2021 йили Ўзбекистонда етиштирилган шафтоли ва нектариннинг қарийб 13 фоизи тўлиқ қайта ишланиб, музлатилган маҳсулот, мева пюреси ва фармацевтика маҳсулотлари сифатида сотилган, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари.
2021 йилда республиканинг 21,4 минг гектар шафтоли ва нектарин боғларида 193,3 минг тонна маҳсулот етиштирилди. Уларнинг 24,3 минг тоннаси шафтоли маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарига жўнатилди, дея хабар берилган Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг махсус репортажида.
Видеорепортажда Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидаги “ОHALIK OLTIN BOG’I” мева-сабзавот кластери корхоналарида шафтоли ва нектаринни қайта ишлаш жараёни акс эттирилган.
“ОHALIK OLTIN BOG’I” кластери умумий майдони 3 265 гектарлик интенсив боғларда турли хил мева етиштирувчиларни бирлаштирган. Шунингдек, кластер таркибига мевани қайта ишловчи 2 та завод, саралаш, шок усулида музлатиш, мева пюреси ишлаб чиқариш, музлатгичлар ва маҳсулотни қайта ишлаш бўйича бошқа линиялар киради. Шундай қилиб, етиштирилган барча маҳсулотлар тўлиқ қайта ишланади ва ички ҳамда ташқи бозорларга жўнатилади.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистондан 2 ой давомида салкам 40 миллион долларлик шафтоли ва нектарин экспорт қилинди
Интенсив шафтоли ва нектарин боғларининг умумий майдони 820 гектарни ташкил этади. Кластер раҳбари Бахтиёр Тоштемировнинг сўзларига кўра, бугунги кунга қадар 850 тонна шафтоли ва нектарин йиғиб олинган бўлиб, шундан 219 тоннаси қайта ишлаш, хусусан, шок усулида музлатиш ва мева пюреси ишлаб чиқариш учун мазкур кластер заводларига олиб келинган. Якуний маҳсулотлар асосан Россияга экспорт қилинади.
“Айтиш жоизки, шафтоли ва нектаринни қайта ишлаш чиқиндисиз ишлаб чиқариш жараёнидир. Музлатилган маҳсулот ва мева пюресини ишлаб чиқариш жараёнида ажратиб олинадиган шафтоли ва нектарин данаклари фармацевтика саноатида қўлланади. Фармацевтика компаниялари бизга аввалдан буюртма беришади ва биз уларга шафтоли/нектарин данакларини сотамиз.
Июнь ойидан сентябрь ойигача қайта ишлаш корхоналаримиз шафтоли ва нектарин билан ишлайди. Ушбу маҳсулотнинг барча навлари ҳам қайта ишлаш учун мос эмаслиги сабаб, биз заводларимизда айнан саноат навларини қайта ишлаймиз. Сархил бозорга мўлжалланган бошқа навлар эса саралаш ва қадоқлаш жараёнидан сўнг ички ҳамда ташқи бозорга жўнатилмоқда«, дейди “ОHALIK OLTIN BOG’I” мева-сабзавот кластери раҳбари Бахтиёр Тоштемиров.
“1 соатда 10 тоннага яқин шафтоли ва нектаринни икки йўналишда – шок усулида музлатиш ва мева пюресини ишлаб чиқариш орқали қайта ишлаймиз. Данаклари ажратилгандан сўнг шафтоли/нектарин бўлаклари яна бир саралаш босқичидан ўтади ва саралаб олинган бўлакчалар шок усулида музлатиш учун юборилади. Бундай саралаш усулида музлатиш учун саралашдан ўтмаган бўлакчалар мева пюреси ишлаб чиқариладиган цехга жўнатилади» дея қўшимча қилди кластер технологи Абдувоҳид Назаров.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!