EastFruit таҳлилчилари кўп йиллар давомида Марказий Осиё мамлакатларида экспорт учун музлатилган сабзавот ва мевалар тайёрлаш ғоясини фаол равишда илгари суришмоқда. Шу боис, ушбу бозордаги сўнгги тенденциялар кишини қувонтириши аниқ.
Дастлабки ҳисоб-китобларимиз бўйича 2022 йил якунларига кўра, мева-сабзавотларни музлатиш Ўзбекистонга 30 миллион долларга яқин экспорт тушумини келтирди. Ўтган йил давомида экспорт тушуми 85 фоизга, сўнгги уч йил ичида эса деярли 8 баробар ошди!
«Музлатилган мева-сабзавот экспортидан тушган даромад Ўзбекистонга жуда ҳам оммабоп ўзбек гилоси ёки пиёзи экспорти билан бир хил даромад келтирди. Беш йил муқаддам Ўзбекистонда бундай бўлишини ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмасди!», дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
Шунингдек, Ўзбекистондан музлатилган сабзавот ва меваларнинг экспорт номенклатураси доимий ортиб бораётганини қайд этиш лозим. Масалан, 2022 йилда Ўзбекистон илк бор музлатилган қовун ва исмалоқни экспорт қила бошлади. Музлатилган маккажўхори ва қулупнай экспорти йил давомида жуда тез ўсди, бироқ, қулупнай экспорти ҳажми эскирган технологиялар ва маҳаллий резаворнинг эскирган нав таркиби туфайли пастлигича қолмоқда.
Ўзбекистонга музлатилган мева-сабзавотлар бўйича асосий даромадни музлатилган сабзавотлар, биринчи навбатда, брокколи, гулкарам ва булғор қалампири сегменти олиб келмоқда. Музлатилган мевалар экспорти секинроқ ўсяпти, аммо даромад ҳажми бўйича иккинчи ўринда турибди.
Ўзбекистонда, асосан, олча, шафтоли, шунингдек, олхўри ва ўрик музлатилади. Ушбу тузилма унчалик даромадли эмасдек туюлиши мумкин, чунки, асосий экспорт нисбатан арзон позициялар улушига тўғри келади. Аммо бу дастлабки босқич, холос. Зеро, у қадар бой ва талабчан бўлмаган Россия бозорига маҳсулот сотишга узоқ йиллардан буён одатланиб қолинган. Шу билан бирга, музлатилган резаворларнинг тижорат партиялари Европа Иттифоқи мамлакатлари, хусусан, Польшага синов тариқасида илк бор жўнатилганини қайд этиш мумкин. Бу, шубҳасиз, ижобий тенденция.
Рецессия ва Россия аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетгани, шунингдек, ушбу мамлакат аҳолиси тез камайиб бораётгани инобатга олинса, Ўзбекистон мева- сабзавотлар музлатишни янада ривожлантириш учун ушбу маҳсулотлар экспортини диверсификациялаш ҳақида ҳозирнинг ўзидаёқ жиддий ўйлаши керак.
Бундан ташқари, музлатилган мева- сабзавотларнинг асосий бозорлари жаҳондаги энг бой минтақалар — АҚШ, Канада ва Европа Иттифоқи саналади, улар сифатли маҳсулот учун анча баланд нархларни тўлашга тайёр.
«Ўзбекистон йирик бозорлардан узоқда жойлашгани ва денгизга чиқиш имконияти йўқлиги сабаб, тез бузиладиган сархил мева-сабзавотлар экспорти жиддий рисклар билан боғлиқ. Музлатилган резавор ва мева-сабзавотлар эса узоқ муддатгача сифати бузилмай сақланиши, транспортировка қилиниши мумкин.
Ўзбекистоннинг яна бир афзаллиги унинг ажойиб иқлими бўлиб, бу юқори таъм сифатига эга маҳсулотлар етиштириш имконини беради. Сархил бозор учун маҳсулот узоқ йўлга бардош бериши кераклиги инобатга олиниб, пишиб етилмасидан йиғиш керак бўлса, музлатилган сабзавот ва мевалар ҳосилини тўлиқ пишган ҳолда йиғиб олиш ва шок усулида музлатиш ёрдамида таъм сифатларини сақлаб қолиш мумкин. Музлатиш, шунингдек, мамлакат фермерларининг сармоявий имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради. Негаки, ҳатто резаворларни ҳам экспорт учун етиштириш мумкин, дарвоқе, улар жуда қиммат, кўп меҳнат талаб қиладиган ва тренддаги маҳсулот бўлиб, Ўзбекистон бу борада ҳам қўшимча афзалликларга эга. АҚШ ва Европа Иттифоқидаги харидорларни айнан резаворлар қизиқтиради, лекин бу сегмент Ўзбекистонда яхши ривожланмаган. Демак, бу яхши инвестицион имконият!», дейди Андрий Ярмак.
Шу ўринда музлатилган мева, резавор ва сабзавотлар бозорлари бўйича мунтазам таҳлилий шарҳларни нашр эта бошлаганимизни эслатиб ўтмоқчимиз. Музлатилган малинанинг минтақавий ва Европа бозорлари бўйича биринчи шарҳни ушбу ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.
East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.