Бош саҳифаЯнгиликларРоссия Грузия мевалари учун энг йирик экспорт бозори бўлиб қолмоқда
Янгиликлар

Россия Грузия мевалари учун энг йирик экспорт бозори бўлиб қолмоқда

Россия ҳали ҳам Грузия меваларини сотиш бўйича асосий бозор ҳисобланади. Бизнес ва расмий тузилмалар вакилларининг фикрича, бунга сабаб – Россияда меваларни сотиб олиш нархи баландлигидир.

Натижада, бу грузиялик мева етиштирувчилар Россияга кўпроқ эътибор қаратишига олиб келади. Гарчи, экспортни диверсификациялаш ҳукуматнинг устувор вазифаларидан бири бўлса-да, шундай. Бу хусусда «Business Грузия» ёзмоқда.

Грузия қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Георгий Ханишвилининг сўзларига кўра, бу йил ноёб ҳодиса рўй берди – Грузия голубикаси Голландияга экспорт қилинди. Лекин бу босқичда етказиб бериш кўлами кенг эмас ва у Россия билан рақобатлаша олмайди.

«Европа бозорида мевалар Россияга қараганда арзонроқ ва бу Россия йўналишида экспорт ҳажмини ўсишининг асосий сабабига айланди. Aммо Европага ҳеч нима юборилмаяпти, деб айтиш тўғри эмас – ЕИ биз учун стратегик йўналишдир ва европалик шериклар меваларимизнинг юқори сифатига ишонч ҳосил қилишлари жуда муҳим. Бундан ташқари, маҳсулотларни брендлаш ва қадоқлаш катта аҳамиятга эга», дейди расмий.

Унинг сўзларига кўра, барча сифат стандартларига тўлиқ мос келадиган Грузия мевалари Европа бозорига аста-секин кўп миқдорда кириб боради. Бунинг учун анчагина саъй-ҳаракат зарур, жумладан, бу ҳаракатлар давлат томонидан ҳам амалга оширилиши керак. Хусусан, бугун махсус давлат дастурлари ёрдамида маҳсулотларни узоқ вақт сақлашга имкон берувчи йирик музлатгич қурилмалари барпо этилиши давом этмоқда.

«Бундан ташқари, биз ҳозир  меваларнинг янги навлари устида иш олиб боряпмиз, улар Европа бозорида рақобатдош бўла олади.  Охир-оқибат, вақт ўтиши билан Грузия мевалари ЕИда муносиб ўрин эгаллайди”,  дейди қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари.

Шуни қайд этиш жоизки, Россия Грузиядан мева экспорти йўналишлари борасида биринчи ўринни эгаллайди. Бу кўрсаткич анъанавий маҳсулотлар – олма, шафтоли, нектарин ва бошқаларга ҳам, мамлакатда  яқинда пайдо бўлган янги мевалар – масалан, голубикага ҳам дахлдордир.

Грузия Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, 2021 йил 1 майдан 18 июлга қадар Грузиядан 5,4 миллион долларлик 916 тонна голубика экспорт қилинган, шундан 841 тоннаси Россияда сотилган.

Экспортёр – Георгий  Гвиниашвилининг сўзларига кўра, бунга Россияда бир килограмм голубикани сотиб олиш нархи 6, 5-7 доллар эканлиги, Европада эса 5 доллардан ошмаслиги сабаб бўлган.

Бошқа мевалар экспорти борасида ҳам вазият худди шундай – хусусан, 1 майдан 9 августга қадар Грузия 25 900 тонна шафтоли ва нектаринни жами 23,4 миллион долларга экспорт қилди – миқдор жиҳатидан, экспорт 2020 йилга нисбатан 41%га ошди, қиймат жиҳатидан эса 51%га ўсган.

Шундан 16 915 тонна шафтоли ва нектарин Россияга, 7 688 тоннаси Арманистонга, 269 тоннаси Озарбайжонга, 119 тоннаси Беларусга экспорт қилинди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин