуруқ мева (майиз, қуритилган ўрик, олхўри)лар билан таъминланган. Ҳиндистонга етказиб беришдаги асосий муаммо – логистика.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Тожикистондан Хитой ва Ҳиндистонга мева- сабзавотларнинг мунтазам етказиб берилиши учун ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар қаторида ишлаб чиқариш ҳажми чеклангани ва мева етиштиришнинг майдатоварлилиги туфайли катта партиялар ҳосил бўлишидаги қийинчиликларни санаш мумкин;
– совуқлик занжири ва сақлаш тизими, шу жумладан, фермер хўжаликлари ривожининг заиф даражаси;
-давлат даражасида озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаш ва сифатини таъминлашга эришиш қийин ва хизматлар қиммат;
– қишлоқ хўжалигида логистика ривожланмаган; экспорт ва бошқа муаммолар билан боғлиқ оғир маъмурий тартиблар мавжуд.
Халқаро бозорларда рақобатбардош бўлиш учун тожик мева -сабзавотларининг афзалликлари қуйидагилардир: маҳсулотнинг эрта пишиб етилиши, ишчи кучи ва электр нархи нисбатан арзонлиги, қулай иқлим шароити, қуёшли кунлар кўплиги.
Буни Тожикистон Экспорт агентлиги директори Шавкат Бобозода ҳам қайд этди. Унинг сўзларига кўра, экспортни кўпайтириш учун уч муаммони ҳал қилиш керак:
– экспортёрни рағбатлантириш;
– экспорт маҳсулотларини диверсификациялаш;
– товарларни хорижга юбориш тартибини соддалаштириш.
“Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзига хос афзалликлари бор: биринчи навбатда, улар экологик тоза. Иккинчидан, бизнинг сабзавот ва мевалар эрта пишади ва бундан унумли фойдаланиш керак ”, дейди у.
Aгентлик директорининг айтишича, Тожикистон ўз маҳсулотларини Хитойга экспорт қилиш учун у ердаги ва бошқа Осиё мамлакатларидаги бозорларни ўргана бошлаган. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда пиёз, эртаги сархил сабзавотлар, мевалар ва қуруқ меваларга қизиқиш катта.
Ўзбекистон Хитой ва Ҳиндистон бозорларига аллақачон кириб борган
Ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари орасида ўз маҳсулотларини экспорт қилиш учун тайёр бўлган Ўзбекистон Хитой ва Ҳиндистонга нафақат мевалар ва эртаги сабзавотлар, балки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, ловия, мош, мойли экинларни ҳам етказиб беришни йўлга қўйди.
Хитой бозорида энг машҳур ва кенг тарқалган дуккакли ўсимликлар – соя, яшил мош, ловия, ясмиқ, нўхат, бўрилуккак, ҳашаки дуккаклилар ва ерёнғоқдир. Хусусан, мош ҳар бир хитойликнинг рационидан жой олган.
Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон элчихонаси Хитой бозорида мошни фаол «ҳаракатлантирмоқда». Икки мамлакат ўртасида Ўзбекистондан Хитойга мошни экспорт қилиш учун фитосанитария талаблари тўғрисидаги Баёнот имзоланган. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси билан ҳамкорликда Пекинда тайёрланган.
Ўзбекистондан Ҳиндистон бозорига сархил мевалар етказиб бериш жорий йилнинг июнь ойида бошланди. Деҳли улгуржи савдо марказларига Ўзбекистоннинг гилос ва ўриклари кириб борди.
Бу йил ҳиндистонлик ҳамкорлар Ўзбекистондан бошқа турдаги мева -сабзавот ва қуруқ меваларни ҳам импорт қилишни режалаштирмоқда.
Экспертлар маслаҳатига кўра, Тожикистон қўшниларидан қолишмаслиги ва бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ ҳақ тўлайдиган Хитой ва Ҳиндистонга маҳсулот экспорти ҳажмини ошириш учун юқорида айтиб ўтилган муаммоларни зудлик билан ҳал қилиши керак.
Тахминан 2,8 миллиард кишини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга мажбур бўлган бу икки давлат ҳар доим ўз савдо нуқталарини йирик ҳажмдаги мавсумий маҳсулотлар билан таъминлаши лозим. Жаҳон мамлакатларининг деярли ярми бу имкониятдан фойдаланмоқда.
Буёғи энди Тожикистонга боғлиқ.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!