Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда нок нархи рекордларни янгиламоқда
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистонда нок нархи рекордларни янгиламоқда

Ўзбекистонда нокнинг кечпишар навларини йиғиб олиш тахминан ўн кун аввал якунланди ва ушбу маҳсулот нархи кўтарилишда давом этмоқда. Бу вазият мамлакатда 2020 ва 2019 йилларга нисбатан нок ҳосили паст бўлганидан далолат беради, дея қайд этишмоқда EastFruit таҳлилчилари.

Мамлакатда нок ҳосилининг йиғим-терими июль ойининг биринчи ўн кунлигида бошланиб, октябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида тугайди. Ва мазкур турдаги меванинг йиғим-терим мавсуми умумий ҳисобда тахминан 3,5 ой давом этади.

Агар 2021 йилда нокнинг ўртача улгуржи нархи динамикасига эътибор қаратадиган бўлсак, энг паст даража 2021 йилнинг 5 августида қайд этилган – 14 000 сўм/кг (1,3 доллар), яъни, бу давр мавсум қизғин пайти ва ўртапишар навлар йиғим-терими маҳалидир. Ўшандан бери ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 57 фоизга ошди ва 2021 йилнинг 28 октябрь ҳолатига кўра, 22 000 сўм/кг (2,1 доллар)ни ташкил қилди.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон Эрондан картошка, сабзавот ва мевалар импортини кескин оширди

Шу билан бирга, 2021 йилнинг октябрь ойи охирида нокнинг ўртача улгуржи нархлари 2020 йилнинг шу санасига нисбатан бир ярим баравар ва 2019 йилнинг шу санасига нисбатан уч баравар юқори. Ўтган йилларда нок нархи 20 октябрдан йил охирига қадар ўсган, бироқ шундай ўсишни ҳисобга олсак ҳам, нокнинг ўртача улгуржи нархлари 2021 йилнинг 28 октябрь ҳолатига кўра, 2020 йилдаги Янги йил олди нархларидан 10 фоиз, 2019 йилги Янги йил олди нархларидан эса 120% юқори бўлди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2020 йилнинг 31 декабрида нокнинг ўртача улгуржи нархи 20 000 сўм/кг (1,9 доллар) эди, 2019 йилнинг худди шу санасида эса 10 000 сўм/кг (1,1 доллар) бўлган.

EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, Ўзбекистонда нокнинг ўртача улгуржи нархлари ҳозирги кунда EastFruit мева-сабзавот маҳсулотларининг улгуржи нархларини ҳафталик мониторинг қилиб борадиган мамлакатлар орасида энг юқори кўрсаткичдадир.

Ўзбекистон пойтахти супермаркетларида ушбу маҳсулотнинг чакана нархлари 2021 йил 28 октябрь ҳолатига кўра, нав ва сифатга қараб, 23 000 дан 40 000 сўм/кг (2,2 дан 3,7 долларгача) нархни ташкил этмоқда.

2021 йилда нок нархи кўплаб мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон бозорига ушбу маҳсулотнинг асосий етказиб берувчиси бўлмиш Хитойда ҳам ошган. Ўзбекистонга сархил нок импортининг 90-95 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Бироқ, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда нок нархининг ўсиш суръати EastFruit мониторинг қилаётган мамлакатлардагидан анча юқори.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ҳукуматининг 2021 йил 7 октябрдаги 2022 йил 1 майгача бўлган муддатда бир қатор мева турлари, жумладан, нокни олиб кириш учун божхона тўловларини бекор қилишга оид қарори ўз вақтида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат бўлди. Зеро, қарор ушбу маҳсулот нархи ошишини чеклашда муҳим омил бўлади ва ҳатто нархларни пасайтириши ҳам мумкин. Зеро, Ўзбекистон Хитойдан ташқари сархил нокни Польша, Грузия ва Молдовадан ҳам импорт қилиши мумкин, бу мамлакатларда ўртача улгуржи нархлар Ўзбекистондан 3-3,5 баравар арзон.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи бир ярим баробар ошди

EastFruit

Сирдарё вилоятида анорнинг энг яхши Озарбайжон навлари етиштирилади

EastFruit

Украинада бодринг нархи рекордларни янгиламоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин