Бош саҳифаЯнгиликларСабзавот ва мевалар Ўзбекистонда йил давомида анча қимматлашди – сабаблар ва истиқболни таҳлил қиламиз
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Сабзавот ва мевалар Ўзбекистонда йил давомида анча қимматлашди – сабаблар ва истиқболни таҳлил қиламиз

EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, Ўзбекистонда мева-сабзавотларнинг асосий тўплами йил давомида бир ярим баробардан кўпроқ, аниқроғи 53 фоиз қимматлашган. Шу билан бирга, сабзавотлар нархи меваларникига қараганда анча тез ўсди. Шуни аввалдан айтиш жоизки, гап улгуржи нархлар ҳақида боради. Одатда, улар чакана нархларга нисбатан анча ўзгарувчан. Ушбу мақолада келгуси ойларда Ўзбекистондаги мева-сабзавот нархи ўсиши ёки пасайишининг сабаблари ва истиқболлари таҳлил қилинади.

Сабзавот савати, жумладан, картошкани ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистондаги 2021 йил, 15 октябрь нархларини 2020 йилнинг худди шу санаси нархлари билан таққосласак, йилига тахминан 85%га ошди. Шунингдек, мазкур саватнинг қиймати айни давр учун рекорд даражада юқори бўлди.

Картошка нархи билан боғлиқ вазият ҳаммасидан ҳам қизиқ. Нархлар ошаётган Шарқий Европа картошка бозоридаги кризис вазиятга қарамай, Ўзбекистонда нархлар ўтган йилдагидек. Россия бозоридаги вазият Ўзбекистон учун айниқса, аҳамиятли, чунки, айнан Россия Ўзбекистонга картошка етказиб берувчи асосий экспортёр саналади. Лекин у ердаги сабзавотлар бозорида ажиотаж ҳукм сурмоқда ва нархлар барча рекордларни янгилади. Шунга кўра, яқин келажакда бу омил Ўзбекистон бозорига ҳам таъсир кўрсатиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Катта ҳажмдаги импорт зарурати бўлганда мамлакатда картошка нархи ҳам кўтарила бошлайди.

Ўзбекистон бозорида картошкадан ташқари бошқа барча асосий сабзавот турлари ҳам қимматлашди. Сабзи нархи бошқаларга қараганда кўпроқ ошди – ўтган йилга нисбатан деярли 2,5  баробар. Мамлакатда кечки сабзи ҳосили йиғим-терими давом этаётганига қарамай, нархлар у қадар тез пасаймаяпти. Ўзбекистонда сабзи нархини сезиларли даражада пасайтириш мумкин бўлмайди ва Россия Федерациясида нарх ўсишда давом этмоқда. Балки, сабзи нархи юқори эканлигини ҳисобга олиб, ўзбекистонлик сабзавот етиштирувчилар ушбу сабзавот экиладиган майдонларни баҳорги  йиғим-терим учун кенгайтирар. Бироқ, баҳорги йиғим-терим бошланишидан аввал нархлар юқорилигича қолиши ва ҳатто янада кўтарилиши мумкин.

Яқинда Ўзбекистонда помидорнинг рекорд нархлари ҳақида ёзган эдик. Шу маънода айтмоқчимизки, нархлар ўсишда давом этиши ва истеъмолчилар учун ёқимсиз ҳолат юзага келиши эҳтимоли баланд.

Айтганча, ҳозир нархлари ўтган йилгидан атиги 11 фоиз юқори бўлган бодринг учун ҳам эҳтимол, нархнинг кескин ўсишини кутиш керак. Жаҳонда газ нархи ошиши, иссиқхона ишлаб чиқаришининг ҳамма жойда қисқариши, бошқа мамлакатлардан бодринг етказиб беришга талаб ўсиши ва қиммат логистика бошқа мамлакатларда ўзбек бодрингига нисбатан ҳам талаб кескин ошишига олиб келиши мумкин. Ва бу, ўз навбатида, ички бозорда нархлар қимматлашига сабаб бўлади.

Кўкатлар, биринчи навбатда, петрушка ва шивит нархи икки баробардан ошди. Бу ерда Ўзбекистон учун экспортни ривожлантириш борасида қулай вазият юзага келган. Бироқ, ички бозорда иссиқхона сабзавотлари билан бўлгани каби нархлар яқин ойларда юқори бўлиши мумкин. Бу кўкат етиштирувчилар учун яхши, истеъмолчилар учун эса ёмон хабардир.

Булғор қалампири ўтган йилга қараганда ўртача 87% қиммат. Қизиғи шундаки, қўшни Тожикистонда вазият аксинча – қалампир жуда арзон. Бироқ, икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ ҳозирча яхши ривожланмаган. Акс ҳолда, Ўзбекистон бу вазиятдан фойдаланиб, ички бозор учун Тожикистондан арзон қалампир олиб келар, ўз молларини Россияга экспорт қилишдан яхши даромад оларди. Бу борада ҳам нархлар истиқболлари бошқа иссиқхона сабзавотлари билан бир хил. Йилнинг совуқ даврида ҳам нархлар рекорд даражада бўлади.

