EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, хурмо мавсуми Европада энди бошланяпти, бироқ шуни ишонч билан айтиш мумкинки, хурмо нархлари нисбатан юқори бўлади. Бундан бизнинг минтақамиз мамлакатлари, аниқроғи, Ўзбекистон, Тожикистон ва Грузия қай даражада фойдалана олиши мумкин? Шу ҳақда фикр юритамиз.
Демак, бугунга келиб маълум бўлмоқдаки, дунё хурмо бозорида етакчи бўлган Испания ҳосилнинг 20-25%ни ололмайди. Бинобарин, бунинг сабаби совуқ уриши эмас, балки Испаниядаги хурмо плантацияларининг катта қисмига зарар етказган Planococcus (крахмалли зараркунанда) тез тарқалиб кетгани бўлди. Бу ишлов беришлар сонининг, демакки, харажатларнинг кўпайишига, шунингдек, хурмо ҳосилининг бир қисми нобуд бўлишига ва унинг сифати ёмонлашишига олиб келди.
Ҳар йили Испания 210 минг тоннага яқин хурмо экспорт қилади. Бу мазкур мева тури бўйича глобал савдоларнинг тахминан учдан бирини ташкил қилади. 2021/22 йилги мавсумда Испаниядан хурмо экспорти 160-170 минг тоннага тушиши мумкин ва бу сўнгги ўн йилликдаги энг паст кўрсаткич деганидир.
Қизиғи шундаки, испан хурмоси билан Марказий Осиё ва Кавказда етиштирилган хурмо дунё бозорида деярли тўқнаш келмайди. Айтиш мумкинки, улар бутунлай бошқа-бошқа маҳсулотлардир. Авваллари бу маҳсулотлар Россия бозорларида “учрашарди”, бироқ энди Испания Россияга хурмо етказиб бера олмаяпти, Беларусь сингари мамлакатлар орқали реэкспорт қилиш эса охирги йилларда жуда қийинлашиб кетган. Шу боисдан, ушбу икки маҳсулотни Россияга қўшни бўлган Украинада учратиш мумкин. Марказий Осиё ва Кавказорти мамлакатлари эса деярли бутун хурмо ҳосилини Россия ва МДҲ мамлакатларига экспорт қилади.
Бироқ, Испания ўз хурмосини ЕИнинг бошқа мамлакатлари, шунингдек, Украина ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилганлиги сабабли, мантиқий савол туғилади. Хўш, Ўзбекистон, Тожикистон, Грузия, Озарбайжон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида етиштирилган хурмо ушбу мамлакатлардаги испан хурмоси ўрнини тўлдира оладими?
Энг аввало, айтиш керакки, хурмо етиштириш Грузияда жадал суръатларда ва Марказий Осиё мамлакатларида барқарор равишда ўсиб бормоқда. Грузия етиштириш ва экспортни ҳар йили ошириб боряпти. 2020 йилда эса у ўзида етиштирилган хурмони 10 минг тоннадан зиёд ҳажмда экспорт қилган дунёнинг 6 мамлакатидан бирига айланди. Тўғри, Грузия учун экспорт ҳажми борасида Озарбайжон ва Ўзбекистонга етиб олишга ҳали анча бор. Озарбайжондан ҳар йили экспортга (асосан РФга) 200 минг тоннадан зиёд хурмо жўнатилади. Ўзбекистон эса 2020 йилда 100 тоннага яқин хурмо экспорт қилган. Ўзбек хурмосини экспорт қилиш ҳажмлари ҳам тез ўсмоқда. Худди Озарбайжон сингари Ўзбекистон ҳам ўз хурмосининг деярли барчасини Россия ва собиқ СССР мамлакатларига етказиб беради. Ҳа, қайд этиш жоизки, Озарбайжондан келадиган хурмонинг катта қисми, асосан, Эрондан жўнатиладиган хурмо реэкспорти бўлиши мумкин.
2021 йилда Кавказ ва Марказий Осиё минтақасида хурмо ҳосилини йиғиштириб олиш бироз кечикмоқда, аммо у яхшигина бўлиши кутиляпти. Яна бир нарса. Экспортни диверсификация қилиш имкониятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган асосий муаммо шундаки, ушбу хурмо ўз ташқи кўриниши ва таъм кўрсаткичлари билан фарқланиб туради.
Данаксиз ва тахир таъмга эга бўлмаган испан хурмосини сотувчилар кўпинча “Шарон” деб атайдилар. Аслида бу унчалик тўғри эмас, чунки “Шарон” – Исроилда етиштириладиган “Триумф” хурмо навининг савдо маркаси. Бу ерда гап фақат нав ҳақида эмас, уни зарур ҳолатга етказувчи, балки узоқ вақт сир тутиб келинган усулда ҳам бормоқда.
