Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон селекционерлари қорағат (смородина)нинг янги навларини тақдим этди (фото)
ДолзарбМахсусФотосуратлар тўпламиЯнгиликлар

Ўзбекистон селекционерлари қорағат (смородина)нинг янги навларини тақдим этди (фото)

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида олтинсимон қорағат (смородина)нинг янги ва интродуксия қилинган (ҳудудимиз учун хос бўлмаган) навлари ва дурагайларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадқиқотлар натижасида мазкур турдаги резаворнинг янги навлари яратилди, деб хабар бермоқда EastFruit мутахассислари.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг махсус хабарида айтилишича, яқинда институт олимлари томонидан қорағатнинг “Сиюма”, “Рухшона”, “Муҳаббат”, “Узбекская сладкая”, “Гулноз”, “Ирода”, “Ёдгор”, “Наргиз”, шунингдек, интродуксия қилинган “Лёвушка”, “Вика”, “Aся”, “Валентина”, “Подарок”, “Aриадна” ҳамда “3759/6” гибриди дегустациядан ўтказилди.

Институт селекционери Ҳилола Абдуллаеванинг қайд этишича, бу навлар юқори маҳсулдорлиги, транспортабеллиги, абиотик омилларга бардошлилиги, макро ва микроэлементларга бойлиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, янги навлар турли касалликларга чидамли бўлиб, мевалари таркибида С витамини мўлдир.

Бошқа навлар билан солиштирганда янги дурагайларнинг меваси ҳажми йирикроқ, қаттиқроқ,  уруғлари кам ва шу билан бирга серсувдир.  Қолаверса, иссиқ иқлим шароитида мевалари ёрилиб кетиши эҳтимоли ҳам анча кам”, деди дегустация чоғида бўлим бошлиғи Шуҳрат Аҳмедов.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистонда суперфуд – бамия етиштириш ўзлаштирилмоқда (фото)

Олтинсимон қорағатнинг учта янги нави – “Узбекская сладкая”, “Ойдин” ва “Ёдгор” навлари бўйича ҳужжатлар Давлат нав синови марказига, шунингдек, Интеллектуал мулк агентлигига тақдим этилган.

«Институтнинг тажриба плантацияларида олтинсимон қорағатнинг 26 та янги ва интродукцияланган навлари ҳамда дурагайлари етиштирилмоқда. Бу ерда биз тажрибалар ўтказамиз, уларни мамлакат иқлим шароитида ўрганамиз. Ушбу навларнинг ҳар бири ўз хусусиятига қараб, бир тупидан бир мавсумда камида 2-3 кг ва 6-7 килограммча ҳосил беради«, дейди институтнинг кичик илмий ходими Жаҳонгир Ғофуров.

Олтинсимон қорағат қурғоқчиликка, иссиққа, совуққа чидамлилиги, кам кислотали ва кучсиз ишқорий тупроқларга мослашувчанлиги билан ажралиб туради, деярли ҳар қандай тузилишдаги тупроқларда униб-ўсади. Олтинсимон қорағатни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ўстириш мумкин. Aйни кунларда академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик ИТИ илмий ходимларининг талабалари Бухоро, Сурхондарё, Aндижон, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида бир қанча навларни етиштириш устида ишламоқда.

Қорағат мевалари қайта ишланган ҳолда ҳам ўз хусусиятларини сақлаб қолади. Ушбу резавор мевадан шакарланган қотирилган цукатлар, шарбатлар, компотлар, мураббо, жем, вино тайёрланади. Қорағат компоти ёзги жазирамада чанқоқни яхши қондиради. Мевалар музлатиш учун мос бўлиб, озуқавий қийматини йўқотмасдан янги ҳосилга қадар сақланиши мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Маrlena қизил смородина бозорида янги лидерга айланадими?

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин