Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиймати Ўзбекистон умумий ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Сўнгги бир неча йил ичида Хитой ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги департаментлари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани туфайли Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ХХР бозорига тобора кўпроқ кириб бормоқда.
Мамлакатда, асосан, пахта ва мева-сабзавотлар етиштирилади, экспорт ҳажми ҳам анча катта. Юқоридаги маҳсулотлар Ўзбекистон учун асосий хорижий валюта манбаларидан бири ҳисобланади. Бу хусусда Avesta.tj “Женьминь жибао” нашрига таяниб ёзди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати аграр соҳага илмий-техникавий тараққиёт учун сармоя киритилишини кўпайтирди, тупроқни яхшилаш жамғармаси тузилди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш қувватларини мустаҳкамлаш мақсадида янги ирригацион-дренаж тизими трансформация қилиниб, барпо этилди. Буларнинг бари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва қўшимча қийматини оширишга хизмат қилди. Айни пайтда Ўзбекистонда гилос, қовун, анор каби мевалар халқаро бозорда машҳур бўлиб, анчайин рақобатбардошдир.
Логистика ва транспорт инфратузилмасини барпо этиш Ўзбекистон ташқи савдосини ушлаб турувчи асосий омил ҳисобланади. Бу муаммони ҳал қилиш учун Ўзбекистон ўз ривожланиш стратегиясини “Бир камар, бир йўл” ташаббуси билан фаол равишда боғламоқда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида минтақавий ҳамкорликнинг янги моделини ўрганмоқда. Ҳозирги кунда Хитойнинг кўплаб шаҳарларидан Тошкентга рейслар очилган. Бундан ташқари, ХХРнинг Тарим пасттекислигидан Амударё ҳавзасигача Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон халқаро юк ташув йўналиши йўлга қўйилди.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистонда нок нархи рекордларни янгиламоқда
Сентябрь ойида бўлиб ўтган “Хитой-Ўзбекистон” Савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича кичик қўмитанинг еттинчи йиғилишида Хитой савдо вазири ўринбосари ва халқаро савдо музокараларидаги вакили ўринбосари Юй Цзяньхуа Хитой кўп сонли юқори сифатли ва экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига хайрихоҳ эканини қайд этди. Шу билан бирга, эпидемиянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш шароитида трансчегаравий транспорт ҳамкорлигини ривожлантиришда логистика самарадорлигини оширишни давом эттириш зарур.
Кейинги йилларда икки мамлакат аграр бошқармалари яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Бир томондан, Ўзбекистоннинг сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари фаол тарғиб қилиняпти. Ўзбекистон Хитой халқаро кўргазмасида иштирок этишга катта аҳамият қаратади. Ўзбек мевалари мамлакат стендида доимо “юлдуз” экспонатлар ҳисобланади.
Бошқа томондан, алоқа мустаҳкамланади, тўсиқлар олиб ташланади. 29 сентябрь куни видеоконференция форматида Қишлоқ хўжалиги ҳамкорлиги бўйича Ўзбекистон-Хитой қуйи қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, чорвачилик, балиқчилик, шунингдек, карантин ва ўсимликларни ҳимоялаш тизимидаги сармоя ва савдо бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилишди.
Ўзбекистон Хитойга гилос, полиз экинлари, аччиқ қалампир, анор, ловия, кунжут, майиз, қуритилган ўрик, грек ёнғоғи, узум уруғлари, ерёнғоқ, асал ва қуритилган аччиқ қалампир каби 16 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга рухсат олган. 2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ХХРга 37 минг 900 тонна турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилди, экспорт қиймати 31 миллион доллардан ошди. Ўзбекистон мева-сабзавот экспортининг 6,5 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. ХХР илк бор Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини истеъмол қилувчи мамлакатлар учталигига кирди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!