Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистондан қовун экспорти кескин ўсди ва бу полиз маҳсулотларининг оммавий экспорти бошланганидан дарак бермоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистондан қовун экспорти кескин ўсди ва бу полиз маҳсулотларининг оммавий экспорти бошланганидан дарак бермоқда

EastFruit мутахассислари Ўзбекистонда қовуннинг оммавий экспорт мавсуми бошлангани ҳақида хабар бермоқда. Буни икки омил тасдиқламоқда – ички бозорда май ойининг охиридан 17 июнгача улгуржи нархларнинг 10 баравар пасайгани ва ўтган ҳафтанинг иккинчи ярмида қовунни ташқи бозорга чиқариш фаоллашганидир. Сўнгги бир ҳафта ичида экспорт бозорларига қовун ташиш учун юк машиналари сўрови  июнь ойининг биринчи ярмидаги кўрсаткичдан бир неча маротаба ошди.

Ушбу мавсумда Ўзбекистондаги қовун нархи динамикаси (июнь ойининг биринчи ярмидаги) ўтган йилги манзарани тўлақонли такрорламоқда. Бундан ташқари, Россия бозорида ҳам қовун нархлари динамикаси, гарчи,  нархлар анча паст бўлса-да, ўтган йилгидек.

Ўзбекистон қовун экспортининг аксарият қисми Россияга тўғридан-тўғри, шунингдек, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон орқали экспорт қилинаётгани сабабли Россия Федерацияси ва Ўзбекистон бозорлари ўртасидаги нархлар тафовути қовуннинг оммавий экспорти бошланиши вақтини белгилайди.

Сўнгги уч ҳафта ичида Ўзбекистонда қовуннинг улгуржи нархлари деярли 10 баравар пасайиши ва шу даврда Россия бозорида  нарх деярли ўзгармагани Ўзбекистон ва Россиядаги нарх фарқини кескин оширди. Хусусан, 17 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қовуннинг улгуржи нархи Россияга нисбатан 10 баравар арзон эди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда қовун нархи шу даражада пасайдики, у логистика ҳамда воситачилик маржаларини ҳисобга олган ҳолда россиялик истеъмолчи бемалол «ҳазм қиладиган» даражага яқинлашмоқда. Бошқача айтганда, қовуннинг Ўзбекистондан ушбу нархларда жўнатилиши Россиядаги кенг истеъмолчилар учун ҳам ҳамёнбоп бўла олади.

Кўриб турганингиздек, май ойи охирида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон бозорлари ўртасидаги қовун нархининг фарқи атиги 30 AҚШ центини ташкил этган ва бу етказиб бериш харажатларини зўрға қоплар эди. Шунинг учун савдо фаол бўлмади ва у қадар  фойда келтирмади. Ҳозир эса Россияда қовуннинг улгуржи нархи Ўзбекистондагига қараганда анчайин қиммат – нархлар ўртасидаги фарқ (бир кг учун) 1,75 долларни ташкил қилмоқда. Нархлар орасидаги бундай фарқда полиз маҳсулотларини сотиш экспортчилар ва импортчилар учун ҳам бирдек фойдали бизнес бўлади ва бу фойда транспорт харажатларини қоплаш билан бирга, юқори сифатли саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва кўплаб воситачилар маржасини ҳам қоплайди.

EastFruit таҳлилчиларининг фикрига кўра, Ўзбекистонда қовуннинг улгуржи нархлари пасайиши суръати бундан кейин секинлашади. Қовун ҳосилини йиғиб олиш мавсуми фаол босқичга ўтаётгани сабабли бозорда таъминот ҳажми ошиши билан, ҳам ички, ҳам ташқи бозорда талаб ўсиб боради. Бу эса маҳсулот нархларини барқарорлаштиради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон сархил қовун экспорт қилувчи жаҳондаги ўнта йирик мамлакатдан бири ҳисобланади. Aгар илгари ўзбек қовунининг деярли барчаси Россияга, шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистонга юборилган бўлса, 2020 йилда экспорт географияси сезиларли даражада кенгайди. Европа Иттифоқи, хусусан, Германияга ушбу полиз маҳсулоти рекорд миқдорда экспорт қилинди –  бир мавсумнинг ўзида 861 тонна! Германиядан ташқари, Европа Иттифоқининг яна бир қатор мамлакатлари ўзбек қовунларини импорт қила бошлади. Украина, Беларусь ва Молдова ҳам ушбу тотли мева импортини кўпайтирди.

Шу сабабли, 2021 йилда ўзбек қовунининг экспорт даражаси ортади ва бу жорий йилда Ўзбекистон мева-сабзавот бизнеси кўрган катта йўқотишларни қисман қоплайди, деган умид бор. Хабарингиз бор, жорий йилда об-ҳаво аномалиялари сабаб, данакли мевалар, айниқса, ўрик ва гилос ҳосилдорлиги ҳамда экспорт даражаси анча-мунча пасайди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин