EastFruit таҳлилчилари ҳозирда Польшада кузатилаётган жуда қизиқ жараёнга эътибор қаратдилар. Польша янги узилган олма экспорти бўйича баъзан ҳатто Хитойни ҳам ортда қолдирганча, дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири бўлишига қарамасдан, кейинги йилларда ушбу мамлакатда асосий эътибор олма экспортидан нок экспортига кўпроқ қаратилмоқда.
“Ўртача олганда, сўнгги беш йил мобайнида Польша нок экспортини йилига 23%га ёки деярли 13 минг тоннага ошириб борди. Айни даврда олма экспорти ҳар йили 4%га ёки 34 минг тоннадан камайган. Шу билан бирга, Польша ушбу мевани экспорт қилувчи дунёнинг етакчи ўнта мамлакати орасида нок экспортини энг тез суръатларда кўпайтирган давлат бўлди. Ноқулай об-ҳаво омили олмага ҳам, нокка ҳам бирдек салбий таъсир қилганлиги боис, уни эътиборга олмаса ҳам бўлади. Бундан нокка эътиборнинг кучайганлиги яққол кўриниб турибди”, дея изоҳ берди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) инвестиция департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
Нок экспортининг шиддат билан ўсиши сабабли 2020 йил якунлари бўйича Польша Италия ва Португалияни ортда қолдириб, дунёнинг етакчи экспортёрлари орасида 9-поғонага кўтарилиб олди. EastFruitнинг Польшадаги манбаларига таянган ҳолда прогноз қилишича, 2020/21 йиллар мавсумида ушбу мамлакат ўз тарихида илк бор 100 минг тоннадан зиёд нок экспорт қилиши мумкин. 5 йилгина аввал Польшадан нок экспорт қилиш ҳажми атиги 25 минг тоннани ташкил қилган эди!
Польшанинг мевалар экспорти таркибида тушум ҳажми бўйича нок айни пайтда олма, музлатилган реза мевалар ва янги узилган голубикадан кейин 4-ўринни эгаллаб турибди. Экспертларнинг тахмин қилишича, Польша нокининг экспортидан тушум ҳажми бундан буён фақат ўсиб боради.
Шуниси қизиқки, нок экспорт қилувчи дунёнинг етакчи ўнта мамлакати орасида фақат учтасигина экспорт ҳажмларини пасайтирмоқда. Қолган мамлакатлар эса ошириб боряпти. Нисбий катталикларда экспортни энг катта суръатларда кўпайтираётган мамлакат, Андрий Ярмак таъкидлаб ўтганидек, Польшадир. Бироқ, ҳозирча дунё бўйича 12-поғонадан жой олган Туркия ҳам шундай ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Олма бозоридаги муваффақиятларига қараб шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Туркия нок экспорти ҳажмларини оширишга ҳам фаол киришган. Ҳозир турк нокининг экспорти йилига 9 минг тоннадан ўсиб бормоқда.
Янги узилган нок экспортини АҚШ (йилига 8 минг тонна), Италия (йилига 11 минг тонна) ва Чили (йилига 5 минг тонна) камайтирмоқда. Хитой, Голландия, Аргентина ва Бельгия дунё рейтингининг етакчилари бўлиб турибди. Улар жами бўлиб йилига 1,5-1,6 млн. тонна атрофида сархил нок экспорт қилишади. Мазкур тўртта мамлакатга дунё экспортининг 58%и тўғри келади.
Бизнинг минтақа мамлакатлари орасида Марказий Осиё давлатлари томонидан нок экспорти ўсиб бораётганини қайд этиш лозим. Бироқ Россияга асосан Хитой ноки экспорт қилинмоқда, деган тахминлар мавжуд. Чунки айни пайтда Хитой ўз нокларини тўғридан-тўғри РФ бозорига етказиб бериш имкониятига эга эмас. Шунингдек, Озарбайжон ҳам каттагина экспорт ҳажмларини намоён этмоқда. Аммо бу ерда ҳам гап Эрон нокларини реэкспорт қилиш ҳақида бораётган бўлиши мумкин.
Молдова ва Украина, нок етиштириш ва экспорт қилиш учун яхши имкониятлар бўлишига қарамасдан, ҳозирча ушбу экинга алоҳида аҳамият қаратмаяпти. Тўғри, UApple бренди остида олий сифатли олмалари билан машҳур бўлган Украинанинг “Днепр боғлари” компанияси замонавий нок боғларини ташкил қилаётганини қайд этиш жоиз. Аммо Украина мазкур меваларнинг нетто-импортёри бўлганлиги боис ушбу компания илк босқичда нокни аввало ички бозорда сотишни режалаштирмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!