Ўзбекистон бутун жаҳон бўйлаб чакана савдо вакилларининг диққат марказида бўлишда давом этмоқда. EastFruit экспертларининг фикрига кўра, «дискаунтер» сегментида фаолият юритувчи Россиянинг икки тармоғи айни пайтда мамлакат чакана бозорига фаол киришга тайёрланмоқда: бири – «Светофор», иккинчиси – «Доброцен».
Мазкур тармоқлар Ўзбекистон бозорига кириши ҳақида расман эълон қилмаганига қарамай, «Светофор» ҳам, «Доброцен» ҳам Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарларида ишчи порталларига вакансиялар жойлаштириб, ходимлар қидира бошлаган. Россия дискаунтерлари бўлажак ходимларининг вазифалари сирасига дўконлар очиш, ижарачилар билан музокаралар олиб бориш ва чакана савдо тармоғини ривожлантириш киради.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдо бозорига Франциянинг Carrefour компанияси, Қозоғистоннинг Маgnum Cash&Cаrry компанияси, Havas, Asia.uz ва Baraka Market каби бир қатор хорижий, халқаро ва маҳаллий компаниялар кирган. Мавжуд дўконларнинг деярли барчаси экспансия билан боғлиқ режалари ва кўплаб янги дўконлар очиши ҳақида айтмоқда. Демак, Ўзбекистонда чакана савдо тармоғлари бозори ҳақиқий юксалишни бошдан кечиряпти. Уларнинг қай бири харидорларни жалб қилувчи асосий позиция – сабзавот ва меваларни сотишда пешқадам эканини бизнинг Ўзбекистон супермаркетларининг мева-сабзавот бўлинмалари бўйича аудитимизда кўришингиз мумкин.
Ўзбекистон чакана савдо бозорига кириб келаётган янги иштирокчилар ким ва уларнинг вакансиялари нималарни англатади?
«Светофор»
2021 йилнинг 14-17 октябрь кунлари «HeadHunter Ўзбекистон» сайтида «BIGRETAIL» МЧЖ томонидан 6 та вакансия – Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Наманган ва Термиз шаҳарларида «Ривожланиш бўйича директор» лавозимига, шунингдек, «АCTIVE RETAIL» МЧЖ компаниясидан Тошкент, Самарқанд ва Андижонда «Тижорий кўчмас мулк қидириш бўйича менежер» лавозимига 3 та бўш иш ўрни бўйича эълон берилган. «Узбекский ритейл» веб-сайтининг хабарига кўра, ҳар икки компания ҳам шу йилнинг июнь ва июль ойларида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган. Ушбу юридик шахсларнинг асосий эгалари Россиянинг «Светофор» чакана савдо тармоғи соҳибларидир.
«Ривожланиш бўйича директор»ларнинг вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланган: дўконлар очиш ва ривожлантириш; компания талабларига жавоб берадиган биноларни қидириш; техник ва ташкилий масалаларни ҳал қилишни ўз ичига олган дўконни ишга тушириш; кадрлар танлаш, уларни ўқитиш ва ҳудуддаги вазиятни таҳлил қилиш.
«Тижорий кўчмас мулк қидириш бўйича менежер»нинг вазифалари сирасига эса тармоқ дўконлари учун жой топиш, ижарага берувчилар билан музокаралар олиб бориш, «нолдан» чакана савдо дўконларини очиш, дўконнинг очилишини барча босқичда назорат қилиш, керакли лицензия ҳамда рухсатномалар олиш ва ҳоказолар киради.
«Светофор» чакана савдо тармоғи 2009 йил бошидан фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу тармоқнинг биринчи дўконлари Россиянинг Красноярск ва Ачинск шаҳарларида очилган. Орадан уч йил ўтгач, «Светофор» тармоғи 37 та дўконга эга бўлди. Аммо 2012 йилдан бошлаб ритейлер фаол равишда кенгая бошлади – кейинги уч йил ичида унинг 500 дан ортиқ дўконлари очилди. 2015 йилда «Светофор» дўконлари сони 550 тага етди.
2017 йилда компания бошқа мамлакатлар бозорига чиқди ва Беларусь, Қозоғистонда дўконлар очди. Ўша йили Россиянинг ўзида эса «Светофор»нинг дўконлари сони 1000 тадан ошди.
«Светофор» бир қатор мамлакатларга, биринчи навбатда, Европа Иттифоқи давлатларига Mere савдо белгиси билан кириб борди. 2018 йилдан 2021 йил бошига қадар Мerе дўконлари Руминия, Германия, Литва, Польша, Украина ва Сербияда очилди. 2021 йилнинг май ойида Россия ритейлери Буюк Британияда дўконлар очишни, шунингдек, Испания, Греция, Франция сингари бошқа Европа бозорларига киришни режалаштирган эди.
2021 йил бошида «Светофор» тармоғида 2 200 дан ортиқ операцион дўконлар бор эди.
Компаниянинг расмий веб-сайтида таъкидланишича, «Светофор» дўконлар тармоғининг асосий мақсади – аҳолини ҳудуддаги энг паст нархларда сотиладиган товарлар билан таъминлашдир. Дўконлар формати – қатъий дискаунтер, уларнинг ўртача майдони 1000 кв. м. Иш тамойили – ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, товарлар ассортименти озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат гуруҳларининг 2000 туридан ошмайди. Дўконлар тармоғи дизайни – савдо майдонининг минимал аскетик шакллантирилиши ва ташқи қиёфанинг жозибали кўринишидир. Тармоқнинг асосий рақобат устунлиги – бу ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри ишлаш, харажатларни қатъий назорат қилиш ва минимал савдо устама ҳақи туфайли бозорнинг ўртача нархидан тахминан 20% паст нархларда савдо қилишдир. Шу билан бирга, дўконнинг савдо зали бир вақтнинг ўзида маҳсулот омбори ҳам бўлиб, бу савдо майдонида хизмат кўрсатиш жараёнида вақтни тежаш ва биноларни ижарага олиш харажатларини камайтириш имконини беради.
Сабзавот ва меваларга келсак, бу позиция «Светофор»лар учун асосийси эмас. Дўконларда мева-сабзавотлар ассортименти, одатда, жуда тор ва нархлари қадоқланган маҳсулотларникидек эмас, Шу сабабли, бу тармоқ EastFruit чакана савдо аудитида юқори рейтингга эга бўлиши даргумон.
«Доброцен»
2021 йилнинг 11 октябрида «Узбекский ритейл» озиқ-овқат маҳсулотларини сотувчи яна бир дискаунтернинг Ўзбекистон бозорига кириш режасини эълон қилди. Россиянинг «Доброцен» дўкон-омборларининг чакана савдо тармоғи Ўзбекистондаги 11 шаҳар – Олмалиқ, Ангрен, Бухоро, Қарши, Наманган, Тошкент, Термиз, Урганч, Фарғона, Чирчиқ, Шаҳрисабзда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида эълон берди. Ритейлер, хусусан, агентлар ва кўчмас мулк бўйича менежерлар, савдо бўлими бошлиқлари, чакана савдони ривожлантириш бўйича директорларни қидирмоқда. Янги дўконлар учун мос келадиган кўчмас мулкларни топиш, ижарага берувчилар билан музокаралар олиб бориш, шартномалар тузиш, етказиб берувчилар билан ишлаш ва ҳоказолар уларнинг бўлажак вазифалари ҳисобланади.
«Доброцен» федерал чакана савдо тармоғи – нисбатан ёш, у ўзининг биринчи дўкони эшикларини 2016 йилнинг 6 августида Красноуфимск (Россия)да очган. Ва тез орада ўз экспансиясини бутун Россия бўйлаб тарқата бошлаган. 2020 йилнинг апрель ойи охирида тармоқ дўконлари сони 200 тага етди.
Бошқа мамлакатлар бозорига кириш ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирча Россиянинг «Доброцен» тармоғи чет элдаги атиги икки мамлакатда мавжуд: 2019 йили у ўзининг биринчи дўконини Беларусда, 2021 йилнинг апрель ойи охирида эса Қозоғистонда очди.
2021 йил май ҳолатига кўра, «Доброцен» тармоғида 350 та дўкон қайд этилган.
«Доброцен» чакана савдо тармоғининг ўзига хос хусусияти шундаки, у товарларни пештахталарда эмас, балки тўғридан-тўғри паллет (омбор тагликларида)ларда кўрсатиб, савдони зал ва омборга ажратмасдан дўкон-омбор форматида ишлайди. Бу катта захираларни тўғридан-тўғри залда сақлаш, ходимлар ва тижорат ускуналари сонини минималлаштириш ва шу орқали харидорлар учун нархни бошқа дўконларга нисбатан сезиларли даражада пасайтириш имконини беради. Ритейлер ассортиментига 1 200 дан ортиқ максимал паст нархдаги энг зарур юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик уй-рўзғор буюмлари киради.
Ҳар иккала тармоқ ҳам деярли бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон бозорига чиқишни режалаштирган ва улар бир хил форматда ишлайди. Бу усулда ишлаш мамлакат учун ўзига хос ва янгича бўлади.
Бундай форматнинг Ўзбекистонда келажаги борми-йўқми – жавоб бериш мушкул. Шунисига шубҳа йўқки, Ўзбекистонда аҳоли даромадлари даражаси унчалик юқори эмас ва бу ернинг аҳолиси пулни тежаш имконияти туғилганидан хурсанд бўлиши аниқ. Бироқ, озиқ-овқат етказиб берувчиларнинг маҳаллий бозори жуда ҳам хилма-хил эмас, унинг иштирокчилари кам, импорт божлари эса мамлакатда жуда юқори. Шу боис, Россия тармоқлари нархларни рақобатбардош даражага туширишга муваффақ бўла оладими-йўқми, буни фақат вақт кўрсатади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!