EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, 2022 йилда Ўзбекистондан Хитойга гилос экспорти ҳажми рекорд даражада пасайди. Ўзбекистондан Хитойга гилос экспорти истиқболлари ва Хитой гилос импорти бўйича жаҳонда етакчи эканлиги, Ўзбекистон эса ушбу мевани Хитойга экспорт қилишга рухсатномаси бор жаҳондаги кам сонли мамлакатлардан бири эканлиги ҳақидаги хабарлар доимий келиб туришига қарамасдан шундай бўлди.
2022 йилда Хитой Ўзбекистондан расман атиги 3 тонна гилос импорт қилган. Бу 2022 йилда Ўзбекистондан гилос экспорти умумий ҳажмининг атиги 0,01 фоизини ташкил этади. Тўғри, 2022 йилги мавсумда Ўзбекистонда гилос ҳосилининг кескин камайиши сабаб, мамлакатдан ушбу маҳсулот экспорти ҳажми ҳам кескин камайди. Бироқ, гап гилос ҳосили ҳажми ҳақида эмас. Зеро, Ўзбекистонда гилос йиғим-терими, шунингдек, экспорт ҳажми бўйича рекорд кўрсаткич қайд этилган ўтган 2021 йилда ҳам Хитойга экспорт ҳажмининг 0,02 фоизга яқини ва умумий ҳосилнинг атиги 0,007 фоизи етказиб берилган. Яъни, деярли ҳеч нарса экспорт қилинмаган.
Бундан ташқари, 2019 йилда биринчи бор 600 тоннага яқин сархил гилос экспорт қилинганидан сўнг Ўзбекистондан Хитойга гилос экспортининг пасайиш тенденцияси кетма-кет учинчи йил кузатилмоқда. Ҳатто 2018 йилда ҳам экспорт 2022 йилга нисбатан бир неча баробар кўп бўлган эди. Бошқача айтганда, Ўзбекистондан ушбу меванинг импорти бўйича жаҳонда етакчи мамлакатга энг оммабоп ва қиммат мева турини етказиб беришда барқарор регрессия кузатилганини қайд этиш мумкин.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон олти ой ичида 2022 йилги ҳосилдан рекорд ҳажмда сархил хўраки узум экспорт қилди
“Афсуски, Ўзбекистондан гилос экспортини диверсификация қилиш йўлидаги асосий тўсиқ – маҳсулот сифатининг пастлиги, бошқача айтганда – жаҳон бозорида Ўзбекистон гилосининг сифати паст дея қабул қилинишидир.
Ўзбекистонда гилос етиштиришнинг кўпайиши, энг аввало, жаҳон миқёсида талабгир ҳисобланган йирик калибрли гилос етиштиришнинг кўпайишига олиб келмади. Маҳсулотга қўшимча ишлов бериш ва саралаш тизимида ҳам сезиларли яхшиланиш йўқ, чунки мамлакатда гилоснинг асосий ҳажми жуда иссиқ ҳавода, қўлда сараланади. Бу эса уни узоқ масофаларга етказиб бериш эҳтимолини анча камайтиради”, дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
“2022 йилда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида гилос боғларига саёҳатлар чоғида суғориш ва ўғитлаш тизимларининг қуввати етарли эмаслиги билан боғлиқ кўплаб муаммоларни аниқладик, бу эса дарахтлар бериши мумкин бўлган ҳосилни олишга имкон бермайди. Лекин энг муҳими, мазкур муаммолар етиштирилаётган гилос кичик калибрли эканлигининг асосий сабабларидан бири бўлиб, харидор назарида бу меванинг қийматини кескин пасайтиради. Шунингдек, Ўзбекистонда хорижий навлар учун чанглатувчилар, зараркунандалар ва касалликдан ҳимояловчи воситаларни, бозор учун энг истиқболли навларни танлашда жиддий муаммолар мавжуд. Шу сабабли, асосий экспорт бозорларининг жиддий иқтисодий муаммолари ва Туркиянинг ушбу бозорлардаги кучли позицияси фонида гилос етиштириш йўналишининг технологик даражасини тубдан оширмасдан, маҳаллий боғбонлар яқин йилларда гилос сотишдан тушадиган даромадларинг жиддий пасайишига дуч келиши мумкин”, дея қайд этди эксперт.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!