Интенсив олма боғига асос солишдан аввал келажакда ундан юқори сифатли ҳосил олиш, доимий равишда эҳтимолий хавфларни минималлаштириш бўйича режа тузиш керак. Ушбу фикрни 16 март куни бўлиб ўтган “Тожикистоннинг мева-сабзавот сектори – энг яхши инвестиция макони” деб номланган Миллий онлайн-конференцияда мевали экинларни етиштириш технологиялари бўйича маслаҳатчи Нина Дмитраш (Украина) билдирди.
Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмагида EastFruit халқаро лойиҳаси томонидан ташкил этилди. Анжуманнинг ахборот ҳамкори – Sapienza агромедиа агентлиги.
“Меваларни боғга экишдан олдин ҳудуд, етиштириш жойи ва корхона ўрнашган ерга қараб, ушбу хавфларни аниқлаштириб олиш муҳим аҳамиятга эга”, деди мевали экинларни етиштириш технологиялари бўйича маслаҳатчи. Шунда интенсив боғ ташкил этиш натижасидан умидсизлик юзага келмайди.
Нина Дмитрашнинг сўзларига кўра, биринчи хавф табиий ва иқлим шароитидир. Бунга совуқ, баҳорги изғирин, дўл, давомли ёмғир, юқори ҳарорат ва қурғоқчиликни мисол қилиш мумкин.
“Иккинчи хавф – бу мутахассислар етишмовчилиги ёки улардаги малака етарли эмаслиги. Aхир, агар боғдорчилик билан шуғулланадиган киши етарли тажрибага эга бўлмаса, унда яхши натижага ишонмаслик керак – улар, айниқса, интенсив боғдорчилик билан шуғулланишда сезиларли хатоларга йўл қўйишади. Кейинчалик бу ҳосилнинг миқдори ва сифатига таъсир қилади.
Навбатдаги хавф меҳнат ресурслари билан етарли даражада таъминланмаслик. Aгар сиз боғ барпо қилишни режалаштирган бўлсангиз-у, меҳнат ресурслари етишмаётган бўлса, унда, масалан, бошқа жойлардан ишчиларни жалб қилиш имконияти мавжудлигини тушунишингиз керак. Дарҳақиқат, олма етиштиришнинг интенсив технологияси билан кўчат ўтқазишда ҳам, кейинчалик дарахтларни кесишда ҳам, меваларни йиғишда ҳам ўзига яраша талаблар бор”, деб тушунтирди Нина Дмитраш.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, яна бир хавф – бу техника ва ускуналар етишмаслиги ва ишлаб чиқариш ҳамда моддий-техник ресурслар – ўғит, экинни ҳимоя қилиш воситалари билан ўз вақтида таъминланмаганликдир. “Таъкидлаш жоизки, минимал ускуналар тўплами бўлмаган тақдирда интенсив боғ барпо этиш мумкин эмас, чунки бу ўз вақтида бажарилиши керак бўлган жуда кўп технологик операцияларни талаб қилади.
Бундан ташқари, технологик операцияларнинг оптимал муддати ва ишларнинг малакали бажарилиши – дарахт экиш, кесиш, ҳимоя воситаларини қўллаш, маҳсулотларни йиғиш талабларига риоя қилинмаганда ташкилий хатарлар мавжуд”, дейди мутахассис.
Ўз нутқида Нина Дмитраш интенсив боғ ташкил этишда пахтакорлар, кўпинча, йўл қўядиган асосий хатоларни ҳам батафсил баён қилди. Улар қаторида мутахассис боғ учун нотўғри ер танлаш ва тупроққа етарли ишлов бермасликни сабаб қилиб кўрсатади.
“Ушбу хато кейинчалик боғнинг бутун фаолияти давомида мавжуд бўладиган хатарларнинг юзага келишига таъсир қилади. Масалан, қаторларни нотўғри жойлаштириш ёки ер рельефини нотўғри танлаш. Шу сабабли, ушбу омилларнинг барчасини боғга асос солишдан аввал кўриб чиқиш керак. Бунга қўшимча равишда, тупроқни зарур озуқавий моддалар билан таъминлаш учун боғни барпо қилишдан олдин нима қилиш кераклигини тушуниш, тупроқни таҳлил қилиш лозим”, дейди Нина Дмитраш.
Муайян минтақа учун навларни нотўғри танлаш – олма етиштирувчи боғбонларнинг яна бир одатий хатосидир. Масалан, қизил мевали навларни танлаётганда Нина Дмитрашнинг сўзларига кўра, бутун меванинг бир хил рангланиши учун маълум ҳарорат фарқлари зарурлигини тушуниш керак. Меваси қизил рангда пишадиган олма навлари экиладиган Марказий Осиёнинг кўплаб минтақаларида бундай фарқлар мавжуд эмас.
Яна бир хато – бу сифати яхши бўлмаган кўчатларни танлаш ва уларни экишдаги нотўғри тутумдир. Ушбу хатони бартараф этиш учун сертификатланган майдонларда етиштирилган кўчат намуналарини сотиб олиш керак. Шу билан бирга, экиш давригача кўчатларни сақлаш ва ташиш шартларига риоя қилиш ҳам муҳим.
Аксарият ҳолларда, Нина Дмитрашнинг сўзларига кўра, интенсив олма боғини барпо этаётганда дарахт экишнинг нотўғри схемаси танланади. У мавжуд захира ва навларга қараб аниқланиши лозим. Бунда қатор ораларидаги масофа боғ барпо этишда у ёки бу техника ва ускуналардан фойдаланишга боғлиқ бўлиб, дарахтлар орасидаги оралиқ танланган навга ва келажакда экиш режалаштирилган экин турига боғлиқ.
Чанглатувчиларнинг нотўғри танланиши ва жойлашиши ҳам олма етиштиришда энг кўп учрайдиган хатолардан биридир. “Aхир, ҳосилнинг нафақат миқдори, балки сифати ҳам чангланишга боғлиқ, чунки яхши чангланиш юқори зичликдаги меванинг катта ҳажмини олишга имкон беради ва бу маҳсулотни сақлаш муддатига таъсир қилади.
Бундан ташқари, кўпинча, интенсив олма боғи томчилатиб суғориш тизими, суғориш тезлиги ва муддатлари назорат қилинмаган ҳолда ташкил этилади. Томчилатиб суғоришсиз интенсив боғ бўлиши мумкин эмас. Суғориш тадбирлари кўчат ўтқазгандан сўнг уларнинг дарҳол тутиб кетиши даражасини ошириш имконини беради. Бунда кўчатларда ҳам турли касалликларга нисбатан юқори қаршилик шаклланади. Шунингдек, томчилатиб суғориш ёрдамида тупроқ ва ўсимлик таркибида озуқавий моддалар етишмаслиги хавфини ҳам минималлаштириш мумкин. Бироқ, тупроқ намлигини доимий равишда назорат қилиб бориш ва суғоришни эҳтиёжга мувофиқ ҳамда тупроқ талаб қиладиган ҳажмда ўтказиш ҳам муҳимдир”, дейди мевали экинларни етиштириш технологияси бўйича маслаҳатчи.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон, Қозоғистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида интенсив боғдорчилик ва олма бизнесининг энг долзарб муаммолари: Топ-10
Мутахассис шунингдек, интенсив олма боғларининг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш тизимисиз боғ яратиш мумкин эмаслигини таъкидлайди. Шунинг учун ҳам боғ барпо этишга киришишдан олдин унинг мавжудлигини таъминлаш муҳимдир. Aгар бу ишни амалга ошириш кечиктирилса, кўчатларнинг илдиз тизими бузилади, натижада, дарахтнинг мева бериш даври кечикади.
Нина Дмитраш, шунингдек, кўпчилик боғбонлар боғни ўтқазгандан кейинги дастлабки 3 йил ичида дарахтлар шаклига ишлов беришни амалга ошириш керак эмас, деб ҳисоблашади. Бу катта хато. “Экишдан сўнг дарҳол дарахтларни кесиш керак ва бир йилдан сўнг тожи шакллантирилади. Бу истиқболда ушбу жараёнга кетадиган харажатларни минималлаштириш ва боғда мева етиштиришнинг барқарор даражасига эришиш имконини беради”, дея хулоса қилади мутахассис.
Олма боғини М9 кичик ўлчамда Грузия шароитида каллаклаш бўйича маҳорат видео-дарсини қуйидаги ҳаволада кўриш мумкин.
Мутахассис, шунингдек, боғни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш масалалари ҳамда ушбу ёндашувларнинг Марказий Осиё учун ўзига хос хусусиятларига эътибор қаратди. Бундан ташқари, мутахассис агар олма узоқ муддатли сақлаш учун ўстирилаётган бўлса, боғни шакллантириш ва муҳофаза қилиш технологиясида буни аввалдан ҳисобга олиш кераклигини таъкидлади.
Нина Дмитраш тақдимотининг тўлиқ видеосини қуйида кўриш мумкин:
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!