Ўтган ҳафта Ўзбекистонда иссиқхоналарда етиштирилган сариқ ва қизил булғор қалампирининг улгуржи нархлари кескин ошди. Ва сўнгги уч ойда ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари тез ўсиши натижасида унинг нархи гўшт нархига етиб олди.
EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, бунинг асосий сабаби, бошқа иссиқхона сабзавотлари билан бўлгани каби январь ойидаги аномал совуқ пайтида иссиқхоналарда булғор қалампири ҳосилининг катта қисмини бой берилганлигидир.
Ўзбекистон пойтахти супермаркетларида иссиқхонада етиштирилган «Калифорния» навли сариқ булғор қалампирининг чакана нархлари қарийб 80 000 сўм/кг, қизил булғор қалампири нархи навига қараб 1 кг учун 80 000 сўмдан 100 000 сўмгача, яшил булғор қалампири нархи эса 1 кг учун 65 000 дан 95 000 сўмгачадир.
Таққослаш учун айтадиган бўлсак, худди шу супермаркетларда суякли мол гўштинининг нархи 1 кг учун тахминан 80 минг сўм, суяксиз мол гўштининг нархи эса 1 кг учун тахминан 97 минг сўм, яъни, иссиқхона булғор қалампири билан деярли бир хил нархда сотиб олиш мумкин.
EastFruit‘нинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 24 мартидан 31 мартигача Ўзбекистон иссиқхоналарида етиштирилган сариқ булғор қалампирининг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 58 000 сўмдан 78 000 сўмга, яъни, бир ҳафта ичида 34% га ошди. Нархларнинг бундай кескин ошиши жорий йил бошидан бери ҳафталик ўсишнинг энг юқори суръати бўлди. Улгуржи нархлар динамикасининг ўсиш тенденцияси ҳисобга олинса, сўнгги бир ойда ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи бир ярим баробардан кўпроқ, йил бошидан буён эса 2,2 баробар ошди.
2023 йил 31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон иссиқхоналарида етиштирилган сариқ булғор қалампирининг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан қарийб 2 баробар ва 2021 йилнинг шу санасига нисбатан 1,6 баробар юқори бўлди.
Ҳафталик ўсиш бўйича кейинги «рекордсмен» иссиқхонада етиштирилган қизил булғор қалампиридир. 2023 йилнинг 24 мартидан 31 мартигача ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 60 000 дан 72 000 сўмгача, яъни, бир ҳафта ичида 20%га ошди. Охирги бир ой ичида иссиқхонада етиштирилган қизил қалампирнинг ўртача улгуржи нархи деярли бир ярим баробарга, йил бошидан буён эса 2,4 баробарга ошди.
2023 йилнинг 31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон иссиқхоналарида етиштирилган қизил булғор қалампирининг ўртача улгуржи нархи 2021-2022 йилларнинг шу санасига нисбатан 1,8 баробар юқори бўлди.
Иссиқхонада етиштирилган яшил булғор қалампирининг улгуржи нархлари сўнгги уч ҳафта давомида барқарорлигича қолди, аммо бу маҳсулот нархи жорий йилнинг январь ойи бошидан март ойининг биринчи ўн кунлиги охиригача барқарор ўсиб борди. 2023 йилнинг январь-февраль ойларида ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 2020-2022 йилларнинг шу даврига нисбатан камида бир ярим баробар юқори бўлди.
2023 йилнинг 31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон иссиқхоналарида етиштирилган яшил булғор қалампирининг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан қарийб 3 баробар ва 2021 йилнинг шу санасига нисбатан 31 фоизга юқори бўлган.
Ўзбекистонда иссиқхона қалампирларининг рекорд даражада юқори нархларига асосий сабаб, иссиқхона помидорлари билан бўлгани каби – январь ойидаги совуқлар иссиқхона сабзавотлари нархи ўсишининг асосий катализатори бўлди. Бозор иштирокчиларининг маълумотларига кўра, жорий йил январь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ ҳаво туфайли кўплаб иссиқхоналар ҳосилни бой берган. Аёз пайтида кўплаб иссиқхона мажмуаларида газ босими сезиларли даражада пасайди, чунки бу даврда бутун мамлакат бўйлаб табиий газ танқислиги мавжуд эди. Табиийки, бу иссиқхоналарда ҳарорат кескин тушиб кетиши — ўсимликлар учун меъёрлардан сезиларли даражада паст бўлиши ва уларнинг нобуд бўлишига олиб келди.
Январь ойи охири ва февраль ойи бошларида аномал совуқ бутунлай чекиниб, ҳаво ҳарорати сезиларли даражада илий бошлади. Булғор қалампири учун жуда узоқ вегетатив давр талаб этилгани боис, ички бозорда ушбу маҳсулот таклифи ҳажмлари ҳозир ҳам кам.
East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.