Бош саҳифаЯнгиликларАҚШда Мексика авокадоси импорти таъқиқланганлиги Ўзбекистон истеъмолчиларига қўл келмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

АҚШда Мексика авокадоси импорти таъқиқланганлиги Ўзбекистон истеъмолчиларига қўл келмоқда

АҚШда Мексика авокадоси импорти таъқиқланиб, ички бозорда нархлар кескин кўтарилди, жаҳоннинг бутунлай бошқа бир қисмида – Ўзбекистонда эса ушбу мева 2 баробар арзонлашган. Бироқ, бу таъқиқдан аввал ҳам Ўзбекистонда авокадо нархи импорт божларининг бекор қилиниши туфайли қарийб 25 фоизга арзонлашган эди.

EastFruit таҳлилчилари ушбу омиллар қандай қилиб 3,5 ой аввал Ўзбекистондаги энг қиммат мевалардан бири ҳисобланган авокадонинг бир неча бор арзонлашувига олиб келганини тушунтириб беришди.

2021 йил октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон ҳукумати бир қатор маҳсулотлар, жумладан, цитрус ва экзотик мевалар, хусусан, авокадо импортида божхона божи тўловларидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Ушбу ҳужжат қабул қилинишидан аввал мазкур турдаги меваларни олиб киришда 10–20 фоиз, бироқ, ҳар бир килограмм учун 0,2 доллардан кам бўлмаган божхона тўлови ставкаси қўлланган. Албатта, мамлакат ҳукуматининг мазкур қарори истеъмолчилар учун жуда ижобий аҳамият касб этди, чунки, Ўзбекистон иқлим шароити туфайли юқоридаги рўйхатга киритилган меваларнинг аксарият қисмини етиштира олмайди.

Шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда авокадо бугунги кунга қадар мамлакат супермаркетларида  доналаб сотилган ва сотилмоқда.

Божхона божларининг нолга туширилиши натижасида 2021 йилнинг ноябрь ойи бошидан декабрь ойи охирига қадар Ўзбекистонда авокадонинг чакана нархлари 1 донаси учун ўртача 24 000 сўмдан 18 000 сўмгача, яъни, 25 фоизга пасайган. Бу ўринда Ўзбекистонда энг кўп сотиладиган ва жаҳон бозорида арзон саналадиган яшил рангдаги авокадо навлари ҳақида сўз бормоқда.

2022 йилнинг биринчи ойларида эса жаҳон авокадо бозорида нархларнинг кескин тушиб кетиши рўй берди. Жаҳондаги энг йирик авокадо импортёри бўлмиш АҚШ, EastFruit мутахассислари қайд этганидек, Мексикадан ушбу маҳсулот импортини таъқиқлади. Мексика эса ўз навбатида, жаҳондаги энг йирик авокадо экспортёри ҳисобланади. Мексикадан АҚШга жами авокадо экспорти тахминан 3 миллиард долларни ташкил қилади, АҚШ импорт қиладиган жами авокадо бўйича Мексика улуши эса тахминан 90 фоизни ташкил қилади.

«АҚШда шундоқ ҳам авокадонинг рекорд даражадаги юқори нархлари, шунингдек, йилнинг шу даврида ушбу мевага бўлган талабнинг юқори даражаси фонида энг йирик етказиб берувчи давлатдан импорт тўхтатилгани, шубҳасиз, мамлакат супермаркетлари пештахталарида ушбу турдаги меванинг тақчиллигига олиб келади.  Мексика учун эса жаҳон бўйича денгиз контейнерларининг катта танқислиги шароитида тезлик билан бошқа харидор топиш ва етказиб беришни ташкил қилиш  имконсиздир. Зеро, Мексика АҚШнинг қўшниси ва жаҳондаги барча йирик авокадо етказиб берувчилар Қўшма Штатлардан анча узоқда жойлашган, шу маънода, ҳатто етказиб беришнинг ўзи ҳам, агар уни ташкил қилиш мумкин бўлса, кўп вақт талаб этади», дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Натижада, жаҳон бозорида Мексика авокадоси таклифлари ҳажми кўпайиб кетди ва Мексика авокадосининг таклиф нархлари кескин пасайди, АҚШда эса бу маҳсулот тақчиллиги юзага келди ва нархлар кўтарилиб кетди.

Ўзбекистонга қайтадиган бўлсак, 2022 йилнинг январь ойи бошидан февраль ойи ўрталарига қадар авокадонинг чакана нархлари 1 донаси учун 18 000 сўмдан 8800 сўмгача, яъни, 2 баробар пасайди. Шуни қайд этиш жоизки, EastFruit мутахассисларининг маълумотларига кўра, 8800 сўмдан авокадонинг «Hass» нави сотилмоқда.

Шундай қилиб, 2021 йилнинг ноябрь ойи бошидан 2022 йилнинг февраль ойи ўрталарига қадар икки омил – импорт учун божхона божларининг нолга туширилиши ва АҚШ томонидан Мексика авокадоси импортига таъқиқ қўйилгани туфайли Ўзбекистонда ушбу маҳсулотнинг чакана нархлари 1 донаси учун 24 000 сўмдан 8800 сўмгача, яъни, камида 2,7 баробар пасайган. Бошқача айтганда, бор-йўғи 3,5 ой ичида Ўзбекистонда энг қиммат мевалардан бири саналган авокадо қарийб 3 баробар арзонлашган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин