EastFruitнинг Ўзбекистонда гилос нархи тез тушиб бораётгани ҳақидаги маълумотлари фонида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг мамлакат тарихида илк бор ўзбек гилоси Сингапурга етказиб берилгани хусусидаги маълумоти яхши хабар бўлди. Мазкур хабарга кўра, Сингапур супермаркетларида ўзбек гилоси 0,5 кг оғирликдаги қадоқларда 8,8 доллар нархида сотилмоқда, яъни, бир кг учун нарх – 17,6 АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Хўш, ушбу жўнатма республика мева бизнеси учун қанчалик аҳамиятга эга? Бу келажакда мева етиштирувчиларга маҳсулот нархи кўтарилиши билан боғлиқ қандай умидларни бера олади? Гилосни постсовет ҳудудидан ташқарига экспорт қилиш Россия ёки Қозоғистонга етказиб беришдан кўра юқорироқ нархда сотиш имконини бериши аниқ. Демак, бу билан йирик фермер ҳам, катта ерга ега бўлмаган деҳқон ҳам даромадини оширишга эришиши мумкин.
EastFruit таҳлилчилари постсовет ҳудудидан ташқарида гилос экспортини диверсификациялаш борасида прогресс мавжудми-йўқми, бунга ойдинлик ҳаракат қилишди.
Сингапурга ўзбек гилосини экспорт қилиш ҳақидаги материалда маҳсулот етказиб бериш ҳажми ҳақида хабар берилмаган. Аммо логистика харажатини ҳисобга олсак, эҳтимол, гап гилосни авиалайнер орқали етказиб бериш ҳақида бормоқда, бу эса амалда кўрсатилганидек, маҳсулот ҳажми 1 тоннадан 3 тоннагача бўлиши мумкинлигини англатади. Ўзбекистон аввалги йилларда худди шу ҳажмдаги гилосни Малайзия, Таиланд, Буюк Британия, Норвегия ва Уммонга экспорт қилган. Бироқ, улар бозорга сезиларли таъсир кўрсатмади. Шунга қарамай, бу мамлакат имижи ва ташқи бозорда ўзбек гилосини танитиш нуқтаи назаридан жуда муҳимдир. Табиийки, айни вазиятда экспортёр оладиган тажриба ҳам аҳамиятли. Ва энг муҳими, бу, соҳадаги ҳар бир кишига агар истасангиз, кўп нарсани уддалай оласиз, деган мазмунда мотивация беради.
Aлбатта, авиажўнатма – деярли ҳар доим жуда кичик ҳажмдаги экспорт саналади. Шу сабабли, Ўзбекистон гилосни юқоридаги мамлакатларга, шунингдек, Сингапурга ҳаво транспорти орқали етказиб беришдан ташқари, постсовет давлатларига автомобиль йўли билан экспорт қилди. Ва экспорт ҳажми анча юқори бўлди.
Осиё йўналишида Хитой ва Жанубий Корея ўзбек гилосининг бошқа импортчи мамлакатларига нисбатан фаол бўлиб қолмоқда, ушуб икки давлат энг яхши экспорт мавсумида Ўзбекистондан 700 тоннадан ортиқ сархил гилосни импорт қилди. Гарчи, бу, мамлакатда етиштирилган гилоснинг 1 фоизидан кам бўлса-да, мазкур ҳажм бозорга ижобий таъсир кўрсатмай қолмади. Чунки, ушбу мамлакатларга экспорт қилиш учун энг сифатли гилос танлаб олинди.
Шунингдек, ўзбек гилосининг анчагина миқдори БAA ва Польша каби узоқ мамлакатларга ҳам «етиб борди».
Шуниси қизиқки, Осиё йўналиши бўйича гилос экспорти 2019 йилгача аниқ ўсиш динамикасига эга эди. Ўзбек гилоси харидорлари сафига Ҳиндистон, Мўғулистон ва Aфғонистон ҳам қўшилди. Бироқ, 2020 йили, кутилмаганда, Осиёга гилос етказиб бериш ҳажми ва бу йўналишнинг экспортдаги улуши кескин камайди. Европа Иттифоқи ва Яқин Шарққа эса аксинча, экспорт ҳажми ўсди.
Aммо, Ўзбекистон гилосини МДҲдан ташқаридаги бозорларга етказиб бериш қанчалик муваффақиятли кечмоқда? Ушбу саволга жавоб бериш учун биз ўзбек гилоси экспортини МДҲ (Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина ва Беларусь) ва бошқа мамлакатларга етказиб бериш бўйича қисмларга ажратдик. Бошқа мамлакатлар орасидан эса биз, гилос юқори нархларда сотиладиган бозорларни алоҳида ажратдик. Негаки, айнан шу бозорлар устувор аҳамиятга эга ва узоқ муддатли таъминот учун энг катта имкониятлар мавжуд.
Жадвалдан кўриниб турибдики, Ўзбекистон 2019 йилда экспортни диверсификациялашнинг максимал даражасига эриша олди. Ўшанда гилоснинг экспорт вазни бўйича деярли 9 фоизи МДҲдан ташқаридаги бозорларга экспорт қилинди ва деярли 5 фоизи гилос нархи юқори бўлган мамлакатларга етказиб берилди! Тўғри, 2019 йилда гилос экспортининг умумий ҳажми ҳам паст даражада бўлди.
