EastFruit мутахассисларининг хабарига кўра, покистонлик фермерлар қишки картошканинг янги ҳосилини йиғиб олишга киришишди. Сархил мева-сабзавотлар экспортёри – Syed Тrade Group компаниясидан Syed Muzzammil Shahнинг айтишича, бу йил қишки картошка йиғим-терими одатдагидан деярли бир ой аввал бошланди. Одатда, фермерлар картошкани январь ойида йиғиб олишни бошлайди, бироқ, бу йил об-ҳаво шароити ҳосилни эртароқ йиғиб олишга имкон берди.
Ҳозир компания Беларусь ва Россияда картошканинг биринчи партиялари учун харидорлар изламоқда ва бу йил Покистонда “қишки картошка” яхши ҳосил бергани ўзига хос тарзда нишонланмоқда. Дарвоқе, Покистоннинг иқлим шароити туфайли бу ерда картошка йилига икки марта – январь ва апрель-май ойларида йиғиб олинади. Покистонлик савдогар, шунингдек, бу йил Ўзбекистон кутилмаганда ушбу мамлакат картошкасининг энг йирик бозорига айланганини қайд этди. Syed Muzzammil Shahнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон сўнгги икки ой ичида Покистондан картошка импортини кескин оширган. Тўғри, бу апрель-май ойларида йиғиб олинган картошка ҳосили эди, у Ўзбекистонда сақлаш учун жойлаштирилди.
Ўз-ўзидан аёнки, Ўзбекистон қишда мамлакатни озиқ-овқат билан таъминлаш учун картошка захирасини яратишга ҳаракат қилган. Бироқ, бу йўл билан ўзбекистонлик импортёрлар ушбу маҳсулотни сақлаш вақтида йўқотиш хавфини ҳам ўз зиммаларига олишди. Картошка нархи келгусида фақат ўсишига барчанинг ишончи комил эди. Айниқса, Ўзбекистон назорат идораларининг Покистон ва Эрон картошкаларида карантин организмларини аниқлаш билан боғлиқ муаммолар фонида бу яна ҳам ишонарли прогноз бўлган.
Покистоннинг эртаги картошкаси Россия, Беларусь ва Ўзбекистонга етказиб берилса, ушбу маҳсулот ҳамёнбоп ва талабгир бўладими?
Бу саволга жавоб умуман аниқ эмас, ҳали. Покистонлик савдогарнинг шикоят қилишича, контейнерларда денгиз юклари нархи йил давомида 2,5-3,0 баравар кўтарилиб, 40 футлик контейнер учун 3000-4000 доллардан 7500-9000 долларгача ошган! Шунга кўра, Россияга картошка етказиб бериш нархининг ўзи 29-33 АҚШ центига етади ва ҳозирги пайтда EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, Россия Федерациясида картошка нархи кг учун тахминан 0,38 долларни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, Покистон учун Россия, Беларусь ва Ўзбекистон илгари картошка савдосининг устувор бозорлари бўлмаган, чунки, мамлакат асосан, Осиё ва Яқин Шарққа картошка экспорт қилади.
Шуниси эътиборлики, сўнгги олти ҳафта ичида Россияда картошка нархи 15%га пасайди. Беларусда картошка нархи барқарор бўлди ва у ҳозирги кунда Россиядагига нисбатан кг учун ўртача 2 АҚШ центига арзон.
Ўзбекистонга келсак, бу ерда ҳам сўнгги пайтларда нархларнинг пасайиш тенденцияси кузатилмоқда, яъни, бу ҳолат улкан импорт фонида эканлиги аниқ. Икки ҳафта ичида нарх пасайиши тахминан 10%ни ташкил этди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда картошка нархи ҳамон минтақадаги энг юқори кўрсаткичлигича қолмоқда ва кичик улгуржи партияларда 0,46 доллар/кг ни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, картошканинг энг паст улгуржи нархлари ҳозир Украинада. Бу ерда картошка улгуржи нархларда 0,17 доллар/кг дан сотилмоқда, яъни, Ўзбекистондагидан қарийб уч баробар, Беларусь ва Россиядан икки баробар арзонроқ. Тўғри, Украина картошкасининг Россия бозорига киришида тартибга солиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд, бу эса унинг нархини оширишга имкон бермайди.
Покистон энг йирик картошка экспортёрларидан биридир. Энг яхши йилларда мамлакатдан ушбу сабзавотнинг йиллик экспорт ҳажми деярли 700 минг тоннага етади. Бироқ, Покистон учун картошканинг асосий бозорлари, одатда, БАА, Афғонистон, Шри-Ланка, Қатар, Малайзия ва Уммон ҳисобланади. Сўнгги пайтларда Афғонистондаги воқеалар муносабати билан ушбу мамлакатда Покистон картошкасига бўлган талаб кескин камайди, бу Покистонга бўш қолган ҳажмларни Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига етказиб бериш имконини беради.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!