Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда июнь-июль ойларида бананнинг улгуржи нархи 33 фоизга пасайди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда июнь-июль ойларида бананнинг улгуржи нархи 33 фоизга пасайди

2022 йил июнь ойининг иккинчи ўн кунлигидан июль ойи охирига қадар Ўзбекистонда бананнинг ўртача улгуржи нархлари 33 фоизга пасайди ва жорий йилнинг ўтган даврига нисбатан минимал даражага етди. Бананнинг ҳозирги улгуржи нархлари 2019-2021 йилларнинг июль ойи охиридаги даражага нисбатан жуда паст ҳисобланади. Шу билан бирга, нархларнинг бундай арзонлашуви ушбу маҳсулотнинг истеъмол даражаси пасайиши билан бирга кечди, дея хабар бермоқда EastFruit таҳлилчилари.

EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 10 июнидан 29 июлига қадар Ўзбекистонда бананнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 20 000 дан 13 500 сўмгача, яъни, 33 фоизга пасайди ва жорий йилнинг ўтган даври учун минимал даражага етди. Бундан ташқари, 2022 йилнинг 29 июль ҳолатига кўра, ўртача улгуржи нархлар 2021 йилнинг шу санасига нисбатан 21 фоизга, 2019 йилнинг шу санасига нисбатан эса 13 фоизга паст.

2022 йилнинг июнь-июль ойларида бананнинг улгуржи нархлари пасайиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан импортнинг, шунингдек, ушбу маҳсулот истеъмолининг қисқариши билан бирга кечди. EastFruit таҳлилчиларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилнинг июнь-июль ойларида Ўзбекистон 7,2 минг тонна банан импорт қилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга камдир.

EastFruit экспертлари қайд этганидек, 2021 йилда, хусусан, ўтган йилнинг июнь-июль ойларида ҳам банан истеъмолининг кескин ошиши сабабларидан бири Ўзбекистонда кўп турдаги данакли мевалар ва умуман, мева-сабзавот маҳсулотлари нархи нисбатан юқори бўлганлигидир. Зеро, 2021 йилнинг февраль ойи охири ва март ойи ўрталарида кузатилган совуқнинг икки тўлқини сабаб, ушбу мевалар ҳосилига катта зарар етган. Ушбу об-ҳаво аномалиялари сабаб ҳосили кескин камайган бир қатор данакли мевалар нархи билан солиштирганда, банан 2021 йилда нисбатан арзон мева эди.

Ўзбекистонда 2022 йилги баҳорнинг биринчи ойида ҳам об-ҳаво аномалиялари кузатилди, бу эса гилос ва ўрик каби баъзи турдаги данакли мевалар ҳосилига катта зарар етказди. Бироқ, бошқа данакли мевалар ҳосилига деярли зарар етмади. Олма, нок, шафтоли ва олхўрининг 2022 йилги ҳосили ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада юқори бўлди ва шу боис, кўп турдаги данакли мевалар нархи 2021 йилга нисбатан анча арзон. Ўз навбатида, бу 2022 йилнинг июнь-июль ойларида – данакли мевалар пишиб етилиши даври ва оммавий йиғим-терим мавсумида банан истеъмоли кескин камайишига олиб келди.

Қайд этиш жоизки, 2022 йилнинг июнь-июль ойларида 2021 йилнинг шу даврига нисбатан банан истеъмоли кескин камайганига қарамай, ушбу маҳсулот истеъмоли 2019-2020 йилларнинг июнь-июль ойларига нисбатан 31% ва 50% га  юқори бўлди. Бу EastFruit таҳлилчилари бир неча бор қайд этганидек, Ўзбекистонда банан истеъмолининг умумий ўсиш тенденцияси давом этаётганидан далолатдир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга 63,5 минг тонна банан импорт қилинган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробар, 2019-2020 йилларнинг шу даврига нисбатан эса камида 3,4 баробар кўпдир.

2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга ушбу маҳсулотнинг асосий етказиб берувчиси Эквадор бўлиб, жами импортнинг қарийб 99 фоизи унинг улушига тўғри келади.  Бироқ, жаҳон бозорида банан етиштирувчи ва ушбу маҳсулотни экспорт қилувчи йирик давлатлардан бири бўлмиш Ҳиндистон тез орада Ўзбекистон бозорида Эквадор билан рақобатлашиши мумкин. EastFruit 2022 йилнинг июль ойи охирида Ўзбекистон Ҳиндистондан 6 турдаги товарлар, хусусан, банан, манго, соя ва гуруч импорти учун фитосанитария рухсатномаларини бергани ҳақида ёзган эди. Ўз навбатида, Ҳиндистон томони ҳам Ўзбекистондан узум, олхўри ва гилос етказиб берилишига рухсат берган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин