Бош саҳифаЯнгиликларГрузиядан кўкат экспорти мавсуми ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан арзонроқ нархлар билан бошланди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Грузиядан кўкат экспорти мавсуми ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан арзонроқ нархлар билан бошланди

Ғарбий Грузиянинг юқори туннелларидан кўкатларни йиғиб олиш ва экспорт қилиш мавсуми бундан бир неча ҳафта аввал бошланди. 2021/22 йилги мавсум Россия ва Украина каби анъанавий экспорт бозорларидаги вазиятга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.  Маҳаллий экспортёрларнинг фикрича, ҳозир Грузия кўкатларини етказиб бериш бўйича энг йирик бозор саналмиш Россия Федерацияси кўкатларни Эрондан сотиб олмоқда. Мавсумнинг бу вақтида шиддатли рақобат Грузия маҳсулотлари нархини пасайтиряпти.

Бошланган мавсумдан фермерлар ва экспортёрлар мамнун эмас. Фермерлар нархлар ўтган йилга нисбатан арзонлашгани ҳақида гапирса, экспортёрлар сифат муаммолари ҳақида сўзламоқда. Улар EastFruit билан суҳбатда таъкидлаганидек, кўкатлар ҳозир мамлакатнинг ғарбий ҳудудларидаги ўта нам об-ҳаво шароити туфайли чиришга мойил бўлиб қолган.

Россиядан ташқари, бу мавсумда Грузия кўкатлари Қатар, Болтиқбўйи ва Болгарияда сотилади. Лекин, бу бозорларга экспорт нисбатан кечроқ – январь ойида бошланади.

Болтиқбўйи давлатларига кўкат экспорт қилувчи Geo-Green компанияси вакилининг сўзларига кўра, улар экспортни ҳали бошламади, чунки, айни пайтда Марказий Осиёдан кўкатлар ушбу йўналишдаги бозорларда Грузияникидан арзонроқ нархда сотилмоқда. Компания экспортни январь ойида – Ўзбекистоннинг нархларга салбий босими камайгач бошлашни режалаштиряпти.

Herbia Грузиядаги энг йирик кўкат етиштирувчилардан бири ва шу билан бирга, Global G.А.P. сертификатига эга ягона компания ҳисобланади. Маҳаллий савдодан ташқари, компания Болгария бозорига маҳсулот экспорт қилади. Унинг асосчиси Зураб Жанелидзенинг сўзларига кўра, экспорт ҳали бошланмаган, чунки, ҳосил ҳозирча етарли эмас.  Компания фақат ўзи етиштирган  кўкатларини экспорт қилади ва савдони январь ойида бошлашни режалаштирмоқда.

Грузия кўкатларини Қатарга етказиб берувчилардан бири Аgritouch бўлиб, унинг вакили Давид Макашвилининг сўзларига кўра, улар сўнгги уч ой ичида Қатарга кўкат экспорт қилган ва яқин келажакда маҳсулот етказиб беришни давом эттиради. Аgritouch Грузия кўкатларини Қатардаги LuLu гипермаркетлар тармоғида сотади.

Ушбу мавсум прогнозлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, фермерлар ҳам, экспортёрлар ҳам январь ойида нархлар ошишини кутишмоқда, гарчи, бу рақобатдош мамлакатлардаги вазиятга боғлиқ бўлса ҳам.  Ўзбекистон ва Эронда кўкатлар очиқ ерда етиштирилади. Шу боис, грузиялик экспортёрлар январь ойидан бошлаб, ушбу мамлакатларда ҳаво ҳарорати даражаси пасайиб, маҳсулот етиштириш ҳажми камайишига олиб келишини кутишмоқда.

EastFruitнинг нархлар мониторинги натижаларига кўра, кўкатларнинг уч тури бўйича ҳам (шивит, кашнич ва петрушка) ўртача улгуржи нарх бу ҳафта 1 кг учун 3 лари (0,96 доллар) бўлди. Аммо экспорт сифатли кўкатлар нархи 1 кг учун 4 лари (1,29 доллар)га етиши мумкин.  Ўтган йилги маълумотларга кўра, худди шу даврда шивит ва кашничнинг ўртача нархи 1 кг учун 5 лари (1,52 доллар), петрушка эса ҳозиргидан ҳам арзонроқ — 1 кг учун 2,5 лари (0,76 доллар) бўлган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин