Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон ва Молдовада сув танқислиги туфайли мева етиштириш кескин камайиши мумкин
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон ва Молдовада сув танқислиги туфайли мева етиштириш кескин камайиши мумкин

Ўзбекистон ва Молдова мевалар ва ёнғоқнинг икки йирик экспортёри ҳисобланади.  Ўзбекистондан мева экспорти ҳар йили мамлакатга 500-600 миллион доллар, Молдовага эса 200-230 миллион долларга яқин даромад келтиради. Дарвоқе, EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига ҳисоблангада Молдова Туркия ва Польшадан кўра кўпроқ мева экспорт қилади. Ваҳоланки, Молдова экспорт даромадларининг умумий миқдори сезиларли даражада паст.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳам, Молдова ҳам мева-сабзавот етиштиришда юқори суръатлар билан эътиборни тортмоқда. Ўзбекистонда “нолдан бошлаб” деб аталувчи кўплаб йирик боғдорчилик лойиҳалари амалга ошириляпти. Ушбу мамлакатда, кўпинча, қишлоқ хўжалигида илгари фойдаланилмаган ва суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ерлар ўзлаштирилмоқда. Шу боис, тадбиркорлар боғларни суғориш учун 200 метр ва ундан ортиқ чуқурликдаги қудуқларни бурғулашади.  Ва ҳатто шундай чуқурликдаги сув ҳам кўп ҳолларда номукаммал сифатли ва таркибида туз миқдори юқори бўлиб, бу уни фильтрлаш учун катта харажатлар талаб этади.

Шунингдек ўқинг: Экспертлар фикри: ёзги аномал иссиқ об-ҳаво Марказий Осиё учун янги меъёрга айланади

Молдовада ҳам сувдан фойдаланишда катта муаммолар мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, боғларнинг атиги 10-15 фоизи суғориладиган ерларда жойлашган, қолганлари эса лалми ерлардир. Бу маҳсулотларнинг ҳосилдорлиги ва сифатига салбий таъсир кўрсатиб,  Молдовадаги боғдорчилик лойиҳалари рентабеллигини сезиларли даражада камайтиради.  Бундан бир неча йил аввал боғбонларга суғориш учун қудуқларни бурғулаш ёки эски қудуқларни қайта очишга рухсат берилди, ваҳоланки, маълум бўлишича, кўпчилик буни илгари ноқонуний равишда амалга оширган. Бироқ қудуқ бурғулаш учун рухсат олингач ҳам кўпчилик бу қудуқлардаги сувнинг суғориш учун яроқсизлиги, туз миқдори кўплигидан қийналмоқда.

Бу йил Молдовада ҳам, Ўзбекистонда ҳам ёз фаслидаги об-ҳаво мутлақо аномал бўлди. Молдованинг аксарият вилоятларида ёзнинг дастлабки икки ойида умуман ёғингарчилик бўлмаган, Ўзбекистонда эса айрим вилоятларда июль ойида ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 45 ва ундан юқори даражада сақланиб турган.

Июль ойининг охирида мен Молдова боғларида бир неча йил давомида суғорилмаса ҳам ўсиб, мева бериб келган шафтоли ва бошқа данакли мева дарахтлари сув танқислигидан нобуд бўлаётганини кўрдим. 2022 йилда улар қурий бошлади. Боғни сақлаб қолиш учун фермерлар дарахтларни бошқа ҳудудлардан бочкаларда олиб келинган сув билан суғоришга мажбур бўлди”, дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Ўзбекистонда артезиан сувларининг “олтин захираси”дан кўп фойдаланиш жиддий ташвиш уйғотмоқда, чунки, бунинг оқибатида ичимлик суви танқислиги хавфи юзага келади. Фермерларнинг ўзи ҳам қудуқлар сатҳи пасая бошлаганини тан олмоқда ва яқинда матбуотда расмий манбаларга таяниб, етти вилоятда ерости сувлари сатҳи 5 метрга пасайгани ҳақидаги хабар пайдо бўлди. Бу ҳам мева-сабзавот саноати учун жуда ёқимсиз тенденция ва таҳдидли вазиятдан далолатдир”, дейди эксперт.

Андрий Ярмакнинг фикрича, бу яқин йилларда Молдова ва Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштиришнинг ўсиш суръатлари сустлашиши ёки ҳатто камайишига олиб келиши мумкин.

«Шуни қайд этишни истардимки, Ўзбекистонда, шубҳасиз, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳали яхшигина захиралар мавжуд, чунки, бу ерда кам самарали ва энг қадимий суғориш усули — «жўяк билан” суғориш ҳалигача кенг қўлланмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон фермерлари суғориш тизимини ўрнатган бўлишса-да, сув текин эканини таъкидлаб, боғга жўяклардан сув ўтказишларини кўрганман. Шубҳасиз, агар сув “текин” бўлаверса, унга нисбатан тежамкорлик билан муносабатда бўлиниши даргумон”, дейди ФАО иқтисодчиси.

Дарвоқе, сув нархи кўтарилиши ўзбекистонлик фермерларнинг маҳсулот сифатига эътибор қаратишига туртки беради, бу эса унинг қиймати ва нархини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юқори сифатли маҳсулотлар  юқори нархларга эга бўлган талабчан бозорларга чиқиш имконини беради ва жаҳондаги у қадар барқарор бўлмаган бозор, яъни, Россияга экспортга қарамликни камайтиради. Ҳозирча, афсуски, ўзбек маҳсулотларининг асосий афзаллиги унинг арзонлиги, аммо бу жуда нозик афзаллик, чунки, Ўзбекистон ташқи бозорлардан жуда узоқда жойлашган, демак, транспортировка тушумнинг асосий қисмини еб қўяди, фермерга эса ҳеч вақо қолмайди. Бу, табиийки, сектор ривожини таъминламайди”, дейди Андрий Ярмак.

Шу муносабат билан сувдан самарали фойдаланиш технологияларини қўллаш, қолаверса, боғдорчиликни иқлим ўзгаришига мослаштириш яқин келажакда Молдова ва Ўзбекистон ҳамда минтақанинг бошқа мамлакатлари боғбонларининг диққат марказида бўлиши аниқ.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Атирау вилояти (Қозоғистон)да сабзавот етиштириш учун йирик иссиқхона қуришни режалаштирмоқда

EastFruit

Тарвуз атрофидаги шов-шувлар Ўзбекистонда унинг ички савдосини кескин камайтириши мумкин

EastFruit

Хитой ва Буюк Британияда қурғоқчилик туфайли ҳосилнинг 10% дан 50% гача бой берилиши мумкин

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин