Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида етиштириш учун тадқиқ қилинаётган помидорнинг 29 та нав ва дурагайлари синовдан ўтказилмоқда ва уларнинг 7 таси аномал иссиқ ҳавода чидамлилик хусусиятини намоён этди. Шунингдек, ушбу помидор навларининг ҳосилдорлиги Бухоро вилоятида анъанавий равишда етиштириладиган навларга нисбатан 2 баробардан зиёд юқори бўлди.
EastFruit нашри 2022 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан республиканинг Бухоро вилояти тупроқ-иқлим шароитига мос помидор навларини етиштириш бўйича олиб борилаётган изланишлар ҳақида ёзган эди. Бу ҳудуд ўзига хос тупроқ-иқлим шароити билан ажралиб туради ва ушбу ҳудудда помидорнинг ҳосилдорлиги гектарига 20-22 тоннадан ошмайди. Тадқиқот учун помидорнинг 29 та нав ва дурагайлари танлаб олинган.
Маълумки, жорий йилнинг июль ойи Марказий Осиё мамлакатларида аномал иссиқ об-ҳавоси билан ажралиб турди. Зеро, ушбу минтақадаги иссиқ ҳаво ҳарорати кўп йиллик рекордларни янгилади. EastFruit Тожикистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида бундай жазираманинг салбий оқибатлари ҳақида ёзган эди. Бундан ташқари, климатолог мутахассислар ёқимсиз прогнозни қайд этишди — минтақада ўта иссиқ об-ҳаво янги меъёрга айланиб бормоқда.
Шундай қилиб, 2022 йилги июль ойининг аномал иссиқ об-ҳавоси ушбу помидор навлари синовдан ўтаётган иқлим шароитларининг ўзига хос хусусиятларига яна бир қўшимча бўлди. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари фикрига кўра, помидор экинлари +40°C дан юқори ҳаво ҳароратида ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди. Кучли иссиқ натижасида меванинг баъзи қисмлари қуёшда куйиб кетади, гуллари эса тўкилади. Бу, табиийки, помидор сифати пасайишига олиб келади.
Аммо ўзбек олимлари аномал иссиқ ҳавода ҳам яхши натижаларга эриша олишди. Синов учун танлаб олинган 29 нав ва дурагайдан етти турдаги помидор навлари июль ойининг иссиқ об-ҳаво шароитларига яхши бардош бериб, синов жараёнида ижобий натижаларни кўрсатди. Бу ҳақида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Аномал иссиқ ҳаво помидор ҳосилига катта зарар етказди. Синовдан ўтказилган бир қатор навларда биз меваларнинг ёрилиши, қуёшдан куйиши ва экин қуришини кузатдик. Бундай шароитда ҳосилни сақлаб қолиш учун помидорни бошқа ўсимликлар ёрдамида сояладик, ерда маккажўхорининг қуруқ поялари ва 5 см қалинликдаги сомон каби енгил пояли ўсимликлар билан салқин муҳит яратдик, намликни сақлаб туриш учун экинни кечаси суғордик”, дейди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти докторанти Гулшода Саидова.
Синовдан ўтказилган навлар орасида “Бобкат F1”, “Томск F1”, “Ложан F1”, “Ред Стоун”, “Сераж F1”, “Индепенденс-28”, “Рио Гранде” кабилар июль ойининг жазирама иссиқ об-ҳаво шароитларига бардош бериб, яхши натижаларни кўрсатди.
«Умумий майдони 1 гектарлик синов участкасида бугунги кунга қадар помидордан 6 маротаба ҳосил олиниб, жами ҳосилдорлик 40-45 тоннага етди. Йиғим-терим жараёни давом этмоқда, бу ҳудудда кеч кузгача помидор йиғиб олишни режалаштирганмиз”, дейди Гулшода Саидова.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари асносида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари шўрланган тупроқ шароитида помидорни ҳар томонлама ўрганиш асосида ушбу ҳудуд учун истиқболли навларни танлаб олмоқда. Турли суғориш режимлари ва ўғитларни қўллаш меъёри билан ҳосил етиштириш технологиялари такомиллаштирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад — шўр ер, жазирама иссиқ ва қурғоқчиликка чидамли навларни танлаб, Бухоро вилоятининг иқлим шароитига мос етиштириш технологиясини ишлаб чиқишдан иборатдир. Ушбу илмий тадқиқотлар институтнинг Бухоро илмий тажриба станциясида 2022-2024 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган.
EastFruit таҳлилчилари минтақадаги аномал иссиқ об-ҳаво туфайли 2022 йилнинг июль ойида Ўзбекистон ички бозорида помидор бўйича таклифлар сезиларли даражада қисқарганини, бу эса ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари икки баробар ошишига олиб келганини қайд этмоқда.
EastFruitнинг нархлар мониторингига кўра, 2022 йилнинг 1 июлидан 5 августига қадар қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 3500 дан 7000 сўмга, пушти помидорнинг ўртача улгуржи нархи эса 1 кг учун 4500 дан 9000 сўмгача ошди, яъни, ушбу маҳсулотнинг ҳар иккала тури ҳам 2 баробар қимматлади.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг 5 август ҳолатига кўра, қизил думалоқ помидорнинг улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасидаги улгуржи нархлардан 2 баробар, пушти помидорнинг улгуржи нархи эса ўтган йилги даражадан 13 фоиз юқоридир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!