Сарсабил (спаржа) жаҳондаги “тренд” сабзавотлардан бири ҳисобланади. EastFruit маълумотларига кўра, унинг истеъмол даражаси жадал ошиб бормоқда, ишлаб чиқарувчилар эса, табиийки, яхши даромад олишмоқда. Жумладан, Шарқий Европа мамлакатларида сарсабил роса оммалашган, аммо етиштириш ҳажми шунга яраша эмас. Айни сабабдан, сарсабил нархи Европа Иттифоқидагига қараганда икки-уч баравар баланд.
Шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги ишлаб чиқарувчилар, қандайдир сабабларга кўра, худди голубика билан бўлгани сингари бу тенденцияларни сезишмаяпти. Ва сарсабил ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилиш бу ерда деярли йўқ ҳисоби, истеъмолчиларнинг аксарияти унинг нима эканини ҳам билмайди.
Демак, ўзбек фермерлари етиштирилаётган бошқа сабзавотларга нисбатан анчайин фойдали ушбу экинни экиб, яхшигина даромад қилиш имкониятини бой бермоқда. Ахир, очиқ тупроқда етиштирилган яна қайси сабзавотнинг бир килограммини $6-10 АҚШ долларидан сотиш мумкин?! Биз, ушбу материал орқали Ўзбекистонда истеъмолчи учун ҳам, экспорт учун ҳам сарсабил етиштиришнинг қанчалик афзал эканини баҳолашга ҳаракат қиламиз. Аввалдан огоҳлантирмоқчимиз, афзаллик ҳайратомуз даражада!
Ўзбекистонда сарсабил истеъмол қилиш имкониятларини баҳолаш учун EastFruit истеъмолчиларнинг бу маҳсулот билан қанчалик таниш эканлигини ўрганиш мақсадида улар ўртасида экспресс-сўровнома ўтказди. Сўровнома нопрезентатив бўлиб, бунда асосан, чет элларда, жумладан, Европа мамлакатларида бўлган олий маълумотли кишилар жалб қилинди. Бироқ, ҳатто уларнинг ҳам фақат 67 фоизи сарсабил нима эканини эшитган, 47 фоизи эса бир марта бўлса-да татиб кўрган экан.
Аммо, энг кизиғи, кўпчиликка сарсабил ёққан. EastFruit сўроқлаган респондентларнинг 69 фоизи сарсабилнинг таъм сифатини беш балли тизимда тўрт ёки бешга баҳолаган. Фақатгина уларнинг чорак қисмига сарсабил умуман ёқмаган ва сўровномада иштирок этганларнинг 6 фоизи ушбу сабзавотнинг таъмини учга баҳолаган. Шу боис, шубҳасиз, ушбу маҳсулотнинг ички бозорда ҳам истиқболи бор.
Сарсабилни ёқтирган ўзбек истеъмолчиларининг кўпчилиги уни Ўзбекистонда харид қилмоқда, лекин фақат музлатилган шаклдагисини. Масалан, Lebazar онлайн етказиб берувчи Россиянинг «Кружево вкуса» брендининг музлатилган сарсабилини 90 минг сўмдан таклиф этяпти. Бу эса сабзавотнинг 400 грамми $8,5 дан ёки килограмми $21,3 дан сотилмоқда демакдир. Тўғри, аслида, бу маҳсулотни Россияга Хитойдан келтиришган, кейин Россияда қадоқлаб, Ўзбекистонга экспорт қилинган. Зеро, Россия музлатилган сарсабилнинг асосий ҳажмини айнан Хитойдан импорт қилади.
Таққослаш учун, ҳозирги вақтда Украинада бир килограмм музлатилган сарсабилнинг нархи $10 атрофида, мавсум қизиғида бир килограмм янги сарсабилнинг ўртача чакана нархи эса $6-8ни ташкил этади. Сарсабил истеъмоли яхши ривожланган ва бу фойдали сабзавот кўпдан бери катта миқдорда етиштириладиган ЕИ мамлакатларида мавсум қизиган пайтда килограмми $4-6 атрофида бўлади.
Бироқ Россияда сарсабил нархи Украина ёки ЕИга қараганда анча баланд, маҳаллий истеъмол даражаси ошиб бормоқда, ишлаб чиқариш эса ривожланмаган. Аслида, бу Ўзбекистон учун яхши хабар, у ўз экспорт маҳсулотлари сафига яна бирини қўшиб олиши мумкин.
