Бош саҳифаЯнгиликларТарвуз атрофидаги шов-шувлар Ўзбекистонда унинг ички савдосини кескин камайтириши мумкин
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Тарвуз атрофидаги шов-шувлар Ўзбекистонда унинг ички савдосини кескин камайтириши мумкин

EastFruit экспертларининг фикрича, Ўзбекистонда тарвуз нитратлар ҳақидаги совет давридан қолган асоссиз шов-шувларнинг  қурбонига айланиши мумкин. Ва ўлимга олиб келувчи заҳарланиш ҳақидаги қўрқинчли хабарлардан сўнг унинг ички бозордаги истеъмол ҳажми кескин камайиб кетиши эҳтимоли баланд.

Наманган вилояти Норин туманида эр-хотиннинг вафоти ҳақидаги хабар жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Ушбу ҳудудда яшовчи кекса эр-хотин тахмин қилинишича тарвуздан заҳарланиб вафот этди, уларнинг икки қизи ва икки набираси шифохонага ётқизилди, дея хабар берди “Gazeta.uz” 2022 йилнинг 15 август куни чоп этилган мақолада.

Эр-хотиннинг ўлимига сабаб бўлган заҳарланиш ва барча бир овоздан бунга тарвуз сабаб деяётгани Ўзбекистонда айни пайтда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир. Жамоатчилик суд-тиббий экспертизасининг якуний хулосаси ва тергов органларининг текширув натижаларини кутмасдан, фермерларнинг полиз ва сабзавот етиштиришда минерал ўғитлар ҳамда ўсимликларни ҳимояловчи воситалардан фойдаланиши масаласини қизғин муҳокама қилмоқда. Тўғрироғи, бу экинларни етиштиришда кимёвий моддаларни ҳаддан зиёд қўллаш, турли янги дори воситаларидан билиб-билмай фойдаланиш, шунингдек, улардан фойдаланишни назорат қилиш борасидаги стандартларни ўрнатиш зарурати ҳақида бугун кўпчилик фикр билдирмоқда.

Табиийки, аҳолининг фикрига кўра, кимёвий моддаларни қўллаш тарвуз таркибида нитратлар кўпайишига олиб келади. Хусусан, 2022 йилнинг 15 август куни Теlegram-каналлардан бирида видео эълон қилинди ва унда шундай дейилади: “Биз янги тарвуз сотиб олдик ва унда нитратлар миқдорини текшириб кўрамиз – кўрсаткич 320 (меъёр 60 бўлиши керак). Биз уни чиқиндига ташлаймиз!”

Шу билан бирга, эслатиб ўтиш жоизки, энг фойдали сабзавотлар, хусусан, исмалоқ, руккола, майданоз ва салат баргида, шунингдек, жуда фойдали ҳисобланган турп ва лавлаги каби сабзавотларда нитратларнинг меъёрий миқдори тарвузга нисбатан бир неча баробар юқори. Мева ва резаворлар, одатда, сабзавотларга қараганда анча кам «нитратли»дир.

Шу боис, тарвузни заҳарланишда асосий омил сифатида кўрсатишдан аввал шуни айтмоқчимизки, тарвуз, шунингдек, бошқа меваларда нитратлар миқдори фақат собиқ СССР таркибига кирган мамлакатлардагина чекланган. Жаҳоннинг бошқа мамлакатларида негадир мевалардаги нитратлардан заҳарланиш қайд этилмайди.  «Нитратлардан заҳарланиш» белгилари ичак таёқчаси билан заҳарланиш белгилари билан деярли бир хил. Дарвоқе, ичак таёқчаси кўп ҳолларда ўлимга олиб келади.

Бу ҳақида ўтган йилги “Нитратлар фойдали, нитрат ўлчагич ва экотестерлар харидига харажат қилиш – пулни ҳавога совуриш демакдир!” деб номланган мақоламизда ўқишингиз мумкин.

Бироқ, биз биламизки, ҳеч кимни ишонтира олмаймиз, чунки кўп ҳолларда жамоатчилик сенсация ва илмий далилларга асосланмаган шов-шувларга ишонишга кўпроқ мойил. Шунинг учун биз тарвуз бозори учун реал  оқибатларга эътибор қаратамиз.

Аслида, буларнинг бари яқин вақт ичида нафақат тарвуз, балки қовун савдоси ҳажмига ҳам  таъсир қилиши ёки аллақачон таъсир қилиб бўлганини тасаввур этиш қийин эмас! Чунки, ҳодисанинг асл сабаби аниқланмагунча (асл сабабни аниқлаш деярли имконсиз, чунки заҳарланиш симптомлари, юқорида айтиб ўтганимиздек, ичак таёқчаси билан деярли бир хил), мамлакатнинг кўплаб аҳолиси бу маҳсулотни истеъмол қилишда давом этиши даргумон. Шундай қилиб, катта эҳтимол билан биз яқин келажакда тарвуз ва эҳтимол, қовуннинг ҳам ички савдоси камайишини ва натижада ушбу маҳсулотлар учун нархлар сезиларли даражада пасайишини тахмин қилишимиз мумкин. Шу билан бирга, экспортга кўпроқ маҳсулот йўналтириш мумкин бўлади, аммо бунда ҳам муаммо бор — полиз маҳсулотларининг анъанавий бозорлари ҳозир яхши ҳолатда эмас ва харидлар ҳажми кескин ошиши даргумон, айниқса, логистика нархи кескин ошгани ҳисобга олинса.

Умуман олганда, ёзда тарвуз каби муҳим ва фойдали маҳсулотни асоссиз “айблаш” истеъмолчиларга ҳам, фермерларга ҳам фойда келтирмайди. Фермерлар эса бунинг ортидан катта йўқотишларга дуч келиши мумкин.

Асоссиз миш-мишлар мутлақо беайб маҳсулотларни обрўсизлантиришга олиб келгани билан боғлиқ кўплаб мисоллар мавжуд. Масалан, минтақада коронавирус тарқалишига айбдор қилинган бананни олайлик. Тўғри, бу борада аксинча мисоллар ҳам бор, яъни, маҳсулот нархи кескин кўтарилган, унинг мўъжизавий хусусиятлари ҳақида гапирилган пайтлар ҳам бўлган ва бу ҳам мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайдиган гаплардир.

Бизнингча, истеъмолчилар ҳар қандай озиқ-овқатни ейишдан аввал қўлни совун билан яхшилаб ювиш одатини канда қилмасликлари керак, қолаверса, тарвузни ҳам сўйишдан аввал яхшилаб ювишни унутманг! Бу, айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида жуда муҳимдир!

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистондан анор қаерга ва қачон экспорт қилинса, кўпроқ даромад олиш мумкин?

EastFruit

Ўзбекистонда заъфарон плантациялари кўпаймоқда

EastFruit

Ўзбекистон Европа Иттифоқига саримсоқ экспортини кўпайтирадими?

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин