Европа Иттифоқи мамлакатларининг уруғлик картошка бозоридаги воқеалар қизғин тус олмоқда. EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, жорий мавсумда уруғлик картошка нархи одатдагидан сезиларли даражада юқори, айниқса, аввалги мавсумларнинг нисбатан муваффақиятсизлиги фонида бу ҳолат яққол кўзга ташланяпти. Бироқ, юқори нархда ҳам ушбу маҳсулотни асосий экспортёр-мамлакатда катта ҳажмда сотиб олиш жуда мушкул.
Голландия ҳозир Россияга уруғлик картошка етказиб бермаётган бўлса ҳам ушбу мамлакатда уруғлик картошканинг муайян тақчиллигига асосий сабабчи Россиядир. Дарвоқе, жорий мавсумга қадар Россиянинг ўзи уруғлик картошка бўйича йирик экспортёр эди. 2020 йил якунларига кўра, Россия 70 минг тоннадан ортиқ экспорт ҳажми билан уруғлик картошка экспорти бўйича етакчи еттиликка кирди. Ушбу мамлакатдан уруғлик картошканинг асосий харидорлари Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Беларусь бўлди.
Қандай қилиб Россия Европа бозоридаги картошка тақчиллигига сабабчи бўлиши мумкин? Биз 2021/22 йилги мавсумда Россияда жиддий картошка тақчиллигига дуч келингани, бунинг ўрнини тўлдириш жуда қийин экани ҳақида ёзган эдик. Мазкур вазият домино эффектига олиб келди ва картошка нархи минтақанинг кўплаб мамлакатлари, айниқса, Россия илгари картошка экспорт қилган Марказий Осиёда тез ўса бошлади. Энди Марказий Осиё давлатларининг картошка импорти борасида Россия билан Эрон ва Покистон давлатлари рақобатлаша бошлади.
Одатда, Россияга картошканинг энг йирик экспортёри ва Голландиядан уруғлик картошканинг асосий импортёри бўлмиш Миср 2022 йилги қишки ҳосил учун сабзавот етиштиришни камайтирди. Натижада, россиялик импортёрлар Мисрдаги картошка нархини рекорд даражага кўтариб, мисрлик фермерларни зудлик билан уруғлик картошка учун янги буюртма беришга мажбур қилиб қўйишди.
Картошка нархи нафақат Миср, балки бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам ошгани сабабли, ҳатто Россия бозорига картошка етказиб бермаган, лекин, масалан, одатда, Мисрдан картошка сотиб олганлар ҳам уруғлик картошка қидиришга тушиб кетди. Айтганча, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Нидерландия бутун жаҳон уруғлик картошка экспортининг ярмидан кўпини таъминлагани сабабли, қуйидаги диаграммада кўриб турганингиздек, ушбу мамлакатга импорт учун кўп талаблар туша бошлади.
Қуйидаги диаграммада: 2016-2020 йилларда уруғлик картошканинг жаҳон бозоридаги энг йирик экспортёрлари улуши
Бу вақтда Нидерландия фирмалари талабнинг кескин ўсишига тайёр эмас эди. Шу билан бирга, уларда етиштирилаётган картошканинг асосий қисми бўйича маҳаллий ва Европа ишлаб чиқарувчилари билан шартномалар тузилган. Шунга кўра, учинчи мамлакатлардан келган барча импортёрлар ҳам Нидерландияда уруғлик картошка сотиб олиш имконига эга эмас эди.
Келгуси ҳафталарда уруғлик картошка нархи бутун минтақада ўсишда давом этишини тахмин қилишимиз мумкин. Янги мавсумда картошка етиштириш ҳажми ортадими-йўқми, бу саволлигича қолмоқда. Шуниси аёнки, картошка етиштириш таннархи ҳозирданоқ (айниқса, фермерларнинг ўғитларга бўлган харажатлари кескин ошиши фонида) юқори экани сезилмоқда.
Айни пайтда Россияда картошканинг улгуржи нархлари бир йил аввалгидан бир ярим баробар юқори ва бу барча йиллар учун рекорд даражада баланд кўрсаткичдир. Картошка нархи, аксинча, жуда паст бўлган Украинадан ташқари минтақанинг аксарият мамлакатларида ҳам нархлар билан боғлиқ вазият худди шундай. Бироқ, ушбу сабзавот сифатига дахлдор муаммолар ва аксарият мамлакатлар бозорларига чиқиш имкони йўқлиги сабабли, Украина ички бозордаги ортиқча картошкадан қутула олмайди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!