Ўзбекистонда пиёз нархи ўтган йилгидан 27 фоиз қиммат. Бундан ташқари, Ўзбекистонда баҳорги пиёз йиғим-терими ўтган йилгидан юқори бўлиши мумкин. Россияда нархлар ҳозирча одатий даражада, шунинг учун пиёз билан боғлиқ вазият бошқа барча сабзавот турларига нисбатан энг бехавотир ва мувозанатли деб айтиш мумкин. Бироқ, бу позицияда ҳам кутилмаган ҳодисалар истисно қилинмайди, чунки, пиёз халқаро савдода сабзавотларнинг энг кенг тарқалган турларидан биридир. Масалан, Украина ва Грузияда пиёз нархи ўтган йилгидан анча юқори ва бу давлатлар импорт қилишни бошлаши мумкин. Бу дарҳол Ўзбекистондаги ички нархларга таъсир қилади.

Ўзбекистон мева савати йил давомида у қадар қимматлашмади – атиги 20 фоизга. Ва бу борада ўсишнинг асосий сабаби, нок нархи кескин кўтарилгани бўлиб, бунинг натижасида талаб жуда камайиб кетган. Ҳозир Ўзбекистонда нокнинг ўртача улгуржи нархи 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробар юқори ва нархни сезиларли даражада пасайтириш истиқболлари йўқ. Чунки, жаҳоннинг бошқа мамлакатларида нок нархи юқорилигича қолмоқда.

Мева саватидаги бошқа маҳсулотлар у қадар кескин кўтарилмади ва уларнинг вазияти анча яхши. Йил давомида нархлари тушиб кетганлари ҳам бўлди.

Ўзбекистонда хўраки узум арзонлашиб кетди, унинг нархи ўтган йилга қараганда ўртача тўртдан бир қисмга пастроқ бўлди. Биз бу ҳолатнинг сабабларини «Ўзбекистон узум навларининг рейтинги – тармоқ учун берилган баҳо» сарлавҳали мақолада тасвирлаб берган эдик. Кўриб турганингиздек, бизнинг хулосаларимиз ва прогнозларимиз амалда намоён бўлмоқда. Ишлаб чиқариш ўсиб боряпти ва ташқи бозорда бу узумга талаб камаймоқда. Аммо бу вазиятдан маҳаллий истеъмолчи мамнун бўлиши керак.

Импорт қилинган банан нархи ҳам шунча тез арзонлашган. Шубҳасиз, ўзбекистонлик истеъмолчилар кўпроқ банан сотиб ола бошлашди ва ўтган йилги локдаун қийинчиликларидан сўнг импортёрлар логистикани яхшилашди. Шундай қилиб, савдо самарадорлиги ошиши аниқ. Бироқ, яқин келажакда банан нархи ошиши мумкин, негаки, жаҳонда логистика муаммолари тобора кучайиб бормоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда импорт қилинган апельсиннинг улгуржи нархлари 10 фоиз арзонлашди. Сабаблар бананники билан бир хил. Лекин мандарин асосий етказиб берувчи мамлакатлардаги вазият туфайли қимматлашди.

Ўзбекистон қовуни 29 фоизга қимматлади. Нархларнинг юқори даражаси қовун экспорти ўсиши ва унга бўлган талаб ошиши билан изоҳланади. Бироқ, бу мавсумий маҳсулот энди истеъмолчи саватчасининг муҳим қисми эмас, шунинг учун унинг мева нархлари умумий ҳолатига таъсири камаяди.

Олма эса қишда маҳаллий истеъмолчилар учун энг муҳим мева. Нокдан бошқа барча меваларга нисбатан қимматлашди. Тўғри, бу маънода Ўзбекистон ноёб мамлакат, чунки, аксарият бошқа мамлакатларда олма нархи кескин тушиб кетди. Шунинг учун, ички бозорда олма нархи нисбатан юқори бўлишига қарамай, биз унинг қишки даврда сезиларли ўсишини кутмаймиз. Нега деганда, Хитойдан ёки Шарқий Европанинг Украина, Польша, Молдова каби мамлакатларидан уни ҳар доим арзон нархда харид қилса бўлади. Бизга ҳатто Молдовадан олманинг Ўзбекистонга биринчи партиялари юборилгани ҳақидаги хабарлар ҳам келмоқда. Ваҳоланки, одатда, бу мевани Ўзбекистон қишда импорт қилишни бошлайди.

Шубҳасиз, Ўзбекистонда мева-сабзавот секторининг кўплаб тоифадаги товарлари нархи кўтарилиши қиш мавсумида маҳаллий истеъмолчилар учун ёқимсиз ҳодисага айланиши мумкин. Лекин бу экспортни ривожлантириш учун яхши имконият бўлса ажаб эмас. Зеро, экспорт ўсиши ишлаб чиқариш ва сифат ошишига, демакки, келгуси йилдаёқ нархлар барқарорлашувига олиб келади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин