Грузиянинг EastFruit жамоаси хабарига кўра, май ойида бошланган гилос мавсуми аввалиданоқ, фермерларда баҳорги об-ҳаво шароити ноқулайлиги сабабли ҳосилни йиғиб олиш борасида салбий тахминлар мавжуд эди. EastFruitнинг май ойи учун нархлар мониторинги натижалари буни тасдиқлади: нархлар одатдагидан юқори бўлиб чиқди.
Шунга қарамай, май ойидаёқ Грузия гилоси фаол экспорт қилина бошланди. Чунки, Ўзбекистонда, масалан, гилос ҳосили билан боғлиқ бундан ҳам жиддийроқ муаммолар юз берди ва у ерда нархлар жуда юқорилигича қолди. Грузия Молия вазирлигининг расмий маълумотлари шуни кўрсатдики, 2021 йил май ойида Грузия 9,9 тонна гилос экспорт қилди – бу кам туюлиши мумкин, аммо юқори нархлар фонида экспортнинг эрта бошланиши жуда ҳам яхши натижа, чунки, одатда, грузин гилослари фақат июнь-июль ойларидан экспорт қилинар эди.
Май ойида Россия грузин гилосининг асосий импортчиси бўлиб қолган бўлса-да, 1,4 тонна грузин мевалари Қатарга етиб бориб улгурди, аниқроғи «учди». Бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, Қатар бозорига гилос етказиб бериш – транспорт харажатлари юқори эканлиги, қадоқлаш ва маҳсулот сифатига бўлган талаблар ошиши ва самолётларнинг юклаш имконияти жуда паст бўлишига қарамай, нарх жиҳатидан жуда қулайдир.
» Aгростор» – маҳсулотлари Қатардаги Lulu гипермаркетлар тармоғида сотиладиган Грузия компанияларидан бири. Ушбу компания малина, ўрик ва гилосни трейдерга сотади, у эса кейинчалик мевани Қатарга самолёт орқали экспорт қилади. Рўйхатдаги маҳсулотлардан «Aгростор» фақат малина етиштиради, ўрик ва гилосни эса маҳаллий боғбонлардан харид қилади. Мевалар экспорт учун профессионал даражада тайёрланади: уларни калибрлаш, саралаш ва қадоқлаш ишлари юксак савияда амалга оширилади.
Жорий мавсумда «Aгростор» Қатарга экспорт қилиш учун 3,5 тонна гилосни тахт қилиб қўйди. Компания вакили Зураб Aлавидзенинг сўзларига кўра, 2020 йил – Қатарга рейсларнинг кўпи бекор қилингани туфайли мева экспорти учун омадсиз йил бўлди. Жорий йил эса ижобий бошланди. Aлавидзе ушбу мавсумда Грузиядан Қатарга мева экспорти мунтазам амалга оширилишига умид қилмоқда.
«Ўйлайманки, ҳафтада икки парвоз – ҳозирча аниқ. Бу фақатгина Lulu супермаркетлар тармоғига мева етказиб беришни давом эттирсак, албатта. Aгар бошқа ҳамкорлар ҳам топишга муваффақ бўлсак, у ҳолда ҳар куни бир ярим тоннагача мевани ҳаво йўли орқали экспорт қилишимиз мумкин бўлади», дейди Aлавидзе.
Эслатиб ўтамиз, май – мавсумнинг бошланиши, холос. 2021 йилнинг июнь ва июль ойларида кўпроқ грузин гилослари экспорт қилинади. Одатдагидек, нархлар тушиши билан тобора кўпроқ трейдерлар гилос харид қилишни бошлайди.
EastFruit мониторинги маълумотларига кўра, 26 мм дан каттароқ гилос нархи июнь ойининг биринчи ҳафтасида 12 лари/кг. дан (3,55 доллар) 6 лари/кг.га (1,9 доллар) тушди. Шу ҳафтада Грузия гилосининг нархи янада арзонлашди – ҳар кг учун 1,5-1,6 долларгача сотилди ва у Ўзбекистондаги сараланган йирик гилос нархларидан бироз юқорироқ, холос.
EastFruit маълумотларига кўра, 2020 йил – Грузия гилоси экспорти учун ажойиб йил бўлди. Ўшанда 504 тонна сархил гилос экспорт қилинди – бу сўнгги олти йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. 2019 йилга нисбатан 2020 йилда гилос экспорти деярли уч баравар ошди! Эҳтимол, бу йил биз экспорт ҳажмида бўлмаса ҳам, унинг географияси борасида янада кўпроқ натижаларни кўришимиз мумкиндир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!