Узум мева-сабзавот сегментида Ўзбекистоннинг энг йирик экспорт позицияси ҳисобланади. Жорий йилда сархил хўраки узумнинг янги ҳосили экспорти мавсуми июнь ойининг иккинчи ўн кунлигида, ўтган йилга нисбатан деярли бир ҳафта аввал эртапишар навларни жўнатиш билан бошланди. EastFruit экспертларининг қайд этишича, ташқи бозорларга сархил хўраки узум жўнатиш мавсуми бошланганидан буён олти ой ичида Ўзбекистон ушбу маҳсулотни рекорд ҳажмда экспорт қилди.
Дастлабки расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг июнь ойи бошидан ноябрь ойи охирига қадар Ўзбекистон жами 206,8 минг тонна, умумий қиймати эса 173,4 миллион долларлик сархил хўраки узум экспорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний кўрсаткичда 5 фоиз, экспорт тушуми бўйича эса 30 фоизга кўпдир. 2021 йилнинг худди шу даврида хорижий бозорларга рекорд ҳажмда сархил узум жўнатилганини инобатга олсак, 2022 йилда Ўзбекистон ўтган йилги рекордини янгилади.
Ўзбекистондан сархил хўраки узумнинг катта қисми Россия бозорига жўнатилди ва тўрт давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларуснинг умумий улуши ушбу маҳсулот экспортининг 99,6 фоизини ташкил этади:
Россия – 156,3 минг тонна ( умумий экспортнинг 75,6%);
Қозоғистон – 29,0 минг тонна (14,0%);
Қирғизистон – 18,0 минг тонна (8,7%);
Беларусь — 2,6 минг тонна (1,2%);
Покистон — 792 тонна (0,4%);
Мўғулистон — 64 тонна;
Бошқа мамлакатлар — 22 тонна.
Мазкур даврда Ўзбекистон сархил узумининг Покистонга қарийб 800 тонна экспорт қилинганини алоҳида қайд этиш жоиз, бу маҳсулот Ўзбекистондан ушуб мамлакатга камида сўнгги беш йил давомида етказиб берилмаган эди.
Ўзбекистондан сархил хўраки узум экспорти мавсуми тахминан 9-10 ой давом этади: июнь ойидан бошлаб – эртапишар навлар ҳосилининг оммавий йиғим-терими бошланганидан то келгуси йилнинг март ойи охирига қадар. Шундай қилиб, 2022 йилги ҳосилнинг сархил узум экспорти мавсуми тугашига ва унинг натижаларини сарҳисоб қилишга ҳали 4 ойга яқин вақт бор.
EastFruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.