Исроил ҳукумати қозоғистонлик талабаларга қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим олиш учун субсидиялар беришга тайёр. Исроиллик экспертлар, шунингдек, Қозоғистон университетлари иштирокида Исроил таълим тизимида илмий-ўқув марказ яратишни мақсад қилган. Бу ҳақида “Исроил-Қозоғистон” Савдо-саноат палатаси раиси Михаэль Роэ маълум қилди, деб ёзоқда ElDala.kz “Атамекен” миллий палатаси маълумотларига таяниб.
«Қозоғистоннинг ривожланиши Исроилнинг ривожланишига ўхшаш. Улар бир хил йўлдан бормоқда. Исроил ёш давлат бўлган пайтлар ҳукуматимиз “АгроЭкско” ташкилотини тузган эди. Бу экспорт учун инфратузилма вазифасини ўтаган. Бизнинг ерларнинг 60%и — чўл. Шундай бўлса-да, бодринг, помидордан тортиб, картошка, пиёз, меваларгача етиштирамиз. Ва 1 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қиламиз. Сизда эса табиий имкониятлар бор. Исроиллик мутахассислар Чимкентдан Олмаотага машинада кетишаётганда ҳайрон бўлишади: “Шунча ер бор-а, нега шу ерлар бизда йўқ. Бойиб кетган бўлардик! Озиқ-овқат — бу бойлик, бу бўлажак нефть, газ, олтин. Қозоғистон жаҳонни забт этиш учун катта салоҳиятга эга”, дейди Михаэль Роэ.
Роэ бу мақсадларга эришиш учун малакали кадрлар, замонавий технологиялар зарурлигини қайд этди. Исроиллик экспертлар университетлар орқали, масалан, Чимкентда, томчилатиб суғоришни йўлга қўйган жаҳондаги энг замонавий университет томонидан Исроил таълим тизими бўйича ўқув-илмий марказ яратишни истамоқда. Келажакда ушбу хаб Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон талабалари учун марказга айланади.
«Маҳаллий аҳоли ишлай олиши учун кадрларни ҳозир ўқитиш керак. Менга Исроилдан агрономлар таклиф қилиш қийин эмас, лекин уларга кунига 300 доллар тўлашимга тўғри келади. Маҳаллий кадрларни ўқитиб, тайёрлай олиш имкониятим бўла туриб, нега исроиллик «қиммат» кадрларни чақиришим керак? Улар учун шунчаки тўғри инфратузилма яратиш лозим, холос. Ёшлар жуда ақлли, уларга имконият бериш зарур. Исроил тизими мисолида шароит яратиш керак — ер ва уруғчиликдан тортиб омбор пештахталаригача”, дейди Михаэль Роэ.
Бакалавриат ва магистратура йўналишлари битирувчилари Исроилга бориб, уч-тўрт ой ичида тизимни ўрганишлари ва амалиёт ўташлари мумкин. Кейин улар Қозоғистонга қайтиб, маҳаллий мутахассисларни тайёрлашади.
“Исроилдаги замонавий институт Қозоғистон учун рус тилида дастурлар ҳозирлашга тайёр, инглиз тилида ҳам дастурлар мавжуд. Агар инглиз тилида PhD даражасини олишни хоҳловчилар бўлса, уларнинг олдинги даражаси исроиллик талабалар даражасига мос келиши керак. Бу борада биз 2-3 ой ичида юқорига кўтарилиб, даражани юксалтиришга тайёрмиз”, дейди Михаэль Роэ.
Шу билан бирга, Исроил йилига 15-20 нафар қозоғистонлик талабанинг ўқишини субсидиялашга тайёр. Таълим нархи Польша, Германия ва бошқа кўплаб Европа мамлакатларига нисбатан анча арзон.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!