Бош саҳифаЯнгиликларИссиқхона узумини Германияга экспорт қилишдан қанча даромад олиш мумкин? (фото)
ДолзарбМахсусФотосуратлар тўпламиЯнгиликлар

Иссиқхона узумини Германияга экспорт қилишдан қанча даромад олиш мумкин? (фото)

Ўтган ҳафта EastFruit лойиҳаси Молдова Фермерлар Федерацияси — FARM билан ҳамкорликда ва ФАО ҳамда ЕТТБ кўмагида Италия жанубида молдовалик фермерлар учун ташкил қилинган ўқув турини якунлади. Асосий вазифа – итальян фермерларининг ёпиқ ерда эртаги узум етиштириш, унга ишлов бериш ва сотиш бўйича илғор тажрибаларини ўрганиш,  энг қизиқарли  ишланмаларни Молдовада қўллашдир.

Апулия минтақаси ҳақли равишда Италия узумининг пойтахти ҳисобланади, чунки бу ерда қаерга қараманг, «қуёш резавори»нинг хўраки навлари плантацияларини учратасиз. Қизиғи шундаки, минтақадаги деярли барча хўраки узумлар перголада ўстирилади ва деярли барчаси ишлаб чиқарувчи танлаган нав ва стратегияга қараб, плёнка ёки тўр билан қопланади.

Биз хўраки узумнинг бутун таъминот занжирини — фермердан консолидатор ёки кооперативгача, шунингдек, ишлов бериш, қадоқлаш, логистика ва маркетинг жараёнларини ўрганишга муваффақ бўлдик. Италиядан узум сотиш учун асосий манзил Германия ҳисобланади. Шунингдек, экспортнинг муҳим йўналишлари — бу Нидерландия ва Бельгия.  Узум фермер кооперативлари ёки хусусий компанияларда сараланиб, қадоқланиб, совутиладиган омборлардан жўнатилади.

Айни пайтда “Crimson”, “АRRA Sugar Drop” ва “Black Magic” сингари навлар ҳосили йиғиб олинмоқда. Тез орада фермерлар «Italia» ва «Victoria» каби навларни ҳам йиғиб ола бошлашади. Бу навлар ҳозир, асосан, Германияга юборилмоқда.

Германия бозорига узум етказиб беришнинг қизиқарли хусусияти узумнинг шакар таркиби бўйича қўйиладиган талаблардир. Яъни, узум жуда ширин бўлмаслиги керак, яъни таркибидаги шакар миқдори 15%дан кам бўлиши лозим. Бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилади, чунки немис истеъмолчиси ўта ширин узумларга ўрганмаган. Ширин узумлар эса маҳаллий бозорда, Италияда сотилади.

Хўш, эртаги хўраки узумни Германияга экспорт қилиб қанча даромад олиш мумкин? Фермер кооператив аъзоси бўлган ва кооператив орқали маҳсулот сотадиган энг оддий сценарийни кўриб чиқамиз.

Кооператив вакили ёки тижорий харидор плантацияни ўрганади, маҳсулот сифати, калибри ва ҳосилдорлигини визуал тарзда аниқлайди ва нархни келишиб олади.  Ўз-ўзидан маълумки,  узум фақат Global G.A.P сертификатига эга ва маҳсулот етиштириш ва тайёрлаш жараёни тўлиқ кузатилиши (traceability) кафолатланган фермерлардан харид қилинади. Биз плантацияларига ташриф буюрган барча фермерлар кимёвий ҳимоя воситаларидан фойдаланишни минималлаштиришга интилишади ва доимий равишда хўраки узум ҳимоясининг янги био-усуллари борасида изланишади.

Яхши сифатли «Кримсон» сингари оммабоп узум навини ҳозир фермерлар кооперативларга бир кг учун 1,05 евродан жўнатмоқда.  Хусусий компанияларга сотишда бироз юқорироқ нарх олиш мумкин, аммо кооператив орқали сотишнинг афзаллиги шундаки, йил охирида узум савдосидан олинган фойда етказиб берувчилар ўртасида мутаносиб равишда тақсимланади. Бу ҳақида бироз кейинроқ сўзлаб берамиз.

Дарвоқе, барча узум учун нарх белгиланади ва кооператив ёки импортёр йиғим-теримига ўзи ҳақ тўлайди, аниқроғи, ҳосил йиғим-теримига теримчилар юборади, бу эса унга жараённи тўлиқ назорат қилиш имконини беради. Ва бу фермер учун ҳам фойдалидир.

Италияда узум ҳосилини йиғиш қанчага тушади?  Ўрта ҳисобда бир теримчи кунига тахминан бир тонна соф узум (яъни, баргларсиз ва қисман шингилларсиз, яна ҳам аниқроғи, сифатсиз узум йиғим-терим жараёнида ташлаб юборилиши керак) йиғади.  Узум, одатда, 10 кг.лик қутиларга йиғилади. Бу қатлаб йиғиб қўйиладиган кўп марталик идишдир.

Италиянинг ушбу минтақасида бир кун учун теримчига, агар иш қонуний бўлса, барча ҳисоб-китоблар билан ўртача 70 евро тўланади.  Агар теримчи солиқ тўламай ишлаётган бўлса (баъзан шундай ҳам бўлиб туради), харажатлар камроқ  — кунига 40 евро. Бошқача айтганда, Апулияда узум ҳосилини йиғиш бир килограмм учун ўртача 4 дан 7 евроцентгача тушади.

Йиғим-теримдан сўнг узум кооператив логистика маркази ёки тижорат омборига юборилади, у ерда маҳсулот сараланади ва қадоқланади (қуйидаги расмга қаранг). Ушбу қадоқлар Германия супермаркетларидаги қадоқларнинг ўзгинасидир. Кооператив логистика марказининг қадоқлаш, саралаш ва совутиш бўйича нархи ҳар кг учун тахминан 50-60 центни ташкил этади, бу ишчи кучи, қайта ишлатиладиган қутиларни ижарага олиш ва қадоқлаш материаллари нархини ўз ичига олади.

Қизиғи шундаки, биз борган кооперативлардан бири ҳам ўзининг қутиларидан, ҳам ижарага олинган беш килограммлик қутилардан фойдаланар экан. Кооперативнинг ўз қутилари фермерларни таъминлаш мақсадида сотиб олинган. Ушбу қутиларга ҳосил йиғиб олиниб солинади ва худди шу идишнинг ўзида дарҳол кооператив логистика марказига етказиб берилади. Ушбу қути Апулияда ишлаб чиқарилган ва донаси 6 евродан сотиб олинган.  Қути тахминан 200 айланмага дош бера олганлиги сабаб, ҳар бир килограмм учун нарх жуда ҳам арзон тушади. У осонгина паллетланади ва ҳосилни йиғиш ҳамда етказиб бериш вақтида узум сифатини максимал даражада сақлаб қолиш имконини беради.

Яна бир қути жаҳоннинг 50 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритадиган энг йирик пуллинг платформаларидан бири —IFCOдан ижарага олинган.  Кооператив вакилларининг сўзларига кўра, қути ижараси бир навбат учун 80 центни ташкил этади, бу ҳар бир кг узум учун 16 центга тўғри келади. Бироқ, биз суҳбатлашган мутахассисларнинг фикрига кўра, нарх, аслида, бундан ҳам паст — ҳар бир қути учун 50-60 центдан ёки кг учун 10-12 центдан ошмайди. Бу анча юқори нарх, аммо бундай қутиларда етказиб бериш Германия супермаркетлар тармоғи билан тузилган шартномаларнинг бир қисмидир.

Харидор, кўпинча, етказиб бериш нархини ўз зиммасига олади, аммо бу ерда вариантлар бўлиши мумкин. Шу боис, узум кооперативга ҳар бир килограмм учун тахминан 1,60-1,70 еврога тушади.  Германияга етказиб беришни ўз ичига олган сотув нархи кг учун 2,0-2,4 евро атрофида. Бу шуни англатадики, кооперативнинг ҳар бир килограмм эртаги узум учун маржаси ўртача 0,30-0,50 еврони ташкил қилади.

Кооперативнинг маркетинг бюджети шу пулдан шакллантирилади, бироқ бу фермерларнинг мавсум охирига бориб, 1 кг узум  учун 1,05 еврога қўшимча тарзда камида 10-20 ва ундан ҳам кўпроқ цент/кг олишларини англатади. Албатта, улар фойданинг бир қисмини қайта инвестициялашга қарор қилишлари мумкин, кўпинча, шундай бўлади, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам кооператив орқали ишлаш фойдалироқдир.

Дарвоқе, бу йил бозордаги вазият анчайин мураккаб. Узумга бўлган талаб сезиларли даражада пасайган — импортёрларнинг буюртмалари сони камайди, бу эса нархларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Харажатлар эса фермерларнинг фикрига кўра, ўртача 25-35%га ошди.  Бироқ, ҳар бир килограмм учун 1,05 евро нарх билан фермер ҳали ҳам яхши даромадга эга, аммо Апулия фермерлари келгусида нархлар тушишидан хавотирланишмоқда, чунки бу ерда таъминот мавсуми календарь йилининг охирига қадар давом этади.

Айтганча, маҳаллий савдогарлар узумни декабрь ойи охирига қадар сақлаш ва сотишга ҳожат йўқ, деб ҳисоблашмоқда, чунки ўша пайтда бозорда Жанубий Яримшардан янги ҳосил узуми пайдо бўлади.

Ҳозир Германияда узум қандай нархда сотилмоқда?  Ҳамкасбларимиз томонидан кўриб чиқилган Германия супермаркетлари, асосан, Жанубий Яримшар узумларини кг учун 3,0 дан 3,5 еврогача бўлган нархларда таклиф қилган.  Узумнинг қадоқланиши стандарт, худди Италия жанубида қадоқланган  кўринишда эди.

Бошқача айтганда, Германия супермаркетларининг Италия узумига қўйиладиган ўртача устама ҳақи ҳозирги кунда навга қараб, 30-50% ёки 1 кг учун 0,6-1,0 еврони ташкил қилмоқда.

Яна бир қизиқ жиҳат шундаки, роялти ва бошқа ҳисоб-китоблар эвазига қимматроқ турадиган «Шугар Дроп» каби лицензияланган узум навларига Апулия фермерларининг талаби ортиб бормоқда. Бундай узумнинг нархи юқори ва у анча яхши сотилади. Бинобарин, узумнинг «клуб» навлари экиладиган майдонлар ҳам кенгайиб бориши, эскирган навлар ўрни замонавий ва оммабоп навлар билан тўлдирилиши кутилмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин