Бош саҳифаЯнгиликларАномал иссиқ ҳаво туфайли Тожикистонда помидор нархи икки баробар ошиб кетди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Аномал иссиқ ҳаво туфайли Тожикистонда помидор нархи икки баробар ошиб кетди

EastFruitнинг Тожикистон жамоаси экспертлари фикрича, мамлакатда узоқ вақтдан бери аномал иссиқ об-ҳаво сақланиб турибди ва бу фермерлар меҳнатини пучга чиқармоқда. Бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида Тожикистоннинг ҳатто шимолий ҳудудларида ҳам ҳаво ҳарорати соя жойда  45 даражадан ошмоқда. Шу билан бирга, бундан бир ҳафта аввал ҳам ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлган ва ҳозир у экстремал даражага чиқди.

Бундай жазираманинг оқибатлари барча қишлоқ хўжалиги вакиллари фаолиятида сезилмоқда. Сабзавот етиштирувчилар ва боғбонларнинг айтишича, барча уринишларга қарамай, меваларни қуёш уриши, маҳсулот сифати ёмонлашуви, экинларни ўсиш жараёнини деярли тўхтаб қолгани ва ҳатто ҳосилнинг тўлиқ бой берилиши кузатилмоқда.

«Ҳатто иссиқ об-ҳавони «севадиган» помидорлар ҳам далада қуриб қолмоқда. Шу сабабли, сўнгги бир ҳафта ичида помидор бўйича таклифлар кескин камайди, нархлар эса икки баробар ошди. Ҳозир помидорни 1 кг учун 5 сомоний ($0,49)дан арзонроқ сотиб ололмайсиз, йирик ва сифатли помидорнинг улгуржи нархи 1 кг учун 7 сомоний (0,68 доллар)ни ташкил қилмоқда. Бир ҳафта аввал помидор нархи 1 кг учун 3 сомоний (0,29 доллар) эди”, дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) халқаро маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидов.

Бахтиёр Абдувоҳидов, шунингдек, йилнинг ушбу даврида Тожикистонда помидор нархи, одатда,  минимал даражага пасайиши ва қиш учун сабзавотларни шиша банкага ёпиш жараёни бошланиши кераклигини айтди. Бундай пайтда кўпгина шаҳар аҳолиси улгуржи ва улгуржи-чакана бозорлардан помидорларни кичик улгуржи партияларда арзон нархларда сотиб олади. Улар учун идиш ва қопқоқлар жуда фаол сотилаётган бўлса-да, банка ёпишда керак бўладиган хом ашёни ҳамма ҳам бундай нархларда сотиб ололмайди.  Фермерларнинг далалардаги зарарларини  ҳисобга олсак, бу мавсумда арзон помидорлар пайдо бўлмаслиги ҳам мумкин.

EastFruit мутахассислари иқлим ўзгариши бутун жаҳон бўйлаб фермерлар учун катта салбий оқибатларни келтириб чиқаришини бир неча бор қайд этган эди. Марказий Осиё мамлакатларига келсак, очиқ далада сабзавот етиштириш тобора юқори рискли бизнесга айланиб бормоқда. Шу боис, фермерлар иссиқхона ёки нетхауз каби ҳимояланган ерда маҳсулот етиштиришнинг турли  вариантларига эътибор қаратишлари керак. Баъзи бозор сегментлари учун ҳатто вертикал фермер хўжаликлари ҳам аста-секин долзарб бўла бориши мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин