EastFruit таҳлилчилари огоҳлантирганидек, ўзбекистонлик воситачилар сабзи бўйича катта йўқотишларга дуч келди. Айни дамда ўзбекистонлик трейдерлар омбордан сабзи захирасини харид қилинган нархдан 5-10 баробар арзонга сотяпти.
2022 йилнинг 26 июль ҳолатига кўра, ўтган йилги сабзини (сариқ ва қизил) омбордан жўнатиш нархлари 1 кг учун 3,6 дан 7,3 АҚШ центгача оралиқда бўлди. Даладан янги ҳосил сабзисини (сариқ ва қизил) жўнатиш нархи калибр, нав ва сифатга қараб, 1 кг учун 5 дан 10 АҚШ центгача бўлди. Янги ҳосилнинг ювилган қизил сабзиси бўйича таклифлар 1 кг учун 13-14 АҚШ центи даражасидадир.
2022 йилнинг февраль ойи ўрталарида Ўзбекистон бозорида “сабзи пуфакчаси” пайдо бўлиши ҳақида огоҳлантирганимизда, бозорладаги улгуржи нархлар 1 кг учун ўртача 0,37 долларни ташкил этган, яъни, сезиларли даражада юқори эди. Айтиш жоизки, ўша пайтда фермер далаларидан сабзининг 1 кг.ини 18 дан 28 АҚШ центигача бўлган нархларда харид қилиш мумкин эди.
Сақлаш даврида сабзининг бир қисми муқаррар равишда сифатсиз маҳсулотга айланиши, табиий вазн йўқотиш юз бериши, сабзи сотиб олиш учун жалб қилингган маблағдан фоиз тўлаш, сақлов жойларида хизмат кўрсатиш бўйича ишчи кучи, баъзан уларни ижарага олиш ва ҳар қандай ҳолатда ҳам электр энергияси учун яхшигина тўлов жоизлигини инобатга олсак, Ўзбекистон воситачилари айни дамда сабзининг ҳар бир килограмми учун қанча маблағ йўқотишаётганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳатто ойдинлик киритишимиз мумкинки, 2022 йилнинг февраль ойи ўрталарида 500 тонна сабзи сотиб олиб, ҳозир кутилган 200 минг доллар даромад ўрнига уни арзон-гаров сотаётган трейдер 1 миллиард сўм ёки 100 минг долларга яқин бевосита зарар кўрмоқда.
Нима учун бундай бўлди ва келгусида шу каби ҳолатнинг олдини олиш учун нима қилиш мумкин? Ҳаммаси қандай бошланганини эслайлик.
EastFruit 2022 йилнинг февраль ойи ўрталарида Ўзбекистон сабзи бозоридаги вазият ҳақида ёзган ва ўзбек трейдерлари сабзи нархи ошишига беҳуда пул тикаётгани, уларнинг кутганлари амалга ошмай қолиши мумкинлиги ҳақида айтган эди. Ўшанда бизнинг прогноз бозор иштирокчилари орасида тушунмовчилик уйғотди. Чунки 2021 йилнинг кузида ушбу маҳсулотни етиштириш даражаси икки баробар кўпайгани ва 2022 йилнинг март ойида қишки сабзи ҳосили икки баробар ошиши кутилганига қарамай, сабзи нархи бизнинг материал эълон қилинган вақтда «қайсарлик билан» юқорига томон кўтарилаётган эди.
Бироқ, биз ўшанда нархлар кўтарилиши сабаби – юқори даромад кутиб, сақлаш учун катта миқдордаги сабзини сотиб олинаётгани ҳақида ёзган эдик. Воситачилар ушбу маҳсулотни 2021 йилги сценарий такрорланишига — Россия сабзи бозоридаги юқори нархлар ва баҳор-ёз даврида ушбу бозорга рекорд даражада маҳсулот экспорт қилишга ишонган ҳолда (экспорт эҳтиёжлари учун) сотиб олишаётган эди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида 2021 йилги кечпишар сабзи ҳосилининг бир қисми ерда бўлиб, деҳқонлар жорий нархлар нисбатан юқори бўлишига қарамай, уни йиғиб олишга шошилмади. Шунингдек, бозор иштирокчилари сабзавот омборларида сабзи жуда кўп эканлигини тасдиқлашди ва уларнинг баъзилари «омборлар 2021 йил ҳосилининг кечпишар сабзиси билан тўлиб-тошган»лиги ҳақида ҳам хабар беришган эди. Бироқ, бу «белги»лар етарли бўлмади ва мева-сабзавот савдогарлари бу йил ҳам сабзидан яхши даромад олиш мумкинлигига ишонишар эди.
