EastFruit минтақасида хўраки узум бир вақтнинг ўзида бир нечта мамлакатлар учун стратегик муҳим товар ҳисобланади. Уларнинг бари айни дамда реализация бўйича жиддий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда ва энг муҳим стратегик қарорларни қабул қилиш босқичида турибди.
Ўзбекистон ва Тожикистонда, асосан, эскирган навлар етиштирилади. Бу ҳақида биз “Ўзбекистон узум навларининг рейтинги – тармоқ учун берилган баҳо” деб номланган мақолада батафсил ёзган эдик. Бу мамлакатларда янги, замонавий ва жаҳон бозорларида харидоргир навларни етиштириш жуда қийин, чунки хориждан янги навлар кўчатларини (қаламчаларини) импорт қилиш учун рухсат олиш қийин ва бу жараён кўп вақт талаб қилади.
Ушбу мамлакатларда муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган хориж навлари, яъни, IP-навларни ноқонуний етиштиришга уринишлар бор. Мисол учун, халқ орасида “Аватар” деб аталадиган уруғсиз узум нави Ўзбекистонда анчайин тез тарқалмоқда. Бу, аслида, хўраки узумнинг муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган Sweet Sapphire (шунингдек, Moon Drops номи билан ҳам машҳур) номли IP-нави бўлиб, АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган IFG компаниясига тегишлидир. Ушбу навдаги узумни етиштириш учун компаниядан лицензия олиш керак, бироқ бизга маълум бўлишича, Ўзбекистонда бундай лицензиялар ҳеч кимга берилмаган.
“Яқин йилларда муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган узум навларини, шунингдек, бошқа экинларни ноқонуний етиштириш амалиёти анча мураккаблашади ва бундай меваларнинг халқаро савдоси имконсиз бўлиб қолади”, дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак. “Маҳсулотларнинг генетик таҳлили янада қулайлашиб бормоқда ва кенг тарқалмоқда, бу эса Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулот етказиб берадиган муаллифлик ҳуқуқини бузувчилар учун катта муаммоларни келтириб чиқаради. Бошқа мамлакатлардан етказиб бериладиган лицензияли навлардан иборат товарларнинг улгуржи партиялари йўқ қилингани ҳақида мунтазам хабарлар келмоқда, баъзи ҳолларда эса фермерлар бутунбошли плантацияни йўқ қилишга мажбурланяпти«, дейди ФАО эксперти.
2022 йилнинг 2-3 ноябрь кунлари Кишинёвда бўлиб ўтган “Украина хўраки узумлари — 2022: Молдова тажрибасини ўрганамиз” деб номланган халқаро конференциядаги тақдимотида Андрий Ярмак жаҳон хўраки узум бозоридаги бошқа муҳим тенденциялар билан ҳам ўртоқлашди. Зеро, ушбу тенденцияларни минтақамизда узум етиштирадиган ҳар бир фермер билиши лозим.
Андрий Ярмакнинг қайд этишича, Молдова ҳозирги кунда узум экспорти билан боғлиқ катта қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Чунки, ушбу мамлакат Россия бозорига жуда ҳам қарам эди. Мамлакат учун яна бир муаммо шундаки, бу ерда асосий узум нави бўлмиш «Молдова» – данакли навдир. Боз устига, бу узумнинг уруғлари анча йирик. Шунга қарамай, шимолий навлар қизиқарли истиқболга эга бўлиши мумкин, дейди у. Агар Молдова, Ўзбекистон ва Тожикистон узум навлари бўйича муаллифлик ҳуқуқи бузилишига барҳам берса ва буни кафолатлай олса, келажакда улар IP-навларни қонуний етиштириш имкониятига эга бўлади. Андрий Ярмакнинг сўзларига кўра, улар бозор афзалликларидан ташқари, фермерларга технологик афзалликларни ҳам беради. Нав эгалари кўчат сотишдан тушган маблағни нафақат маркетингга, балки навларнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга ҳам сарфлайди. Ҳозир узум етиштирувчилар орасида селекциянинг асосий йўналишлари — ёғингарчиликка бардошлилик ва жуда иссиқ иқлимга чидамлиликдир.
ФАО эксперти, шунингдек, IP-навлар узум бозорини сезиларли даражада жонлантиргани ва унга кўплаб янги истеъмолчиларни жалб қилганини қайд этди. Истеъмолчи эски навлар ва уларнинг кам ассортиментини энди у қадар хоҳламаяпти. IP-навлар жуда мазали ва одатий навларга муқобилни тақдим этди, ассортиментни оширишга муваффақ бўлди. Энг муҳими, бу навларнинг барчаси уруғсиз, яъни, эндиликда ёш истеъмолчилар ҳам узум истеъмол қила бошлади. Ва энг асосийси, ушбу навлар эгалари фермерларнинг маҳсулотларини реклама қилмоқда ва реклама ҳар доим яхши даромад келтиради, айниқса, реклама жуда кам учрайдиган мева сегментида.
Андрий Ярмак нутқидаги бошқа қизиқарли тенденциялар қаторида «деглобализация», яъни, янги савдо тўсиқларининг пайдо бўлиши, логистика нархи ошиши ва геополитик вазият ўзгариши туфайли жаҳон савдосининг мураккаблашиши масалаларини қайд этиш мумкин. Шундай қилиб, кўплаб мамлакатлар ички бозорга кўпроқ эътибор бера бошлади.
Жаҳон бозорининг яна бир қизиқарли феномени — бу онлайн савдо. Мисол учун, Хитойда ёш истеъмолчилар узумни гаджетнинг бир тугмасини босиш орқали онлайн буюртма қилиш имкони бўлмаса, уни харид қилмайди.
Ва албатта, бу узум уруғсиз, кичик ҳамда қулай герметик идишга қадоқланган бўлиши керак. Келгуси йилларда бозорга таъсири шиддат билан ўсиб борувчи истеъмолчиларнинг бу каби талабларини инобатга олмаслик эса мумкин эмас.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!