Айни пайтда Марказий Осиё мамлакатлари, биринчи навбатда, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда резавор етиштиришга қизиқиш даражаси кескин ошган, дея хабар бермоқда EastFruit. Бироқ, резаворлар маҳаллий истеъмол маданияти учун у қадар одатий маҳсулот эмас, шунинг учун ҳатто профессионал ишлаб чиқарувчилар ва ундан ҳам кўпроқ истеъмолчилар орасида резаворларнинг номлари борасида ҳақиқий чалкашликлар мавжуд.
Хусусан, EastFruit мутахассислари аввалроқ Қирғизистонда смородина ва чаканда кўчатларига талаб кескин ошганига эътибор қаратишган эди, аммо маълум бўлишича, янги смородина плантацияларининг муҳим қисмига мутлақо бошқа экин материали – йошта экилмоқда. Баъзан бу резаворни «золотистая смородина» деб ҳам аташади. Аслида, йошта — смородина ва крижовникнинг чатиштирилганидир ва бунда натижа унчалик яхши бўлмаган. Мазкур турдаги резавор таъм сифатларига кўра, крижовникдан ҳам, смородинадан ҳам анча паст. Биз ушбу материалда йошта нима эканлиги ҳақида батафсил ёздик — мазкур резавор ҳақидаги видеога ҳавола ҳам мавжуд.
Тожикистон бозорларида, асосан, йошта фаол сотилмоқда, аммо сотувчилар уни “смородина” деб аташади. Шу билан бирга, сотувда қизил смородина ҳам мавжуд бўлиб, у, кўпинча, «бодрезак» (калина) ёки ҳатто «четан» деб номланади. Шу билан бирга, бу мамлакатлардаги кўплаб фермерларнинг смородина етиштираётганига ишончи комил ва улар ушбу резавор совуққа чидамли, ҳосилдор ва “инжиқ” эмаслигини айтишяпти. Бироқ, улар, аслида, йошта ўстиришмоқда ва сотишмоқда.
Ушбу ҳолат кулгили туюлиши мумкин, аммо бу минтақада резавор бизнесини ривожлантириш истиқболларига узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатади. Зеро, тобора ортиб бораётган истеъмолчилар «смородина» деб номланган резаворни татиб кўришмоқда ва мазали эмас деган хулосага бориб, уни харид қилмай қўйишмоқда. Харидорларни ушбу резаворни яна бир бор татиб кўришга ишонтириш эса осон бўлмайди. Бундан ташқари, фермерларнинг вақт ўтиши билан бутунлай бошқача резавор етиштирганлигини билиб, экин материалини етказиб берувчиларга норозилик билдириши ҳам бор гап.
Шубҳасиз, маҳаллий боғдорчилик ассоциациялари вазиятни имкон қадар тезроқ тузатиши керак, чунки резавор бизнеси глобал мева-сабзавот бизнесининг энг тез ривожланаётган сегментидир. Ва Марказий Осиёнинг бу тенденциядан четда қолишини истамаган бўлардик.
East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.