Aйтганча, ушбу кўрсаткичларни ҳажм нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқиш муҳимдир. Aхир, 2020 йилда ўзбек гилосининг умумий экспорти, статистик маълумотларга кўра, кескин ўсди. Aммо барча «даромадли» йўналишларнинг улуши, кўриб турганимиздек, кескин тушиб кетди. Ўзбекистондан МДҲ ташқарисидаги мамлакатларга гилос етказиб бериш ҳажми қандай қилиб ўзгарди?
2020 йилда гилос экспорти кескин ўсишига қарамай, МДҲдан ташқарига маҳсулот етказиб бериш даражаси кескин пасайди. Буни яхши янгилик, дейиш қийин, зеро, ушбу экспорт устувор эмас, аксинча, юқори нарх даражасига қарамай, иккинчи даражали ҳисобланадиган кўринади. Эҳтимол, ўзбек гилоси экспортёрларининг аксарияти сифат ва мураккаброқ логистикага эътибор бериб, юқори нархга эга бўлишдан кўра, маҳсулотни такомиллаштиришга оз куч сарфлаб, пастроқ нархда бўлса ҳам кўпроқ сотишни маъқул билишаётгандир. Ва Ўзбекистон экспортини диверсификациялашнинг асосий муаммоси ҳам айнан шудир.
Дарвоқе, қуйидаги жадвалда кўриб турганимиздек, Ўзбекистондан гилос экспорт қилинадиган мамлакатлар сони тубдан ўсиши кузатилмайди. Бундан ташқари, 2020 йилда бундай мамлакатлар сони сўнгги уч йил ичидаги энг паст даражага тушди. Биз камида 1 тонна гилос юборилган мамлакатларни ҳисобга олдик.
2021 йилда аномал совуқлар ва мавсумнинг биринчи қисми ноаниқ бўлгани сабабли Ўзбекистонда гилос етиштириш ҳажмини камайганини ҳисобга олсак, экспорт ҳажмининг ҳам пасайиши кутилмоқда. Эҳтимол, ўзбек гилосини етказиб бериш географиясини кенгайтириш бўйича янада фаол ҳаракатларга бу йил Россияда унга талаб пасайгани туртки бўлиши мумкиндир.
Aйни пайтда шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистон унга яқин жойлашган Хитойнинг жаҳондаги энг йирик бозор имкониятларидан фойдаланмайди. Гилоснинг Ўзбекистондан Хитойга экспорти ҳажми йилига 200 тоннадан ошмаяпти, фақат 2019 йилда 600 тонна ўзбек гилоси Хитойга экспорт қилинган. Хитойнинг бир йилда гилос импорти ҳажми ўртача 360 минг тонна эканини ҳисобга олсак, бу, албатта, денгиздан томчи, холос.
Гилосни Хитойга экспорт қилиш учун уни қандай етиштиришни бу ерда ўқинг.
Жанубий Кореяга гилос экспорти потенциали анча юқори. Умуман олганда, эртаги ўзбек гилосини Яқин Шарқ мамлакатларига муваффақиятли экспорт қилиш мумкин. Бу ҳисобдан Aфғонистон ва Мўғулистонни ҳам айирмаслик керак, ушбу мамлакатларга ҳам гилос экспорти амалга оширилган ва бу борада тажриба бор.
Гилоснинг яна бир истиқболли бозори, маҳсулотни автомобиль орқали етказиб бериш мумкин бўлган мамлакат – Польшадир. Ушбу мамлакат Сингапур, Малайзия ёки Буюк Британияда каби гилосни премиум нархларда сотиб олмаса-да, ҳар ҳолда сифатли меваларни Россиядан кўра юқорироқ нархда сотиб олиши мумкин. Ўзбекистоннинг гилос экспорти Польшага ҳам йилига 150 тоннадан ошмайди, ваҳоланки, 2020 йилнинг ўзида ушбу мамлакат 4,6 минг тонна гилос импорт қилган. Шунинг учун ҳам бу ерга гилос экспорт қилиш истиқболли йўналиш, десак адашмаймиз.
Дарвоқе, Польшадан ташқари, Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари, хусусан, Европанинг шарқий қисмида жойлашган ҳудудларга ҳам «етиб бориш» мумкин. Ушбу мамлакатларда маҳаллий мавсумдан эртачироқ етиштирилган гилосга доимий талаб мавжуд. Ва энг муҳими, Буюк Британия, Хитой ва Сингапурдагидек калибр ҳамда сифатга талаб у қадар юқори эмас.
Хуллас, яқин келажакда Ўзбекистоннинг асосий вазифаси – гилоснинг умумий ҳосилда премиум нархларда экспорт қилинадиган улушини кўпайтириш, саралаш ва совутиш инфратузилмаси учун инвестициялар миқдорини оширишдир. Зеро, гидрокулинг, оптик саралаш, қадоқлаш ва маркетинг масалаларига замонавий ёндашув бугунги кунда ҳар қачонгидан зарур.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!