Бош саҳифаЯнгиликларМева-сабзавот маҳсулотларини музлатиш бизнесидаги муваффақият омиллари
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Мева-сабзавот маҳсулотларини музлатиш бизнесидаги муваффақият омиллари

2023 йилнинг 16 март куни EastFruit лойиҳаси “Резаворлар ва мева-сабзавотларни шок усулида музлатиш — 2023: бозор шарҳи, инвестиция ва истиқболлар” деб номланган биринчи онлайн конференциясини ўтказди. Конференциянинг видеоёзуви ушбу ҳаволада мавжуд.

Бизнес тузилмасини оқилона режалаштириш ва резавор/мева/сабзавотларни музлатувчи корхона ташкил қилишнинг асосий эътибор қаратиш керак бўлган омиллари тадбирдаги энг қизиқарли мавзулардан бири бўлди. Ва бу янги — бошловчи инвесторларга энг кўп учрайдиган хатоларни такрорламаслик имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, мева-сабзавот ва резаворларни музлатиш бизнесининг муваффақияти, одатда, қуйидаги омилларга боғлиқ:

— инвесторнинг жуда кўп ишлаши ва бутун вақтини бизнесга бағишлашга тайёр эканлиги;

— савдо бозорларига кира олиш;

— нарх ва сифат жиҳатидан рақобатбардош хомашё мавжудлиги;

— арзон ва малакали ишчи кучи ҳамда мутахассислар;

— логистика харажатлари;

— сертификатланган лабораториялар мавжудлиги ҳамда  импортёрлар талаб этадиган зарур таҳлилларни ўтказиш имконияти;

– стандартлаштиришга интилиш, бир қатор зарур сертификатларга эга бўлиш ва яхши ишлаб чиқариш амалиётига риоя қилиш (GMP – Good Manufacturing Practice);

— маҳаллий инфратузилма мавжуд эканлиги;

– доимий бозор таҳлили ва унинг иштирокчилари билан мулоқот.

Ушбу омиллар, кўпинча, бизнинг материалларимизда тилга олинади, аммо уларни тоифаларга бўлиш, кенгайтириш ва батафсилроқ ўрганиш мумкин. Баъзи масалалар бизнинг мақолаларда ёритилгани сабабли, ҳар бир янги мақола аввал очилган мавзуларга қўшимча бўлади.

Ҳосил, хом ашё ва тайёр маҳсулотлар нархлари, ишчи кучи, энергия ташувчилар, сарф материаллари, ускуналар, якуний истеъмолчи учун жорий тенденциялар, саноатнинг ҳар қандай янгиликлари ҳақида маълумот олиш ва қидириш мева-сабзавот ва резаворларни музлатиш бизнесининг кундалик мажбурий таркибий қисмидир. Ушбу маълумотларнинг ўзигина  муваффақиятга кафолат бера олмайди, лекин, операцион фаолиятни режалаштиришда, албатта, ёрдам беради.

Конференцияда қайд этилган масала — бозорга янги кириб келганлар учун энг катта тузоқ, яъни, нархлашдир. Ёш ва тажрибасиз компаниялар, кўпинча, тайёр маҳсулот нархи қандай шаклланаётганини тўлиқ тушунмайди. Музлатилган маҳсулот учун юқори нархни кўриб, ишлаб чиқарувчи хом ашёнинг тахминий нархини ҳисоблаб чиқади, ушбу хом ашёни сотиб олади. Агар бозорда нархлар пасайса, тайёр маҳсулот нархи ишлаб чиқариш харажатларини қопламайди. Яъни, музлатиш корхонаси тайёр маҳсулотнинг сотилиш нархини ва шунга мос равишда хом ашёни сотиб олиш нархини максимал «тахмин қилиш» учун бозордаги воқеликлар ва тенденцияларнинг ривожланишини режалаштирувчи сифатида намоён бўлади.

Ушбу босқичда спикерларнинг маърузасидан яна бир муҳим нарса келиб чиқади, у ҳам бўлса, хомашё нархи шаклланиши ва ушбу хом ашёни тайёр маҳсулотга айлантириш масаласидир. Бунда:

1-таъкид: агар сифатсиз хом ашё сотиб олинса, ундан ҳеч қачон сифатли маҳсулот чиқмайди. Паст сифатли маҳсулотни эса юқори нархда сотиш мумкин эмас.

Муҳим: яхши хом ашёни оптимал нархда сотиб олишга интилиш ёки агар маҳсулот аввалбошдан паст сифатли бўлиши режалаштирилган бўлса, унда паст сифатли хом ашё анча арзон бўлиши керак.

2-таъкид: агар хом ашё нотўғри идишларда ташилса, унинг сифати ёмонлашиши мумкин ва тайёр маҳсулот нархи ҳам паст бўлади.

Муҳим: транспортировка талабларини эътиборсиз қолдирмаслик. Чунки деформация ва нотўғри контейнерда нотўғри ташув оқибатлари келгусидаги маҳсулотингизни бузади.

3-таъкид: агар дастлабки икки таъкид ҳисобга олинса ва заводга яхши хом ашё келиб тушган бўлса, лекин ишлаб чиқаришда хатога йўл қўйилган бўлса ва 1-тоифа хом ашёсидан 2-тоифа маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлса, бу катта йўқотишлар ва зарардир, чунки хом ашё учун тўлов юқори нархда амалга оширилган, ишлаб чиқарилган маҳсулот эса арзон ва паст сифатли.

Муҳим: ишлаб чиқариш ва дистрибуциянинг барча босқичларида ишлаб чиқариш ҳамда маҳсулот сифатини назорат қилиш воситаларига эга бўлиш, уларни амалиётга жорий қила билиш.

4-таъкид: ишлаб чиқариш босқичида сифат стандартлари, тайёр маҳсулот ва уни ишлаб чиқариш жараёнига қўйиладиган талаблар ҳисобга олинган ҳолда иш қоидалари кучга киради. Сертификатлаш ва стандартлаштириш ҳақида алоҳида мақолада батафсил сўз юритамиз.

Муҳим: сертификатлаш узоқ, машаққатли ва қиммат жараён бўлиб, у билан албатта, шуғулланиш керак.

5-таъкид: маҳсулот спецификацияси ва фотосурати. Мижозга фақат реал фотосуратларни жўнатиш ва аниқ спецификациялаш керак, акс ҳолда маҳсулотга мос келмаган чиройли фотосурат ёки юқори тоифали спецификация мижозга юборилса, товарни олгандан кейин шикоят келиб тушиши мумкин.

Муҳим: маҳсулот тоифасини аниқлай олиш ва ишлаб чиқарувчининг ўз мижозлари/ҳамкорлари билан ушбу тоифага нисбатан бир хил қарашга эга бўлиши кераклигини тушуниши.

6-таъкид: биз ишлаб чиқарадиган маҳсулотни сотишга эмас, балки музлатилган озиқ-овқат сифати тоифаларининг халқаро котировкасига кўра, сотиб олинадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришга интиламиз. Натижада, ўз маҳсулотимизни муайян бир тоифага киритамиз ва уни спецификациялаймиз.

7-таъкид: Юқори тоифа маҳсулоти даромадлироқдир, иложи бўлса, ном қозонишда давом этаётган органик маҳсулотни ҳам кўриб чиқиш мумкин.

Юқоридаги қадамларнинг ҳар бири асос вазифасини ўтайди ва улар муҳокама қилинмайди.

Сифат — муҳокама қилинмайдиган нарса.  У эълон қилинган таърифларга мос келиши керак, холос.

Музлатилган озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиси таклиф қилиши мумкин бўлган юқори сифатли маҳсулотга маркетинг, мослашувчан шартлар ва мижоз учун бошқа имтиёзларни ҳам бириктириш лозим. Зеро, мижоз айнан шунинг учун сиз билан ҳамкорлик қилишни хоҳлайди.

Охир оқибат, ишлаб чиқарувчилар бозорда ўз нишасида ўрин эгаллаш борасидаги барча қадамларни қўйиш йўлида тўплайдиган тажриба жуда қимматга тушади, аммо бу тажриба бизнесда муваффақиятга эришиш учун жуда муҳимдир.

EastFruit

East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин