Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон Хитойга мева экспортини кескин камайтирди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон Хитойга мева экспортини кескин камайтирди

EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон Хитойга мева экспортини яна камайтирди. Маълумки, Хитой жаҳондаги энг жозибали мева бозорларидан бири. 2021 йилнинг биринчи саккиз ойида мева экспорти жисмоний жиҳатдан 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 16% ва 2019 йилга нисбатан роппа-роса уч баробар камайди. Шундай қилиб, Хитой бозорига мева етказиб беришдаги салбий тенденция давом этмоқда.

Айниқса, ўзбек гилосининг экспорт ҳажми жуда паст нарх даражасига қарамай пасайгани яққол сезилди. 2021 йилда Ўзбекистон Хитой бозори учун фақат 14 тонна гилос етиштириб, уни етказиб бера олди. Зеро, бу гилос хитойлик импортёрлар талабларига жавоб бериши керак эди. 2020 йилда Ўзбекистон 105 тонна, 2019 йилда – 600 тоннадан бироз кўпроқ, 2018 йилда эса 148 тонна гилос экспорт қилди. Яъни, Хитой гилос бозорига кирганидан бери Ўзбекистон ҳеч қачон у ерга бунчалик кам маҳсулот экспорт қилмаган эди.

Аммо айнан Хитой – жаҳон гилос савдоси учун энг тез ўсаётган бозордир. Гилос эса ўз навбатида, экспорти тез суръатлар билан ўсиб бораётган ва нархи баланд мевалигича қолмоқда.Шу билан бирга Хитой гилос учун жаҳондаги энг юқори нархлардан бирини тўлайди. Бироқ, Ўзбекистон 2021 йилги гилос сифати яхши эмаслиги сабабли, уни, асосан, Россияга етказиб беришга мажбур бўлди. Ва у ҳам 2020 йилга нисбатан анча арзон нархда эди. Қолаверса, Россия бозорида Ўзбекистондан яхшироқ маҳсулот таклиф қиладиган рақобатчилар кўпайиб борди. Биз ушбу мақолада Ўзбекистон гилосининг арзонлиги сабабларини батафсил таҳлил қилдик.

Бу ерда Ўзбекистоннинг ҳақиқий экспорт сифатли гилоси қандай етиштирилиши, ишлов берилиши ва қадоқланишини кўришингиз ҳамда ўқишингиз мумкин. Бундай боғни қуриш учун қанча маблағ сарфланиши ва уни барпо этишдаги тўғри йўналишлар ҳақида мана бу ерда батафсил ўқишингиз ва тинглашингиз мумкин.

Энди, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги мева савдоси мавзусига қайтсак. Ҳатто бу савдонинг энг «оммабоп» позицияси, яъни ўзбек майизи (қуритилган узум)ни Хитойга экспорт қилишда ҳам охирги етти йил мобайнида антирекорд ўрнатилди! Ўзбекистондан Хитойга майиз экспорти 2020 йилга нисбатан 17 фоиз, 2019 йилга нисбатан эса уч баробар камайди. Ўзбекистоннинг Хитойга экспорти ўсган ягона экспорт позицияси қуритилган ўрик (туршак ва бошқа маҳсулотлар) бўлди. Қуритилган ўрик экспорти 2020 йилга нисбатан 37% га ошди, лекин унинг умумий экспорт ҳажмидаги улуши кичик – атиги 5% атрофида эди. Шунинг учун у умумий салбий динамикага жиддий таъсир кўрсатмади.

“Ривожланаётган мамлакатларда сархил ва қуритилган мевалар етиштириш ҳажмининг ўсиши билан ушбу маҳсулотларнинг жаҳон бозори ҳам рақобатбардош бўлиб бормоқда. Бунга уларни етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари ҳақидаги маълумотлар кенг тарқалаётгани сабабдир. Зеро, ушбу усуллар ишлаб чиқаришни тезроқ йўлга қўйиш имконини беряпти. ФАО ва ЕТТБ ҳам технологик ҳамда бозор билимларини максимал даражада оширишга ҳаракат қилмоқда. EastFruit платформаси бунинг ёрқин далилидир. Бироқ, жаҳонда мева танқислиги йўқлиги сабабли, бозорда муваффақият қозониш учун етиштириладиган меваларнинг юқори сифати, хавфсизлигини таъминлаш жуда муҳимдир. Ваҳоланки, буни мева етиштирувчиларнинг ўзи эмас, балки харидорлар тушунмоқда. Постсовет ҳудуди мамлакатларида мева сифати, унга ишлов бериш ва маркетинг масаласига жуда кам эътибор қаратилади. Бу эса маҳсулотни арзон нархда сотиш ёки жуда арзон нархларда қайта ишлаш корхоналарига хом ашё сифатида сотиш заруратини келтириб чиқаради», – дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Айтганча, Ўзбекистон Хитойга мева етказиб беришни камайтирар экан, Эрон буни фаол равишда кўпайтирди. 2021 йилнинг 8 ойида Эрон мева ва ёнғоқларининг Хитойга экспорти 75%га ошди!

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин