Жорий мавсумда Ўзбекистонда янги ҳосил олхўриси чакана савдода май ойининг учинчи ўн кунлигида, ўтган йилги билан бир вақтда пайдо бўлди. EastFruit экспертларининг қайд этишича, ушбу маҳсулот мамлакат супермаркетлари пештахталарига етиб келгач, орадан бир ой ўтиб, унинг нархи 3 баробар арзонлашган.
2022 йилнинг 25 май куни Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи мавсумнинг бошқа янгиликлари қатори олхўрининг янги ҳосили савдоси бошланганини эълон қилди. Ўзбекистон пойтахтида жойлашган мазкур тармоқ дўконларида истеъмолчиларга ушбу маҳсулот 19 900 сўм/кг нархида таклиф қилинган. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2021 йилда худди шу тармоқ дўконларида олхўри 21 май куни 27 990 сўм/кг нархда сотувга чиққан. Бошқача айтганда, жорий мавсумда янги ҳосил олхўриси супермаркетлар пештахталарига ўтган йилги мавсум билан солиштирганда 4 кун кечроқ, бироқ деярли 30 фоиз арзонроқ нархда сотувга чиқди.
Жорий мавсумнинг янги ҳосил олхўриси сотувга чиққандан сўнг, орадан деярли бир ой ўтиб, 2022 йилнинг 24 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистон пойтахти дўконлари ва бозорларида ушбу маҳсулот нархи ўртача 1 кг учун 6500 сўмни ташкил этмоқда. Шундай қилиб, 2022 йилнинг 25 майидан 24 июнига қадар олхўри нархи 1 кг учун 19 900 дан 6 500 сўмга пасайган, яъни, бир ой ичида ушбу маҳсулотнинг чакана нархлари 3 баробар пасайди.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон: эртаги узум ҳосили йиғим-терими авжида ва нархлар кескин пасаймоқда (фото)
EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йил 24 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда олхўрининг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 4000 сўмни ташкил этди, бу ўтган йилгидан роппа-роса 2 баробар паст кўрсаткичдир. Бироқ, 2021 йилги мавсумда февраль ойи охири ва март ойи ўрталарида кузатилган совуқлар туфайли ҳосил пастлиги сабаб, Ўзбекистонда олхўри сўнгги уч йил ичидаги энг юқори нархда бўлганини ҳисобга олиш керак.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!