Ўзбекистонда сарсабил ҳосилини бошқа мамлакатларга қараганда бирмунча эртароқ йиғиб олиш мумкин, бу эса яхши даромад қилиш имконини беради. Ҳатто мамлакатнинг жанубий ҳудудларида очиқ грунт шароитида сарсабил ҳосилини март ойида, ёпиқ грунтда етиштирилса –февралда олиш мумкин. Бу вақтда Россияга сарсабил, асосан, Перудан анча юқори нархларда импорт қилинади.
Аммо, ҳатто экспортга мўлжал олинмаса-да, бу сабзавот ички бозорда ҳам анча оммалашиши мумкин. Қолаверса, у янги ҳосилдаги биринчи сабзавотлардан бўлиши эҳтимоли бор. Сарсабил, шунингдек, ҳозир ғайритабиий равишда урф бўлмоқда, чунки, у соғлом турмуш тарзига мойиллиги бор ва тўғри овқатланишга риоя қиладиганларга жуда мос: калорияси паст, фойдали тўқималарга бой бўлгани учун ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам беради.
Энг қизиғи, кўп мамлакатларда сарсабил доривор ўсимликлар сирасига киради. У артериал қон босимини пасайтириб, юрак қисқаруви ритмини секинлаштиради, периферик томирларни кенгайтиради ва чарчоқни олади. Қолаверса, сарсабил организмдан зарарли моддаларни чиқариб ташлашга ёрдамлашади, шунинг учун у буйрак, юрак, бод, подагра ва бошқа касалликларда тавсия қилинади. Сарсабил витамин ва минералларга бой, кўп миқдорда фолий кислотасига эга. У иммунитетни мустаҳкамлаш ва кўриш қобилиятини яхшилашга хизмат қилади.
Сарсабил қадимги Мисрда худолар озуқаси, деб ҳисобланган бўлса, Францияда “сабзавотлар қироли” деб аталган. Уни истеъмол қилиш борасида Германия етакчи ҳисобланади. Дарвоқе, бу ерда оқ сарсабилни истеъмол қилишни афзал кўришади, бошқа кўп мамлакатларда эса асосан, сарсабилнинг яшил, шунингдек, кам учрайдиган бинафшаранг нави оммалашган.
Бундан ташқари, сарсабил фойдалигина эмас, балки жуда хуштаъм маҳсулот ҳамдир. Интернетда ушбу сабзавотдан таом тайёрлаш бўйича кўплаб рецептларни топиш мумкин, янги сарсабил новдалари учини хомлигича еса ҳам бўлади! Мазкур сабзавотдан тайёрланган таомлар ўта тансиқ саналади. Сарсабилни, шунингдек, гриллда, духовкада пишириш, қайнатиш, бошқа махсулотлар билан тоблаш, салатга қўшиш мумкин. Универсаллиги туфайли сарсабил бошқа маҳсулотлар билан жуда яхши уйғунлашади: гўшт ва балиқ маҳсулотларига ажойиб гарнир бўла олади. Сарсабилни, шунингдек, асосий таом сифатида ҳам тановул қилиш мумкин.
“Сарсабил” номини, кўпинча, адаштиришади. EastFruit бу ҳақда «Сарсабил ёки аспарагус?» сарлавҳаси остида алоҳида мақола тайёрлаган. Зеро, Ўзбекистонда, сарсабил номи остида бошқа маҳсулотларни тушуниш мумкинлигидан хавотирланиш учун қўшимча сабаб бор кўринади. Сарсабилга ҳеч бир алоқаси йўқ, аммо, кўпинча, янглишиб “спаржа” деб аталадиган сарсабил ловиясидан ташқари, Марказий Осиёда корейсларнинг соя сути кўпигидан тайёрланадиган “фучжу” газагига ўхшаш шундай маҳсулот ҳам оммалашган. Уни негадир, кўпчилик “сояли сарсабил” (соевая спаржа) деб атайди, албатта, у бизнинг сарсабилга ҳеч ҳам дахлдор эмас.
Ҳозирча Ўзбекистонда сарсабилнинг нархи баланд бўлгани, маҳсулот ҳақида кўпчилик билмаслиги сабабли дарҳол улкан ҳажмдаги савдога умид боғлаб бўлмайди. Шу билан бирга ушбу сабзавотдан ҳосил олиш ҳам осон эмас. Ахир, у кўп йиллик экин ва ҳосилини фақатгина вегетациянинг иккинчи-учинчи йилидан бошлаб йиғиб олиш тавсия қилинади. Бироқ, бир неча йил юқори ҳосил беради, етиштириш технологиясига риоя этилган шароитда йилига 10 тоннагача маҳсулот олиш мумкин. Сарсабилни, кўпинча, реза мева, жумладан, голубика етиштириш билан шуғулланувчи ишлаб чиқарувчилар экади. Негаки, бу мавсумий ишчиларни ёллаш вақтини чўзишга имкон беради. Сарсабилни реализация қилиш каналлари совутиш, қўшимча ишлов бериш ва логистикани ўзига қамраб олган ҳолда, мевалар билан кўп умумий жиҳатлари бор.
Бошқа сарсабил етиштирувчи мамлакатлардан Ўзбекистоннинг яна бир устунлиги – бу нисбатан арзон ишчи кучи мавжудлигидир. Сарсабил катта миқдордаги қўл меҳнатини талаб этади, ЕИда ишчиларга бир неча марта қиммат ҳақ тўлашига тўғри келади. Бунинг устига ишчиларни жалб этишнинг ўзи катта муаммо, негаки, улар етишмайди.
Албатта, сарсабилнинг ўзига хос хусусияти бор ва уни етиштиришга киришишдан аввал буни билиб олиш муҳим. Мазкур турдаги сабзавотни совутиш уни олис бозорларда сотишда жуда зарур босқич ҳисобланади, шунингдек, тўғри қўшимча ишлов бериш ва қадоқлаш катта аҳамият касб этади. Нотўғри қадоқланган сарсабил истеъмолчига етиб боргунга қадар сўлиб ёки чириб қолиши мумкин.
Собиқ СССР ҳудудида энг йирик сарсабил ишлаб чиқарувчи – бу Украина. Мазкур мамлакатда сарсабилчилик бошқаларга қараганда анча аввал ривожланган. Бироқ гарчи, вақти келиб, айнан сарсабил Украинанинг биринчи рақамли экспорт маҳсулоти бўлиб қолиши мумкин, деган фикрлар бўлса-да, ҳатто Украина ҳам ҳозирча бу сабзавотни экспорт қилаётгани йўқ.
Жаҳондаги энг йирик сарсабил экспортчилари Перу, Мексика, АҚШ, Испания, Италия, Германия ва Франция ҳисобланади. Собиқ социалистик мамлакатлардан Польша, Венгрия ва Словакияда сарсабил ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бошқаларга нисбатан яхши ривожланган. Осиёда Хитой ва Таиланд янги сарсабилнинг энг йирик экспортчиларидир.
Сарсабилни энг катта ҳажмда импорт қилувчи мамлакат АҚШ ҳисобланади. Бу ерда ушбу сабзавот йил бўйи истеъмол қилинади. Шунинг учун айни АҚШ жаҳоннинг энг йирик иккинчи импортчиси бўлмиш Германияга нисбатан 10 баравар кўп сарсабил импорт қилади. Бу мамлакатлардан ташқари, йирик импортчилар қаторига Канада, Франция, Испания Буюк Британия, Нидерландия, Япония, Швейцария ва Бельгия ҳам киради. Осиёда тилга олинган Япониядан ташқари янги сарсабилни катта ҳажмда импорт қилувчилар қаторига Сингапур, Тайвань, Гонконг, Малайзия ва Жанубий Корея ҳам киришини қайд этиш жоиз. Шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатлари, биринчи навбатда, БААга сарсабил етказиб бериш ҳажми ўсиб бормоқда.
Экспертларимизнинг дастлабки хулосалари шундан иборатки, агар Ўзбекистон жаҳон мева-сабзавот бозорларини эгаллашни истаса, ҳозирнинг ўзидаёқ сарсабил етиштиришга эътибор қаратиши лозим. Негаки, мева-сабзавот маҳсулотлари ассортименти экспортчининг энг муҳим устуворликларидан бири ҳисобланади. Бу ўринда сарсабилнинг нархи анчагина баланд эканини гапириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Ўзбекистон асосий савдо бозорларидан олисда жойлашгани, денгиз портларига чиқиш имконияти йўқлиги ва бу мамлакатдан экспорт логистикаси доим қиммат эканини инобатга олсак, энг аввало, юқори нархли маҳсулотларга эътибор қаратиш муҳимдир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!