2023 йил март ойи охирида EastFruit Ўзбекистоннинг энг жанубий минтақасида эртаги қишки пиёз йиғим-терими бошлангани ҳақида ёзган эди. Худди шу мақолада прогноз қилинганидек, орадан бир ҳафта ўтгач, ушбу маҳсулотнинг биринчи йирик партиялари мамлакат пойтахтидаги улгуржи бозорларга чиқди.
Жорий йилда янги ҳосил пиёзининг улгуржи партиялари ўтган йилгидан қарийб ўн кун кечикиб сотувга чиқди. 2023 йил 7 апрель ҳолатига кўра, янги ҳосил пиёзининг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 8000 сўмни ташкил қилди. Шу билан бирга, ўтган йилги ҳосил пиёзининг (2022 йил ҳосили) ўртача улгуржи нархи худди шу санада 6000 сўм/кг, яъни, эртаги пиёздан 25% арзонроқ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, январдаги совуқлар «август пиёзи» баргларини бутунлай нобуд қилди. Янги барглар униб чиқиши ва уларнинг ривожланиши учун яна вақт керак бўлди ва бу, ўз навбатида, пиёзнинг пишиб етилиш муддатини тахминан 10 кунга суриб юборди. Табиийки, 2023 йилнинг баҳорида эртаги пиёз ҳосилининг йиғим-терими бошланиши ҳам шу муддатга кечикди.
Шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Марказий Осиёда энг йирик пиёз экспортёри ҳисобланади, республика йилига 200 минг тоннадан ортиқ пиёз экспорт қилади. 2023 йилнинг март ойи ўрталарида Ўзбекистонда пиёз экспортига ўрнатилган вақтинчалик чекловлар бекор қилинди.
«VESAGRO» МЧЖ консалтинг компанияси раҳбари Ўрмонали Усмоновнинг фикрига кўра, экспортга яроқли пишиб етилиш даражасига эга янги ҳосил пиёзининг йирик партиялари ички бозорга жорий йилнинг апрель ойи ўрталарида ёки ундан кейин чиқади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!