Бош саҳифаДолзарбКатта муваффақиятсизлик — 2021 йилнинг биринчи ярмида Молдовадан Россияга мева экспорти натижалари
Долзарб Махсус Янгиликлар

Катта муваффақиятсизлик – 2021 йилнинг биринчи ярмида Молдовадан Россияга мева экспорти натижалари

EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, 2021 йилнинг биринчи ярми Молдова мева экспорти учун охирги беш йил ичидаги энг ёмон давр бўлди.

Молдова мевалари учун асосий бозор ҳисобланмиш Россияга мева етказиб берувчилар рейтингида мамлакат бирданига тўрт поғона пастлаб, саккизинчи ўринга тушиб кетди. Ваҳоланки, 2020 йили Молдова тўртинчи ўринни эгаллаган эди. Бундан ташқари, Молдова меваларини Россияга экспорт қилишдан тушган даромад 2021 йилнинг биринчи ярмида 23 фоизга камайиб, 95 миллион долларни ташкил этди.

Бир йил мобайнида Молдовадан Россияга олма экспорти 33 фоизга, охирги йиллардаги ўртача кўрсаткичларга нисбатан эса 23 фоизга камайиб, 101,5 минг тоннани ташкил этди. Россияга мева экспорти бўйича иккинчи позицияни эгалловчи хўраки узум экспорти 19 фоизга камайиб, у ҳам охирги йиллардаги ўртача кўрсаткичдан паст бўлди. Бироқ, энг муҳим пасайиш гилос экспортида кузатилди, бу қисман гилос йиғим-терими мавсуми бошланишининг кечикиши билан ҳам боғлиқ. Шунга қарамай, 2021 йилнинг июнь ойи охирига келиб, Молдова Россияга атиги 541 тонна гилос экспорт қила олди – бу 2020 йилнинг шу даврига қараганда 7 баробар, 2019 йилга нисбатан 11 баробар ва 2018  йилга нисбатан 17 баробар кам! Таъминот пасайишининг шунга ўхшаш кўрсаткичи сархил олча бўйича ҳам қайд этилган.

Молдованинг Россия Федерациясига мева экспорти бўйича яна бир муҳим позицияси – бу олхўри. Бироқ, бу борада ҳам экспорт ҳажми 2020 йилга нисбатан 13 фоиз ва ўртача кўрсаткичга нисбатан 7 фоиз камайгани кузатилди. Фақат қулупнай етказиб беришни кўпайтириш мумкин бўлди, лекин унинг экспортида ҳам номинал ўсиш 3%ни ташкил этди. Шу билан бирга, сархил малина ва ўрик экспорти деярли йўққа чиқди.

Шунингдек ўқинг: Молдовалик ёнғоқ етиштирувчилар грек ёнғоғининг янги ҳосили учун юқори бошланғич нархларни кутишмоқда

Шуни қайд этиш жоизки, экспорт ҳажми пасайишидан ташқари, кўплаб маҳсулотларнинг ўртача экспорт баҳоси пасайгани ҳам кузатилди. Мутахассисларнинг фикрича, асосий сабаб – Россия бозорида рақобат кучайиши ва Молдова боғбонларининг экспортни диверсификациялаш бўйича ҳаракатлари йўқлигидир. «Биз бир неча йиллардан бери Россия бозорида Эрон ва Туркиядан мева етказиб берувчиларнинг фаоллигини кузатмоқдамиз. Ва бу нафақат экзотик позицияларда, балки Молдова учун анъанавий мевалар, энг аввало, олма етказиб беришда ҳам намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, бу мамлакатларнинг мева экспортёрлари фақат Россиядагина эмас, балки бутун жаҳонда талабгир бўлган олманинг замонавий навларини етиштиради. Ва улар Яқин Шарқ ҳамда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига йирик масштабда олма экспорт қилиш бўйича тажрибага эгадир. Яъни, уларнинг сифат стандартлари ва экспорт тажрибаси аввалбошдан молдовалик етказиб берувчиларникидан юқори бўлган. Табиийки, бу уларга Россия бозорида ҳам устунлик имкониятини беради», дейди  Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрей Ярмак.

«Бундан ташқари, Сербия Россия бозорида ўз позициясини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Аммо бу етказиб бериш ҳажми ошиши ҳисобига эмас, балки маҳсулот сифати юксалгани эвазигадир. Ва Россия боғбонларининг ўзи ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ – мамлакат кўп йиллардан буён мевали экинлар кўчатлари импорти ҳажми ва замонавий мева омборлари қурилиши бўйича Европада етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Шу сабабли, маҳаллий маҳсулотлар Молдова импорти билан тўғридан-тўғри рақобатга кириша бошлади ва у логистика харажатлари пастлиги боис, рақобатдош устунликка эга бўлмоқда», дея қайд этди ФAО эксперти.

EastFruit таҳлилчиларининг прогнозига кўра, 2021/22 йилги мавсум Молдовалик боғбонлар, биринчи навбатда, олма етиштирувчилар учун тарихдаги энг қийин мавсумлардан бири бўлади.

Минтақанинг аксарият мамлакатларида олмага талаб пасайган пайтда уни етиштириш даражаси ўсиши нархларга катта босим ўтказади. Паст ва ўрта сифатли олма эса фақат қайта ишлаш учун сотилиши мумкин, шунда ҳам, ўтган йилгидан анча паст бўлади ва ҳатто бу олма ҳосилини йиғиб олиш харажатларини ҳам қоплай олмайди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Хитой олма бозори: юқори захиралар, паст нархлар, умидсиз истиқбол

EastFruit

Янги суперфуд: украиналик фермерлар минглаб тонна маржондарахт мевасини экспорт қилмоқда

EastFruit

Перу голубика экспорти географияси Малайзия ва Ҳиндистон ҳисобига кенгайди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин