Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Эрон ҳамда Покистондан импорт қилинган картошка партияларида хавфли зараркунандаларни аниқлади, деб хабар бермоқда EastFruit мутахассислари. Ушбу мамлакатлардан импорт қилинган картошкада карантин объектлари илгари ҳам қайд этилган, лекин бу ҳолат такрорланган тақдирда, Эрон ва Покистондан картошка олиб киришга таъқиқ жорий қилиниши мумкин, дейилади «Ўзбекистон 24» телеканалининг видеорепортажида.
Покистондан 160 тонна ва Эрондан 120 тонна импорт қилинган картошка партияларида олтинранг картошка нематодаси (лот. Globodera rostochiensis) аниқланди. Ушбу зараркунанда Ўзбекистонда карантин объектлари рўйхатига киритилган. Картошка партиялари 14 та юк машинасида келган эди.
Олтинранг картошка нематодаси Solanum оиласига мансуб кўплаб ўсимлик турларини зарарлайди. Асосий зарарланувчи қишлоқ хўжалиги экини – картошка, шунингдек помидор ва бақлажонга ҳам камроқ даражада бўлса-да зарар келтиради.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошқарма бошлиғи Шуҳрат Қўчқоровнинг сўзларига кўра, картошканинг ушбу партияларини фумигация ва бошқа чоралар қўллаш орқали зарарсизлантиришнинг иложи йўқлиги сабабли, импорт қилувчи тадбиркор билан келишилган ҳолда ушбу маҳсулотларни экспорт қилган мамлакатларга қайтаришга қарор қилинган.
Шунингдек ўқинг: 2021 йилнинг август-сентябрь ойлари Ўзбекистонда пиёз ва саримсоқ экиладиган майдонлар 7 фоизга ошди
Картошка Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳасининг асосий импорт позицияси ҳисобланади. Сўнгги бир неча йил ичида унинг импорти кескин ошди. Агар 2016 йилга қадар Ўзбекистонга картошка импортининг йиллик ҳажми 50 минг тоннадан ошмаган бўлса, 2016 йилдан 2020 йилга қадар бу кўрсаткич 56 мингдан 420 минг тоннагача ошди. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг дастлабки 7 ойида республикага 310 минг тонна картошка импорт қилинган.
Покистон Ўзбекистонга картошка етказиб берувчи асосий мамлакатлардан бири ҳисобланади ва Эрон ҳам 2021 йилда шулар қаторига кирди. 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда ушбу маҳсулотнинг Покистондан импортининг умумий ҳажми 127 минг тоннани ёки бу даврдаги картошка импорти умумий ҳажмининг 11 фоизини ташкил этди. 2021 йилнинг 7 ойида Ўзбекистонга картошка импортининг умумий ҳажмида Покистоннинг улуши 24,4%ни, Эрон улуши 38,5%ни ташкил этди.
Аммо, агар Покистон ва/ёки Эрондан картошка олиб киришга таъқиқ қўйилса, уларнинг ўрнини бошқа йирик етказиб берувчи мамлакатлар – Россия ва Қозоғистон билан алмаштириш қийин бўлади. Чунки, Россия ва Қозоғистонда ушбу маҳсулот нархи тез ўсиб бормоқда. Ўтган бир неча ҳафта мобайнида бу Ўзбекистон ички бозоридаги картошка нархларида аксини топди. EastFruit 2021 йилнинг сентябрь ойи охирида Ўзбекистонда картошка нархи кўтарилишидаги домино эффекти ҳақида ёзган эди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!