Бош саҳифаЯнгиликларҚирғизистонда пиёз экспортига қўйилган таъқиқ муддатидан аввал бекор қилинди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Қирғизистонда пиёз экспортига қўйилган таъқиқ муддатидан аввал бекор қилинди

Қирғизистон Марказий Осиёда пиёз экспортига қўйилган таъқиқни муддатидан аввал бекор қилган биринчи мамлакат бўлди. EastFruit экспертларининг қайд этишича, жорий йил январь ойи охирида ушбу мамлакат ҳукумати жорий этган пиёз экспортига вақтинчалик чеклов кутилган уч ой ўрнига бир ойдан сал кўпроқ вақт давомида амал қилди.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 мартдаги 111-сонли қарорига мувофиқ, 2023 йил 3 мартдан бошлаб, пиёз экспортига қўйилган вақтинчалик чеклов бекор қилинди”, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Facebook‘даги расмий хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан сўнг 2023 йилнинг январь ойи охирида Қирғизистон ҳам 2023 йилнинг 31 январидан 30 апрелига қадар пиёз экспортига вақтинчалик чеклов жорий қилган эди.  Бундай чора қабул қилинишига сабаб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий аҳамиятга молик озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, пиёзнинг барча турлари бўйича нархлар барқарорлигини таъминлаш  зарурлиги билан изоҳланди.

Бироқ, 2023 йил февраль ойининг иккинчи ярмида мамлакат ҳукумати пиёз экспортига қўйилган чекловни бекор қилишга тайёргарлик кўра бошлади — Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги республика Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқди, унда пиёз экспортига чекловларни олиб ташлаш кўзда тутилган эди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қирғизистонда пиёз етиштирувчи фуқаролар ва ташкилотлар талаблари бўйича юқори идорага мурожаат билан чиқди. Уларнинг фикрича, мамлакатда ички бозордаги талабни қондириш учун етарлича маҳсулот мавжуд.

Бугунги кунда Қирғизистон аҳолисининг пиёзга бўлган эҳтиёжи ойига 6 минг тоннани ташкил этади. Айни пайтда фермерларда 50 минг тоннага яқин захира мавжуд ва ушбу ҳажм, ўз навбатида, аҳолининг 2-2,5 ойлик эҳтиёжини бемалол қоплайди”, деб ёзди Ekonomist.kg.

Шундай қилиб, 2023 йилнинг январь ойи охирида жорий этилган Қирғизистондан пиёз экспорти бўйича чекловлар 2023 йилнинг 31 январидан 3 мартигача — кутилган уч ой ўрнига атиги 32 кун амал қилган. Бу мамлакат Марказий Осиёда биринчи бўлиб пиёз экспортига қўйилган вақтинчалик чекловни муддатидан аввал бекор қилди.

2023 йилнинг 9 февралида EastFruit нашри Қозоғистон фермерлари ҳукуматдан ички бозор учун зарур бўлган пиёз миқдорини ҳисоблаш ва ортиқчасини экспорт қилишга рухсат беришни сўрагани ҳақида ёзган эди. Улар ички бозорда пиёз етарли эканлиги, ортиқчаси эса чириб кетиши мумкинлигидан хавотирда эди. Бу муаммони ҳал қилиш учун фермерлар “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатасига мурожаат қилишган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин