EastFruit таҳлилчилари аввалроқ қайд этганидек, Ўзбекистонда пиёзнинг улгуржи нархлари динамикасида пасайиш тенденцияси шаклланди. Ўтган ҳафта ушбу маҳсулот нархи пасайишда давом этди, боз устига, аввалги ҳафталарга нисбатан тез суръатда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда пиёзнинг улгуржи нархлари EastFruit лойиҳаси ҳафталик мониторинг олиб борадиган минтақа мамлакатлари орасида энг паст даражага тушди.
Нархлар мониторингига кўра, 2023 йил 3 мартдан 10 мартга қадар Ўзбекистонда пиёзнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 7000 сўмдан 6000 сўмга, яъни ўтган ҳафта давомида 14 фоизга арзонлашган. Охирги ойда шаклланган пасайиш тенденциясини ҳисобга олсак, 2023 йилнинг 10 февралидан 10 мартигача ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 25 фоизга пасайганини қайд этиш жоиз.
Ўтган йиллар даражаси билан солиштирилганда, ҳозирги улгуржи нархлар ҳануз юқорилигича қолмоқда. 2023 йилнинг 10 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пиёзнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасидаги даражадан роппа-роса 3 баробар, 2020-2021 йилларнинг шу санасида қайд этилган даражадан эса 5-6 баробар юқори.
Эслатиб ўтамиз, EastFruit таҳлилчилари икки асосий омилни қайд этишган, зеро, ушбу омиллар таъсирида ўтган ой давомида пасайиш тенденцияси шаклланди. Биринчиси, жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонга пиёз импорти ортиши, иккинчиси, февраль ойи охири ва март ойи бошида ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати кескин ошишидир, бу номақбул шароитларда сақланаётган пиёз захиралари сифатига салбий таъсир кўрсатади. Ўз навбатида, мазкур ҳолат маҳсулот импортининг рекорд ҳажми билан бир қаторда фермерлар ва трейдерларни мавжуд пиёз захираларини тезроқ сотиш ва шу орқали ички бозордаги таклиф ҳажмини сезиларли даражада оширишга олиб келди.
Бундан ташқари, бир ойдан камроқ вақтдан сўнг ички бозорга пиёзни янги ҳосилининг улгуржи партиялари чиқади. Бу ҳам, ўз навбатида, фермер ва трейдерларни ўтган йилги пиёз ҳосили захирасини тезроқ сотишга ундаяпти. Ушбу маҳсулот экспорти масаласига келсак, Ўзбекистондан пиёз экспортига жорий йилнинг апрель ойи охирига қадар вақтинчалик чекловлар мавжуд.
Шунингдек ўқинг: Қирғизистонда пиёз экспортига қўйилган таъқиқ муддатидан аввал бекор қилинди
Шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда пиёзнинг амалдаги улгуржи нархлари EastFruit ҳафталик мониторинг олиб борадиган мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткичдадир. 2023 йилнинг 10 март ҳолатига кўра, минтақа мамлакатларида пиёзнинг ўртача улгуржи нархи (1 кг учун АҚШ долларида) қуйидагича: Ўзбекистон – $0,53; Тожикистон — $0,73; Грузия — $0,85; Молдова — $0,91; Полша — $0,97; Украина — $1,23.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!