EastFruit таҳлилчилари Беларусдаги картошка, сабзи ва пиёзнинг улгуржи нархлари ўта юқори даражада сақланиб қолаётгани ва ҳатто мамлакатда маҳсулот захиралари максимал бўлиб турган даврга қарамай, нархлар ўсишда давом этаётганига эътибор қаратишмоқда. Шу билан бирга, минтақанинг сабзавот етказиб берувчилари картошка ва борш тўпламидаги бошқа сабзавотларнинг импортёрлари билан алоқа боғлашга фаол равишда уринишмоқда.
Маълумки, EastFruit таҳлилчилари анъанавий равишда Беларусь сабзавот ва меваларининг улгуржи нархлари мониторингини олиб боради. Навбатдаги мониторинг натижаларига кўра, ўтган ҳафта картошка нархи яна 14 фоизга ошди.
Шундай қилиб, картошка нархи йилнинг шу даврига хос сўнгги йиллар рекордларини янгилашда давом этмоқда. Бу эса мамлакат расмий идораларининг 2021 йилда сабзавотлар ҳосили кўпаяди дея даъво қилган баёнотига зиддир. Бироқ, Беларусь йиғим-терим пайтида картошкани биринчи марта импорт қилгани ҳақидаги материалимиздан сўнг Беларусь Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳосилнинг «2020 йил даражасида» бўлишини эълон қилди.
Аммо, кўриниб турибдики, бозор бу баёнотларга ишонмайди, чунки, шундай гаплардан кейин мамлакатда картошка яна қимматлашди. Айни дамда Беларусь картошкасининг улгуржи нархи ўтган йилгидан 78 фоиз юқори.
Бундан ташқари, ҳозир Беларусда картошка минтақанинг бошқа мамлакатларига қараганда қимматроқдир. Ҳозир Беларусь бозорида картошкани Украина бозорига нисбатан 40% ва Польша бозорига нисбатан 88% қимматроқ сотиш мумкин.
Бундан ташқари, ҳатто илгари Белорусдан кўп миқдорда картошка импорт қилган Молдовада ҳам нархлар анча паст. Айтганча, ҳозир Молдовадаги картошка Беларусга қараганда 2,3 баравар арзон. Шу сабабли, ҳозирги вақтда Молдова картошкасини Беларусга экспорт қилиш анча даромадли бўлади!
Шубҳасиз, бу йилги ноқулай об-ҳаво шароити, хусусан, ёзги қурғоқчилик картошка, сабзи ва бошқа сабзавотлар ҳосилига салбий таъсир кўрсатди, йиғим-терим пайтида ёмғир ёғиши эса вазиятни янада мураккаблаштирди. Яъни йиғим-терим ишлари сустлашиб, сабзавот ҳосилининг сифати ҳамда узоқ муддат сақлашга яроқлилигини пасайтирди.
Беларусда нархи картошкадан ҳам кескин ошган сабзавот – бу сабзидир. Ҳозирги вақтда сабзининг улгуржи харидорлари бир йил аввалгидан икки баравар кўпроқ тўлашга мажбур бўлмоқда.
Одатда, Беларусда сабзи нархи сентябрь ойининг биринчи ярмида пасаяди, шундан кейин нархлар нисбатан барқарорлигича қолади. Дарвоқе, бу йил Беларусда эртаги сабзи аввалги йилларга қараганда анча қиммат бўлди. Бунга Россияда сабзавотларнинг ўта юқори нархлари ва мазкур бозорга Беларусь сабзиси фаол етказиб берилиши сабаб бўлди. Бироқ, ҳозир Беларусда сабзи нархи Россиядаги нархлардан уч баробар қиммат!
Минтақа мамлакатларидан сабзининг энг паст нархлари ҳозир Украинада. Шунинг учун, ҳозир айнан Украина Беларусь бозорига сабзини фаол етказиб бермоқда. Шунингдек, сабзи Беларусга Россиядан ҳам импорт қилинади. Беларусь импортёрлари учун сабзини Польшадан сотиб олиш фойдали, чунки, Беларусда бу сабзавот нархи ҳозир 81% баланд.
Беларусда пиёз бошқа сабзавот турларига нисбатан қимматлашди ва у ўтган ҳафтада арзонлашган ягона сабзавот туридир. Ҳозир Беларусда пиёзнинг улгуржи нархи 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 45% баланд, 2019 йилга нисбатан эса икки баравар юқори.
Сабзи ва картошкадан фарқли ўлароқ, Беларусда пиёз етиштириш учун у қадар яхши шароит йўқ. Шу сабабли, мамлакат, кўпинча, пиёзнинг нетто-импортёрига айланади. Ҳозирги вақтда Беларусда пиёз нархи бошқа мамлакатлар ва минтақаларга қараганда анча юқори. Аслида, Украинада ҳам, Россияда ҳам пиёз нархи ўтган йилга нисбатан қимматлади.
Шу боис, мамлакатлар орасидаги пиёз баҳоси бўйича «бўшлиқ» картошка ва сабзи нархларидагидек аҳамиятли эмас ва унинг импорти ҳам ҳали у қадар жозибали эмас. Бу шуни англатадики, ҳозир нархларнинг ўсиш истиқболлари жуда яхши. Ахир, ҳатто Украина ҳам ҳозир Марказий Осиёдан пиёз олиб келиш имкониятини муҳокама қилмоқда ва Молдовадан пиёз импорт қила бошлади.
Шунинг учун Беларусь импортёрлари энди Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан пиёз олиб келиш имкониятларини кўриб чиқишлари керак. Айтганча, мева-сабзавот савдоси бўйича энг йирик етказиб берувчилар гуруҳини ушбу ҳавола орқали топишингиз мумкин.
Беларусь сабзавот бозори операторлари картошка, пиёз ва сабзи нархи бу мавсум ўсишда давом этади, деб ҳисоблашмоқда. Чунки, улар ишлаб чиқариш ҳажми етарли эмас ва маҳсулот сифати паст дейишмоқда. Улар, шунингдек, бозорда ҳозир, асосан, сифати у қадар юқори бўлмаган, яъни узоқ муддат сақлашга мўлжалланмаган маҳсулотлар таклиф қилинаётганига эътибор қаратишяпти. Савдогарларнинг фикрича, ушбу маҳсулотлар захираси тугаши билан барча сабзавотлар нархи яна кўтарилади. Шу сабабли, Беларусда сабзавотларнинг бугунги нарх рекорди яқин келажакда яна янгиланиши мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!