Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда олчанинг нархи қанча ва энг арзон нарх қаерда?
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда олчанинг нархи қанча ва энг арзон нарх қаерда?

EastFruit мутахассислари яна бир хуштаъм мева ҳақида алоҳида сўз юритишмоқчи. У ҳам бўлса, гилоснинг «қариндош»и, доим унинг сояси остида қолиб кетадиган мева – олчадир. Ваҳоланки, олча Ўзбекистон учун муҳим маҳсулот!

Хўш, ҳозир Ўзбекистонда олчанинг нархи қанча? Энг юқори ва энг паст нархлар қайси ҳудудда? Келинг, мазкур саволларга жавобни қуйидан қидирамиз.

Аввало, олчанинг бутун жаҳонга машҳур «қондош»и гилосчалик ном қозонмаганидан гапни бошласак. Айниқса, ширин таъмли ва йирик меваларни хуш кўрувчи аксарият мамлакатларда у деярли номаълум. Олчани анъанавий равишда «славян мевалари» деб аташ мумкин, чунки, у, асосан уч славян мамлакати – Украина, Россия ва Польшада етиштирилади. Сербия ва Беларусь ҳам ушбу турдаги мевани етиштириш бўйича жаҳонда етакчилар қаторига киради. Украинада олча миллий тимсол, десак, адашмаймиз, негаки, у ерда олча дарахти экилмаган хонадон камдан-кам топилади.

Олча етиштириш бўйича жаҳон лидерлари қаторида  ҳар йили тахминан 50-60 минг тоннагача ҳосил йиғиб олувчи Ўзбекистон ҳам бор. Бу кўрсаткич мамлакатни жаҳондаги ўнта энг йирик олча етиштирувчилар сафига киришига имкон беради.

Ушбу мева парвариш жараёнида катта харажатлар талаб қилмайди ва у Ўзбекистондаги кичик ҳамда ўртача ҳажмда маҳсулот етиштирадиган фермерлар ва деҳқонлар учун муҳим даромад манбаидир.

Олчанинг гилосга нисбатан ўзига хос бир хусусияти бор – бу унинг ёрқин нордон таъмидир. Айни жиҳати билан мураббо, жем, конфитюр, мармелад ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қимматли масаллиқ саналади. Олча нон маҳсулотларини тайёрлашда (турли хил пишириқларда) ва ҳатто сут саноатида йогурт учун қўшимча восита сифатида кенг қўлланади. Шунингдек, унинг шарбати гилос шарбатига қараганда кўп учрайди. Кейинги пайтда сархил маҳсулотлар бозори учун олчанинг десерт навлари ҳам пайдо бўлди, улар таъм борасида гилос билан бемалол рақобатлаша олади.

Шу сабабли, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда истеъмолчилар ўртасида жуда кўп тортишувлар бўлмоқда: қай бири яхшироқ – олчами ёки гилос? Ва уларнинг ҳар бирига тарафдорлар етарлича. Ўзбекистонда ҳам олчани гилосдан кўра кўпроқ хуш кўрадиган истеъмолчилар кам эмас.

Ўзбекистоннинг сархил маҳсулотлар ички бозорида нархланиш нуқтаи назаридан олча икки тоифага бўлинади: одатий ва «шпонка» деб аталувчи катта, гўштдор олча. Ушбу тоифалар учун нарх алоҳида белгиланиб, «шпонка» ҳар доим одатий олчага қараганда қимматроқ сотилади. Чунки, уни қандолатчилик ва озиқ-овқат саноатининг бошқа жабҳаларида кенг қўллаш мумкин.

Шундай қилиб, ҳозирги кунда олчанинг нисбатан арзон чакана нархлари Фарғона водийсидаги уч вилоятда ва Хоразм вилоятида. Мамлакатдаги энг арзон олча Наманган вилоятидадир: бу ерда ушбу турдаги мева республикадаги ўртача кўрсаткичдан (7000 сўм/кг ёки $0,66) икки баравар арзон сотилмоқда. Шунингдек, Наманганда олча энг юқори нархлар қайд этилган ҳудудлар – Бухоро ва Навоий вилоятларига нисбатан уч баравар арзон.

Ҳудуд (вилоят) Ўртача нарх Энг паст нарх Энг юқори нарх
сўмда $ сўмда $ сўмда $
Наманган вилояти 3 550 0,33 3 000 0,28 5 000 0,47
Андижон вилояти 4 000 0,38 4 000 0,38 4 000 0,38
Фарғона вилояти 4 300 0,41 3 000 0,28 6 000 0,57
Хоразм вилояти 4 700 0,44 3 500 0,33 6 000 0,57
Тошкент шаҳри 7 000 0,66 5 000 0,47 8 000 0,75
Сирдарё вилояти 7 160 0,67 6 500 0,61 8 000 0,75
Жиззах вилояти 7 500 0,71 5 000 0,47 10 000 0,94
Қорақалпоғистон Республикаси 7 800 0,74 5 000 0,47 10 000 0,94
Самарқанд вилояти 7 900 0,74 5 000 0,47 10 000 0,94
Сурхондарё вилояти 7 900 0,74 7 000 0,66 10 000 0,94
Тошкент вилояти 7 900 0,74 6 500 0,61 10 000 0,94
Қашқадарё вилояти 8 150 0,77 7 000 0,66 10 500 0,99
Бухоро вилояти 10 000 0,94 7 000 0,66 12 000 1,13
Навоий вилояти 10 300 0,97 9 000 0,85 12 000 1,13

Умуман олганда, Фарғона водийсида олчанинг ўртача чакана нархи кг учун 4000 сўм ($0,38) бўлиб, нархлар 3000 сўмдан ($0,28) 6000 сўмгача ($0,57) ўзгариб турибди.

Шунингдек, биз бир жиҳатни пайқадик – олчанинг нисбатан паст нархлари февраль охири ва март ойи бошидаги қаттиқ совуқлар данакли меваларга энг кам таъсир қилган ҳудудларда аниқланди. Aксинча, юқори нархлар республиканинг жанубий қисми ва марказий зонасида кузатилмоқда. Бу хусусда EastFruit прогноз қилган ва бу қаттиқ совуқлар данакли мевалар ҳосилига энг кўп зарар етказиши ҳақида ёзган эди. Қорақалпоғистон эса об-ҳаво аномалияларидан деярли азият чекмаган бўлса-да, у ерда олчанинг нархи баланд. Бу, эҳтимол, минтақада мазкур мева кам етиштирилгани туфайлидир.

Aйтганча, EastFruit улгуржи нархлари мониторингига кўра, олчанинг улгуржи нархи  ҳатто аввалги икки йилга нисбатан бу йил паст даражада, ўртача улгуржи нарх 51 AҚШ центига тенг.

Ваҳоланки, ўтган йили олча нархи 69 цент, 2019 йилда эса 94 центга тенг бўлган эди. Aммо шуниси ҳам бор –  йирик улгуржи партиялар  бозорда камдан-кам ҳолларда таклиф этилгани боис, олчанинг улгуржи нархларини кузатиб бориш анчайин қийин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин