Бош саҳифаЯнгиликларНега Ўзбекистонда қора кишмиш нархи кескин ошди, нархлар ўсишда давом этадими?
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Нега Ўзбекистонда қора кишмиш нархи кескин ошди, нархлар ўсишда давом этадими?

Ўтган икки ҳафта мобайнида  сабзавот ва меваларнинг улгуржи нархлари бўйича EastFruit ўтказган мониторинг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда узумнинг энг оммабоп навларидан бири қора кишмиш нархи 29 фоизга ошган. Бироқ, бундай ўсишга қарамай, мазкур нав нархи 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 25% арзонроқ сотилмоқда. EastFruit таҳлилчилари бунинг сабабларни ўрганди.

Узумнинг қора кишмиш нави уруғсиздир ва Ўзбекистон ички бозорида ҳам, уни Россия, Қозоғистон ва бошқа постсовет мамлакатларига экспорт қилувчилар орасида  ҳам талабгир. Ушбу сархил узум, шунингдек, Европа Иттифоқининг русийзабон аҳолиси учун этник дўконларга оз миқдорда экспорт қилинади. Бундан ташқари, узумнинг бу нави майиз тайёрлашда ҳам ишлатилади.

Ҳозирги вақтда қора кишмишнинг улгуржи нархи 9 000 сўм/кг (0,84 доллар) ни ташкил қилади. Ўзбекистонлик узум етиштирувчиларнинг сўзларига кўра, кишмиш нархи кўтарилиши мавсумий омилга боғлиқ. Мамлакатнинг турли ҳудудларидаги узум етиштирувчилари EastFruit мутахассислари билан суҳбатда бу нав ҳосилининг оммавий йиғим-терим мавсуми тугаганини қайд этишди. Шу билан бирга, қора кишмишнинг нархи 2020 йилнинг тахминан шу даврида тез оша бошлаган, лекин 2019 йили қора кишмиш нархи октябрь ўрталарига борибгина кўтарила бошлаган.

Ҳозирги вақтда бозорларга узумзорлардан йиғиб олинган кишмишнинг охирги партиялар  келмоқда ва таклифлар камаймоқда. Чунки, совутгичларга жойлаштирилган узумни савдогарлар ва узум етиштирувчилар янги йил байрами яқинлашганда нархлар сезиларли даражада ошгунига қадар сақлашади.

Бироқ, улгуржи савдогарлар ва экспортёрлар фикрига кўра, жорий йилда музлатгичларга катта ҳажмдаги узум қўйилиши кузатилмади. Бу бозор иштирокчиларининг қора кишмиш нархи янада ўсишини кутишига асос бўлади. Шу билан бирга, 2020 йилга нисбатан сақлаш учун кўпроқ узум қўйилган бўлиши мумкин, лекин мазкур ҳажм одатдагидан камроқ эканлиги аниқ.

Бозор иштирокчилари буни ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 2021 йилда ўртача узум ҳосили камайгани билан изоҳлашди. Бироқ, бошқа томондан, мамлакатдаги узумзорлар кенгайишда давом этмоқда. Бундан ташқари, кишмиш майдонларнинг кенгайиш суръати бўйича етакчилар қаторига киради. Шу боис, 2021 йилда Ўзбекистонда узум етиштириш ҳажми 2020 йилга нисбатан юқори бўлиши эҳтимоли баланд.

Хўш, нега Ўзбекистонда қора кишмиш 2020 йилга нисбатан анча арзону 2019 йилга қараганда анчайин қиммат? Маълум бўлишича, мамлакатда узум ҳосилдорлиги кетма-кет иккинчи йил одатдагидан паст. 2019 йилда эса ҳосил яхши бўлган, негаки, об-ҳаво аномалиялари деярли кузатилмаган.

Шунга кўра, 2019 йилда бозорга қора кишмиш навли узумни етказиб бериш даражаси анча юқори бўлди ва у сақлаш учун кўпроқ олиб қўйилди. Табиийки, ушбу узумнинг нархи ҳозиргидан анча паст эди.

Айтганча, бу йил қора кишмиш нархи анча юқори бўлиши мумкин эди. Лекин ўзбекистонлик узум етиштирувчилар ва экспортёрлар Россиядаги хўраки узум бозорида рақобат жиддий ўсишига дуч келишмоқда. Натижада, ҳосил у қадар юқори бўлмаса-да, сентябрь ойи бошида Москванинг мева-сабзавот бўйича энг йирик улгуржи бозори бўлмиш Фуд-Сити том маънода Ўзбекистон узумига тўлиб тошди ва унинг нархи пасайиб кетди.

Агар 2022 йилда об-ҳаво ёмон бўлмаса ва уч йил ичида биринчи марта яхши ҳосил олинса, Ўзбекистонда кишмиш ва унчалик машҳур бўлмаган бошқа узум навларининг нархи қандай бўлишини тахмин қилиш мумкин. Зеро, 2019 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда мева бера бошлаган узумзорлар майдонлари анча кенгайди. Шунга кўра, ҳосил ҳам кўпаяди ва узум билан боғлиқ таклифлар янада ортади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон узумининг асосий бозори бўлмиш Россияда аҳолининг реал даромадлари пасайишда давом этмоқда ва Туркия, Ҳиндистон, Молдова, Миср, Чили, Перу, Жанубий Африка, Арманистон, Озарбайжон каби рақобатчи-мамлакатлардан узум етказиб бериш давом этмоқда. Ва бу мамлакатларнинг кўпи  чакана савдо учун қулай қадоқдаги замонавий навларни таклиф қилишмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин