Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси ер ости чучук сувларини чиқаришда қудуқларни бурғилаш ва сувдан махсус фойдаланишга рухсат беришга мораторий жорий этишни таклиф қилмоқда. Бугунги кунда марказлашган ичимлик суви таъминотининг 67 фоизи ер ости сувлари ҳисобига амалга оширилади, аммо айрим ҳудудларда ер ости сувларининг даражаси 5 метр ва ундан ҳам кўпроқ пасайган.
Яқинда бўлиб ўтган “Ўзбекистон мева-сабзавот сектори – энг яхши инвестицион нишалар” Миллий онлайн конференциясида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак Ўзбекистонда сувдан оқилона фойдаланиш таклифини илгари сурган эди.
“Ўзбекистон боғбонлари ва сабзавот етиштирувчи фермерлар плантацияларни суғориш учун сувни артезиан горизонтларидан олишади (яъни, улар 150-200 метрдан ортиқ чуқурликда жойлашган) — бу ҳолат мамлакатда тез-тез учраб туради. Мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг келажак авлодлари ичимлик суви билан таъминланиши борасида жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ахир, артезиан сувлари энг муҳим қазилмалар қаторига киради. Бундан ташқари, мамлакатдаги жуда кўп далаларда суғориш қадимий ва норационал усулда —»жўяклар бўйлаб» амалга оширилади. Менимча, Ўзбекистонда бундай суғориш амалиёти қонуний равишда чекланиши керак, зеро, у фермерларга ҳам унчалик катта фойда келтирмайди”, деди эксперт.
Ўзбекистонда ушбу муаммога эътибор қаратилиб, ер ости чучук сувлари учун қудуқлар бурғилаш ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома беришга мораторий жорий этиш таклиф қилинмоқда. Давлат геология қўмитаси президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди ва у 16 августга қадар давом этади, дея хабар бермоқда Gazeta.uz нашри.
Янги тартиб 2022 йил 1 августдан бошлаб ер ости сувлари даражаси пасайган ҳудудларда жорий этилиши мумкин. Гап Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг қатор туманларидаги ҳудудлар ҳақида бормоқда.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон ва Молдовада сув танқислиги туфайли мева етиштириш кескин камайиши мумкин
Шу билан бирга, сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларда ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан сув тежовчи технологияларсиз ерларни суғориш тақиқланади (тасдиқланган давлат дастурлари доирасидаги бурғилаш ишлари бундан мустасно).
Лойиҳада ушбу ҳудудларда ичимликдан ташқари мақсадларда сув ҳисоблаш воситаларисиз ер ости сувларидан олинганда солиқ тўлови белгиланган солиқ ставкасининг беш баравари миқдорида ундириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан бошлаб ер ости сувларига қудуқ бурғилаш учун рухсатнома олиш тартибини бекор қилиш ва унинг ўрнига фақат юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга сертификат бериш тартиби жорий этиш таклиф этилмоқда. Улар бурғилаш ускуналарини GPS-трекер қурилмалари билан жиҳозлаши ва доимо уларни ишчи ҳолатда сақлаши талаб қилинади.
Ер ости сувларига қудуқларни «қўлбола» бурғилаш ускуналари билан қазиш қатъий тақиқланади. Агар ушбу ҳолатлар тегишли назорат органи томонидан аниқланганда бурғилаш ускуналарини мусодара қилиш юзасидан судга мурожаат киритилади.
Ҳужжатда қайд этилишича, ҳозирда марказлашган ичимлик сув таъминотининг 67 фоизи ер ости сувлари ҳисобига амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва саноатни жадал ривожлантириш ер ости сувларига эхтиёжнинг кескин ортишига олиб келиб, бу ўз навбатида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Хусусан, бугунги кунда айрим ҳудудлардаги ер ости сувлари сатҳининг кўп йиллик ўртача меъёрдан 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб, улар ресурсларининг камайиб кетиши кузатилмоқда.
Шунингдек, соҳага оид рухсат берувчи тартиб-тамойиллар кескин соддалаштирилганига қарамасдан, сўнгги йилларда Давлат геология қўмитасининг ҳудудий гидрогеология станциялари томонидан 1 200 дан ортиқ ер ости сувларига рухсатсиз бурғилаш ва улардан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!