EastFruit таҳлилчилари ўшанда ҳатто шундай саволни берган эди: “Ўзбекистон ички бозори бундай ҳажмдаги сабзини ўзлаштира оладими?” Ва хулоса аниқ эди — «йўқ»! Шунинг учун ҳам бу катта йўқотишларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эдик.
Февраль ойининг ўрталаридан бошлаб, Ўзбекистонда ва асосий савдо бозори – Россияда сабзининг улгуржи нархлари динамикасини кўриб чиқамиз. Балки ўзбекистонлик сабзавот трейдерларининг бундай нотўғри ҳисоб-китобига сабаблар ҳақидаги саволга қўшимча жавоблар ҳам бордир?
Ўтган йилги сабзининг улгуржи нархлари февраль ойи ўрталаридан март ойининг биринчи ўн кунлиги охирига қадар 38 фоизга (1 кг учун $0,37 дан $0,23 гача) пасайган бўлса-да, Россия бозоридаги нархлар кетидан ушбу маҳсулот нархи яна кўтарила бошлади. Март ойи ўрталарида бошланган нархларнинг барқарор ўсиши апрель ойининг учинчи ўн кунлигида давом этди. Февраль ойи ўрталаридаги нархларга нисбатан (EastFruit материали чоп этилган санадан бошлаб), Россия бозорида ўтган йилги сабзининг улгуржи нархлари икки баробар, Ўзбекистон бозорида эса атиги 19 фоизга ошган. Ҳатто 2022 йилнинг 27 май санасида қайд этилган ўтган йилги ўзбек сабзисининг максимал улгуржи нархи – 0,45 $/кг февраль ойи ўрталарига нисбатан атиги 22 фоизга юқори бўлган, яъни, бу экспорт учун сабзини фаол сота бошлашга трейдерларни унчалик рағбатлантира олмаган.
Бироқ, Россия бозорида ўтган йилги сабзи учун юқори нархлар атиги 4 ҳафта давом этди. Апрель ойи охирида Россия бозорида ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари пасая бошлади ва кейинчалик барқарор пасайиш тенденцияси шаклланди. Июнь ойининг учинчи ўн кунлигида Россия бозорида янги ҳосилнинг улгуржи партиялари пайдо бўлди ва маҳаллий фермерларнинг таклифлари кўпайиши билан нархлар кескин пасая бошлади.
Ўзбекистонда янги ҳосил сабзисининг оммавий йиғим-терими анъанавий тарзда март ойининг иккинчи ярмида бошланган, бироқ 2022 йилда эртаги сабзининг биринчи улгуржи партиялари ўтган йилнинг шу санасига нисбатан анча арзон нархда сотилди. Ички бозорда таклифлар ўсиши билан «ёш» сабзи нархи тез пасая бошлади.
Юқоридаги жадвалдан кўриниб турибдики, 2022 йилнинг март ойи ўрталаридан июль ойининг учинчи ўн кунлигигача бўлган даврда янги ҳосил сабзисининг улгуржи нархлари ўтган йилги даражадан 2,0 – 2,5 баробар паст бўлган.
Аммо ўтган йилгидек юқори нархлар умидида ушбу маҳсулот захирасини тўплаган фермерлар ва трейдерлар учун ҳақиқий драма 2022 йил июль ойининг иккинчи ярмида, ўтган ва жорий йил ҳосили сабзисининг улгуржи нархлари “қулаганида” юзаг чиқди. Ўзбекистон сабзи бозорида классик шаклда “харидор бозори” шаклланди – сабзи захираларини тўплаган трейдерлар омборни бўшатиш учун уларни рамзий баҳода бўлса-да сотишги киришишди. Зеро, сабзи утилизацияси учун ҳам тўлов лозим, шу боис, маҳсулот учун таклиф қилинган ҳар қандай нарх бундай шароитда маълум ечим бўлади.
Натижада, юқорида айтиб ўтганимиздек, 2022 йилнинг 26 июль ҳолатига кўра, омборлардан ўтган йилги сабзини (сариқ ва қизил) жўнатиш нархи 1 кг учун 3,6 дан 7,3 АҚШ центигача бўлди. Далалардан янги ҳосил сабзисини (сариқ ва қизил) жўнатиш нархи калибр, нав ва сифатга қараб, 1 кг учун 5 дан 10 АҚШ центгачадир. Янги ҳосилнинг ювилган қизил сабзиси учун таклифлар 1 кг учун 13-14 АҚШ центини ташкил қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь ойи бошидан 25 июлига қадар Ўзбекистондан сабзи экспорти ҳажми 52,3 минг тоннани ташкил этди ва бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 11 фоизга кўпдир. Бошқача айтганда, трейдерлар ҳисоблаганидек, сабзи экспорти, ҳақиқатан ҳам, ўтган йилгидан кам эмас ва ҳатто кўп бўлиб чиқди. Бироқ, бу ҳам нархлар қулашини трейдерлар фойдасига ҳал қила олмади. Зеро, сабзи захиралари кўп эмас, балки жуда кўп бўлиб чиқди.
*Изоҳ: 2022 йилнинг 1 июлидан 25 июлигача бўлган давр учун дастлабки маълумотлар
Бироқ, экспорт ҳар доим ҳам трейдер учун даромад манбаи эмас. Бундай ҳолда сабзи экспортидан фойда олиш учун унинг ҳажми ҳозиргидан бир неча баробар кўп бўлиши керак эди.
Дарвоқе, воситачилар ҳозир деярли бепул беришга тайёр турган сабзининг бир қисми қуритиш учун юборилади. Шу боис, бозорда Ўзбекистоннинг қуритилган сабзиси бўйича таклифлар ҳажми ошишини кутиш мумкин.
Хўш, келажакда шунга ўхшаш муаммоларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
«Сабзавот ва меваларни сақлаш — бу алоҳида бизнес эмас, балки мева-сабзавот етиштириш ва сотиш бўйича тизимли бизнеснинг бир қисмидир. Мен бу иборани 2000 йилларнинг ўрталаридан буён такрорлаб келмоқдаман ва умид қиламанки, сабзи билан боғлиқ вазиятдан сўнг Ўзбекистонда кўпчилик бунинг сабабини тушуниб етади”, дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
“Албатта, муайян бир мамлакатда сақлаш жойлари кескин танқис бўлиб турган бир шароитда сабзавот ҳосилини йиғиб олиш вақтида арзон нархда сотиб олиш ва кўплаб хавф-хатарларга қарамай, сақловдан сўнг қайта сотиш яхши даромад келтириши мумкин. Бироқ, ҳозир Ўзбекистонда сақлаш жойлари тақчил эмас. Биз кўп йиллар аввал Польшада ҳам, Украинада ҳам бу босқичдан ўтганмиз. Мисол учун, АҚШда олманинг ўртача нархи баҳорда, сақловдан сўнг одатда, йиғим-терим пайтидагидан ўртача 10%га паст бўлади. Бироқ, олма ёки бошқа мева-сабзавотлардан кўпроқ даромад олиш учун эмас, балки бу маҳсулотларни йил давомида сотиш учун улар сақланади. У ерда маҳсулотни трейдерлар эмас, балки фермерлар ёки уларнинг кооперативлари сақлайди, чунки ўзи етиштирмаган сабзавот ва меваларни қайта сотиш учун сақлаш тўғридан-тўғри банкротликка олиб борувчи йўлдир«, дея тушунтирди эксперт.
Шунингдек, унинг айтишича, Украина ва Польшада баъзи трейдерлар сақловсиз соф савдога ўтишган, баъзилари эса, аксинча, маҳсулот етиштиришни бошлаган. “Фермернинг, одатда, маркетинг билан шуғулланишга вақти йўқ, айниқса, супермаркетлар тармоғига маҳсулот етказиб бериш ҳақида гап борар экан. Шунинг учун бу вазифани, кўпинча, трейдерлар ўз зиммасига олади. Улар тўловлар кечикиши, қадоқлаш, тармоқлар билан алоқа қилиш ва бошқа муаммоларни ҳал қилишади. Фермерлар эса ҳар куни ёки ҳар ҳафта мунтазам равишда ўз омбори ёки кооператив омборлардан сабзавот ва меваларни етказиб беради. Бу рискларни камайтиришга ёрдам беради, чунки узоқ вақт сақланадиган сабзавот ва меваларни етиштириш, «сотилди ва унутилди» қабилидаги сабзавот ва меваларни етиштиришдан бутунлай бошқача ёндашувни талаб қилади. Кўпинча, технологияни ҳам, экин етиштиришни ҳам, ҳатто навлар ва ҳосил йиғиш техникасини ҳам мослаштириш зарур. Табиийки, бу ҳамма учун фойдалидир, чунки, натижада, маҳсулот бой берилиши хавфи ҳам, рисклар ҳам камаяди, демак, бутунбошли бизнес барқарорлиги ошади«, дейди ФАО иқтисодчиси.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!