Бироқ ҳозир бу усулдан турли мамлакатларда етиштириладиган бошқа данаксиз хурмо навлари билан ҳам фойдаланилмоқда. Хурмо керакли хусусиятларга эга бўлиши учун уни ҳали пишмай туриб йиғиб олишади ва карбонат ангидрид билан тўлдирилган герметик камераларда жадал суръатда етилтиришади. Бу усул тахир таъмни йўқотади, яъни хурмо таркибидаги танинни камайтиради. Авваллари бунинг учун худди бананлардаги каби этилендан фойдаланилган. Аммо бу усул хурмонинг юмшаб, ташиш қийин ҳолатга келиб қолишига сабаб бўлади. Таркибдаги танин эса унчалик даражада камаймайди.
Хурмога карбонат ангидрид билан ишлов беришнинг мазкур усули пайдо бўлгач, ушбу меванинг жаҳон бўйича савдо ҳажмлари кескин кўпайди. Ахир хурмо ҳамма ерда ҳам ўсавермайди-да. Карбонат ангидрид ёрдамида ишлов берилганда йирик, чиройли ва тоза, данаксиз, қарсиллатиб ейдиган, ширин таъмга эга хурмо ҳосил бўлади. Мева етарли даражада қаттиқ бўлиб қолиши ҳисобига унинг сифат кўрсаткичларини йўқотмасдан, узоқ сақлаш мумкин.
Марказий Осиё ва Кавказортида хурмо етиштириш ва унга ишлов беришга ёндашувлар ЕИ мамлакатларидагидек даражада мукаммал эмас. Бу минтақаларнинг хурмоларида, одатда, яра-чақалар кўпроқ бўлади ва уларни ташиш қийин. Етиштирилаётган навларнинг бир қисми йирик данакларга эга, данаксизлари ҳам бор. Шунингдек, айрим навлар оғизни буриштиради, яъни таркибида танин мавжуд. Қолаверса, тезкор етиштириш бўйича ёндашувлар бу ерларда деярли қўлланилмайди. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, бу хурмони сақлаш ва ташиш анча қийинчилик туғдиради. Супермаркетлар ҳам бундай маҳсулотни сотишга жуда ошиқмайдилар. Чунки уни реализация қилишдаги йўқотишлар катта.
Ташқи кўриниш ва таъм кўрсаткичларидаги фарқ, шунингдек, минтақамиздан хурмо олиб бориб сотишдаги катта таваккалчиликларни ҳисобга олиб айтиш мумкинки, Испанияда хурмо ҳосилининг камайиши Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия, Тожикистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларидаги хурмо нархлари ва экспортига жиддий таъсир қилмайди. Чунки экспорт, илгаригидек, аввало дунёнинг энг йирик хурмо импортёри бўлмиш Россия бозорларига йўналтирилади.
Бундан ташқари, Украина ва Беларусь каби мамлакатлардаги испан хурмоси истеъмолчилари бошқа мамлакатлардан келган хурмони харид қилмаса керак. Боиси, бу ҳақиқатан ҳам мутлақо бошқа маҳсулот. Хурмо учун яна бир салбий омил – бу Россия бозорларидаги арзон олманинг кўпайиб кетганидир.
Шунга қарамай, минтақамиздаги энг уддабурон хурмо экспортёрлари ва етиштирувчилари ушбу имкониятдан фойдаланиб, ўз маҳсулоти учун янги бозорларни очса ёмон бўлмасди. Экспертларнинг ҳам фикрича, Ўзбекистон ва Тожикистонда яқин ҳафталар ичида хурмо нархлари пасайиши кутилмоқда.
Испанияда хурмо ҳосилининг камайиб кетганидан энг кўп Исроил ва Италия боғбонлари фойдаланиб қолиши шубҳасиз. Улар 2021/22 йил мавсумида ўз маҳсулотларини яхшигина нархда сотиши мумкин.
Дарвоқе, Ўзбекистон ва Тожикистонда хурмони қуёшда қуритиб сотиш тобора оммалашмоқда. Бу ҳам яхшигина даромад келтиради. Грузиядаги хурмонинг бир қисми ҳам худди шу шаклда сотилмоқда. Бу ҳақда биз суратлари билан тайёрлаган материалимизда ҳикоя қилгандик. Қолаверса, коронавирус пандемиясининг давом этиши баробарида хурмо истеъмол қилиш тобора урфга кирмоқда. Чунки унинг таркибидаги танин моддаси covid-19 вирусини ўлдиради, деган фикр мавжуд. Ўтган йилнинг охирида хурмонинг вирусга қарши курашишдаги фойдалари тўғрисида ОАВда тарқатилган хабарлардан сўнг Тожикистонда ҳатто нархлар кескин кўтарилиб кетганди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, минтақавий хурмо бозорида айни пайтда ижобий омиллар салбий омилларга қараганда анча кўп. Демак, минтақамизда хурмо нархлари ҳам, боғбонларнинг даромади ҳам катта эҳтимол билан ўтган йилгидан кам бўлмайди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!