Бош саҳифаЯнгиликларПиёз нархи 1 кг учун 2 центгача тушди ва бу ҳозирча фақат Ҳиндистонда…
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Пиёз нархи 1 кг учун 2 центгача тушди ва бу ҳозирча фақат Ҳиндистонда…

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари мамлакатдаги пиёз етиштирувчилар ўз маҳсулотларининг улгуржи нархи 1 кг учун салкам 2 центгача тушиб кетгани сабаб, иш ташлашаётгани ҳақидаги хабарларга тўлиб кетди, дея хабар бермоқда EastFruit.

Вазият, айниқса, глобал пиёз инқирози фонида парадоксал кўриниш касб этган, чунки бу маҳсулот нархи Буюк Британиядан Филиппинга қадар Евроосиё бўйлаб рекордларни янгиламоқда.  Қолаверса, Ҳиндистон билан қўшни Покистонда пиёз нархи Ҳиндистон бозоридагидан ўн баробар юқори”, дейди “АПК-Информ: сабзавотлар ва мевалар” лойиҳасининг таҳлил йўналиши раҳбари Евгений Кузин.

Ҳиндистонлик фермерлар ўз маҳсулотларини трейдерларга сотадиган аукционлар 28 февраль куни фермерларнинг иш ташлашлари ва норозиликлари туфайли бир қанча шаҳарларда фалажланди, деб ёзмоқда Тhe Тimes of India. Иш ташлашга сабаб, мамлакатнинг айрим ҳудудларида пиёз етказиб бериш кескин ошгани туфайли нарх кескин тушиб кетганидир.

Шундай қилиб, беш кун ичида (яъни, февраль ойининг охирги шанбасидан бошлаб) Ласалгаон (Махараштра штати)даги аукционда пиёзнинг ўртача нархи чорак ҳиссага пасайиб, $0,06/кг гача тушди. Бундан ташқари, ассортиментнинг минимал чегараси $0,02/кг га етди, сифатли маҳсулот етиштирган фермер кутиши мумкин бўлган максимал қиймат эса атиги $0,10/кг ни ташкил этди.

Нархларнинг кескин тушиши сабаблари — ички бозорда тартибсиз характерда савдо олиб бориладиган мамлакатлар учун одатий ҳолдир. Авваламбор, бу қишлоқ хўжалиги бизнесидаги асосий омиллардан бири — об-ҳаво омили бўлиб, уни, кўпинча, фермерлар ҳар ерда унутади ва Ҳиндистон ҳам бундан мустасно эмас«, дейди Евгений Кузин.

Махараштра штатида ҳаво ҳарорати кескин ошиши, ўтган йилги ҳосилнинг сотилмаган ҳажмлари бозорда бўлган даврда бу йилги пиёз ҳосили тез пишишига олиб келди. Бундан ташқари, жазирама ҳаво йиғиб олинган ҳосил сифатига жиддий таъсир кўрсатди ва зарур сақлаш жойлари йўқлиги сабаб фермерлар маҳаллий бозорни пиёз билан тўлдириб юборди.

Шундай қилиб, Hindustan Times газетасининг ёзишича, Нашик тумани (Махараштра штати)даги ким ошди савдосида декабрь ойидан февраль ойи охирига қадар пиёз етказиб бериш кунига 1,5 минг тоннадан 3 минг тоннагача — икки баробар ошган. Натижада, нархлар шу қадар пасайиб кетдики, кўплаб фермерлар ўз маҳсулотларини аукционга олиб бориш харажатларини ҳам қоплай олмай, шунчаки ташлаб кетишни афзал кўришмоқда (яқинда Ҳиндистонда тарқалган Тwitter’даги видеога қаранг).

The Times of India нашрининг бошқа материалида тасвирланган мисол ҳам шундан далолат беради. Маҳаллий фермер 512 кг пиёзни маҳаллий кимошди савдосида сотиш учун 70 км йўл босиб ўтди. Ким ошди савдосида харидор ушбу ҳажм учун 512 ҳинд рупийси (6,21 доллар) тўлаган, яъни, 1 кг маҳсулот нархи 1 рупий (0,01 доллардан бироз кўпроқ)ни ташкил этди. Бундан ташқари, фермер ушбу даромадидан 509,50 рупий (6,17 АҚШ доллари)ни транспортировка ва юклаш харажатлари учун тўлаган. Шундай қилиб, фермер ўзининг барча 512 кг маҳсулоти учун 2,5 рупий, яъни, тахминан 4 цент фойда олди. Шу билан бирга, фермер ўзининг 2,5 рупий фойдасини фақат 15 кундан кейингина харидор берган чекни нақдлаштиргач олиши мумкин бўлади.

«Ҳиндистондаги пиёз билан боғлиқ мавжуд вазият юқори нархлар фонида пиёз экиладиган майдонларни тизимсиз равишда кескин кенгайиши натижасининг ёрқин мисоли бўла олади. Маҳаллий экспертлар фикрича, сўнгги уч йил ичида Ҳиндистонда пиёз экиладиган майдонлар 20 фоизга ўсган, лекин, инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, сақлаш ва экспорт шароитлари айни суръатда эмас. Буларнинг барига об-ҳавонинг олдиндан айтиб бўлмайдиган омили қўшилди, бу маҳаллий пиёз бозорини ҳалокатли вазиятга олиб келди«, дейди Евгений Кузин.

Ички бозордаги ортиқча маҳсулотни экспорт қилиш ҳинд фермерлари учун вазиятни сақлаб қолиши мумкин эди, аммо уларнинг аксарият қисми учун экспорт имкониятлари жуда чекланган. Ваҳоланки, Ҳиндистон ҳар йили 1,4 миллион тоннадан 2,4 миллион тоннагача пиёз экспорт қилади. Малайзия ва Индонезия бозорлари учун ҳинд фермерлари етиштирган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари паст даражада, пиёз нархи ўн баробар юқори бўлган Покистонга Ҳиндистондан тўғридан-тўғри етказиб бериш умуман имконсиз ва Шри-Ланкадан талаб мамлакатдаги иқтисодий инқироз сабаб тушиб кетган.

Глобал пиёз инқирози фонида Ҳиндистондаги мавжуд вазият мева-сабзавот бозорида нималар кутиш мумкинлигига  ажойиб мисол бўла олади. Бу минтақада пиёз нархи бўйича «чемпион» бўлиб қолаётган Украинага ҳам тегишли.

Февраль ойи бошида биз Украинадаги пиёз бозори иштирокчиларини Ҳиндистонда бўлганидек, кейинги мавсум бошланишига қадар вазият кескин ўзгариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эдик. Бундан ташқари, Украинада мавсумни рекорд даражада юқори нархлардан рекорд даражада паст нархларга  ўзгартириш одатий ҳолдир (гарчи Ҳиндистон бозорида қайд этилганчалик миқёсда бўлмаса ҳам). Айтганча, пиёз 10 март куни Львов шаҳрида бўлиб ўтадиган «АПК-Информ: Сабзавотлар ва мевалар» лойиҳаси конференциясида муҳокама қилинадиган асосий мавзулардан бири бўлиб, у ерда мазкур сегментдаги бозор ва технологиялар ҳақида максимал маълумот олиш мумкин бўлади. Ва бу ҳозирги рекорд нархлардан келиб чиқиладиган бўлса, ушбу бизнесга киришни ўйлаётганлар учун ортиқчалик қилмайди«, дея хулоса қилди Евгений Кузин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин